Японияда «Ўзбекистон маданияти кунлари» бўлиб ўтмоқда
Японияда «Ўзбекистон маданияти кунлари» бошланди — Токио шаҳридаги мингга яқин ўринга эга «Гинза» саройида унинг доирасидаги тадбирларининг очилиш маросими ўтказилди.
«Ўзбекистон маданияти кунлари» тадбирларининг очилиш маросимига бағишланган концерт дастурида мамлакатимизнинг таниқли санъаткорлари иштирок этди.
«Японияда «Ўзбекистон маданияти кунлари» — нафақат маданий ҳаётимиздаги муҳим воқеа, балки Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳурматга асосланган алоқаларнинг яна бир ёрқин ифодасидир. Ўзбекистон ва Япония халқларини қадимий тарих, бой маданият, анъаналарга садоқат ва келажакка ишонч бирлаштириб туради. Икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар йилдан-йилга мустаҳкамланиб, сиёсий, иқтисодий ва, айниқса, маданий соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида, жамият ҳаётининг барча соҳалари ривожланмоқда ҳамда Ўзбекистон очиқ ва замонавий давлат сифатида дунёга янада танилиб бормоқда.
Маданият ва санъат соҳасига қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли, миллий маданиятни асраб-авайлаш, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва халқаро маданий алоқаларни кенгайтириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланган. Бугунги «Ўзбекистон маданияти кунлари» тадбири ана шу сиёсатнинг амалий натижаларидан биридир», — деди Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков нутқи давомида.

Концертда халқ артистлари — Муножат Йўлчиева, Зулайҳо Бойхонова, Гулсанам Мамазоитова, хизмат кўрсатган артистлар — Илёс Арабов, Абдурашид Йўлдошев, Юнус Ражабий номидаги «Мақом» ансамбли хонандалари, «Тумор» рақс ансамбли раққосалари, «Ниҳол» мукофоти совриндори Умид Исроилов, «Зулфия» номидаги давлат мукофоти совриндори Шаҳноза Ёқубжонова, Ўзбекистоннинг Япониядаги маданият элчиси Машу Комазаки ва бошқалар иштирок этишди.


«Ўзбекистон маданияти кунлари» доирасида санъат усталари иштирокида концерт дастурлари, фотокўргазма ҳамда бир қатор расмий учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter