Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Япония хатарли оғуга қарши кураш учун Марказий Осиёга 4,1 миллион доллар кўмак ажратмоқда

Япония хатарли оғуга қарши кураш учун Марказий Осиёга 4,1 миллион доллар кўмак ажратмоқда

Элчи Ё.Фужияма ҳамда БМТ тузилмаси вакили А.Миттал.

Фото: Япония элчихонаси

17 февраль куни Тошкентда Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма ҳамда БМТнинг наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси минтақавий вакили Ашита Миттал умумий қиймати 471 миллион иенага (тахминан 4,1 миллион доллар) тенг алмашув нотасини имзолади.

«Марказий Осиё чегаравий ҳамкорлик идоралари фаолиятини кучайтириш орқали минтақада трансчегаравий ҳамкорликни кенгайтириш» лойиҳаси доирасида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Туркманистонга наркотрафикка қарши кураш мақсадида замонавий ускуналар етказиб берилади. Бундан ташқари, лойиҳа доирасида гиёҳвандликка қарши кураш бўйича минтақа давлатлари мутахассисларининг малакаси оширилади.

«Марказий Осиё опиум ва героин учун хомашё ҳисобланган кўкнори ишлаб чиқарадиган дунёдаги энг йирик давлат – Афғонистон билан чегарадошдир. Минтақа Афғонистон билан боғлиқ бўлган гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланмасига маршрут ўлароқ хизмат қилади» – дейилади Япониянинг Тошкентдаги элчихонаси хабарида.

Қайд этилишича, Афғонистондан ноқонуний йўллар билан гиёҳвандлик моддаларини сотиш хавфи сақланиб қолмоқда. Бу эса минтақа мамлакатларининг чегара назоратини янада кучайтиришни тақозо этади. 

Япония ҳукуматининг беғараз ёрдами асосида амалга татбиқ этиладиган лойиҳа чегара назоратини мустаҳкамлаш, наркотикларга қарши кураш ва Марказий Осиёнинг беш давлати ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда. Пировард мақсад эса минтақа барқарорлиги ва ижтимоий-иқтисодий ривожига ҳисса қўшишдан иборатдир.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 1 февраль куни Япония  элчиси Ёшинори Фужияма ҳамда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев Қорақалпоғистон тиббиёт институти қошидаги клиникада хизмат сифатини оширишга қаратилган лойиҳа бўйича Алмашув нотасини имзолади. Лойиҳа доирасида мазкур тиббий муассасага 794 миллион иена (7,35 миллион АҚШ доллари) миқдорида тиббий ускуна ва ўқув материаллари етказиб берилиши кўзда тутилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг