Япониялик фазогир Ойни забт этишга тайёрланмоқда
Япония ўз астронавтларидан бирини Ойга амалга ошириладиган Artemis миссиясига тайёрламоқда. Агарда бу юз берса, япон фазогири Ойга қадам қўйган америкалик бўлмаган илк фуқаро бўлади.
Ушбу келишув Япония бош вазири Фумио Кисиданинг АҚШга расмий ташрифи доирасида Вашингтонда президент Жо Байден билан учрашувда эълон қилинди.
Аввалроқ Оқ уй маъмурияти Artemis дастури доирасида халқаро фазогирларларни Ойга учириш мақсадларини эълон қилганди. Япониялик фазогир ушбу миссияда нечанчи навбатдалиги ҳозирча номаълум.
Artemis II миссияси 2025 йилнинг сентябрига мўлжалланган бўлиб, экипаж командири вазифаси канадалик астронавт Жереми Ҳансенга топширилган. У ва NASAнинг уч нафар фазогири Ойга Orion кемасида бошқариладиган парвозни амалга оширадилар (улар Ойни айланиб, қўнмасдан, ерга қайтади. Парвоз давомийлиги — 10 кун). «Ойга қайтиш» режасида, шунингдек, Европа фазовий агентлигининг уч нафар, Канада фазовий агентлигининг бир нафар астронавтини учириш кўзда тутилган.
Artemis III миссияси эса 2026 йилга белгиланган. Миссия Apollo дастуридан бери одамларни Ойга қайтариш борасидаги илк қадам бўлиб, агар муваффақиятли амалга ошса, илк аёл киши ва илк афроамерикалик (иккиси ҳам АҚШ фуқароси) Ойга қадам қўяди. Япон астронавти келгуси парвозларда Ойга бориб қўниши режалаштирилган илк халқаро вакил саналади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter