Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Япония Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимига навбатдаги грантни ажратди

Япония Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимига навбатдаги грантни ажратди

Япония ҳукумати «Кичик миқёсли ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам» дастури доирасида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимига 270630 АҚШ долларига тенг грант ажратди. Грант маблағи учта лойиҳага йўналтирилиши кутилмоқда.

20 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган грант шартномаларини имзолаш маросимида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримов ҳамда Япониянинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма иштирок этди.

«Дунё янги турдаги коронавируснинг мисли кўрилмаган инқирозини босқичма-босқич енгиб келмоқда. Бироқ юқори сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш тобора долзарб масалага айланмоқда. Япония бундан кейин ҳам Ўзбекистондаги ёрдамга муҳтож инсонларга кўмаклашишга салмоқли ҳисса қўшишда давом этади. Бугун имзоланган учта шартнома ҳам Марказий Осиёнинг юрагида жойлашган Ўзбекистон билан япон халқининг дўстлиги ифодасидир», – деди Ёшинори Фужияма.

Дипломат грант битимларини имзолаш икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллигига тўғри келганига эътибор қаратган.

Япония элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, грант маблағи Қорақалпоғистон Республикаси Нукус тумани тиббиёт бирлашмаси (90650 доллар), Бухоро вилояти Пешку тумани тиббиёт бирлашмаси (90000 доллар) ҳамда Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги 17-сонли оилавий поликлиникани (89980 доллар) тиббиёт ускуналари билан таъминлашга йўналтирилади.

Юртимизда Кунчиқар ўлка кўмагида соғлиқни сақлаш, таълим ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида юзлаб лойиҳалар амалга оширилган.

Жорий йил август ойида Япония ҳукумати иқтисодий ва ижтимоий тараққиётга беғараз кўмак кўрсатиш дастури доирасида Ўзбекистонга  умумий қиймати 500 млн иенани (қарийб 4,6 млн доллар) ташкил этувчи тиббий-диагностика ускуналари тақдим қилди.

Жорий йил февраль ойида эса Япония элчиси Ёшинори Фужияма ҳамда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев Қорақалпоғистон тиббиёт институти қошидаги клиникада хизмат сифатини оширишга қаратилган лойиҳа бўйича Алмашув нотасини имзолади. Лойиҳа доирасида муассасага 794 миллион иена (7,35 миллион доллар) миқдорида тиббий ускуна ва ўқув материаллари етказиб берилиши кўзда тутилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг