Йил якунига умумий инфляция 8 фоизга яқин даражада шаклланиши кутиляпти – МБ

2025 йилнинг I чорагида жорий шаклланган умумий инфляция аввал прогноз қилинган даражасидан сезиларли тезлашган.
Марказий банк ахборотномасида қайд этилишича, бунда, таклиф омилларининг оширувчи босимлари кучайиши фонида талаб омилларининг жонланиши келгуси чоракларда инфляция даражасининг пасайиб бориши прогнозларда белгилангандан кўра секинроқ кечиши бўйича кутилмаларни юзага келтирмоқда.
Янгиланган прогнозларга кўра эса жорий йил якунига умумий инфляция 8 фоизга яқин даражада шаклланиши кутилмоқда.
Март ойида аҳолининг инфляцион кутилмалари ўтган ойга нисбатан 1,1 фоиз бандга пасайиб, 14,2 фоизга, тадбиркорлар кутилмалари 0,8 фоиз бандга секинлашиб, 13 фоизга тенг бўлди.
Ёқилғи ва энергия таъминоти яхшиланиши ҳамда алмашув курсининг нисбатан барқарор шаклланиши таъсирида аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари март ойида пасайишига қарамасдан жорий инфляция кўрсаткичларидан юқори даражада сақланиб қолмоқда. Келгусида нархларга оширувчи босим кўрсатиши мумкин бўлган асосий омиллар сифатида коммунал хизматлар, ёқилғи ва энергия ресурслари қимматлашиши, валюта курси ўзгариши ҳамда транспорт харажатлари ошишини таъкидлаганлар кўпчиликни ташкил этган бўлсада, уларнинг улуши аввалги ойга нисбатан бироз камайган.
Қайд этилиша, нархларга таклиф омилларининг оширувчи таъсирлари сақланиб қолиши билан бир қаторда сўнгги ойларда талаб омилларининг жонланиши инфляциянинг ошишига ҳисса қўшмоқда. I чорак якунига кўра умумий инфляция даражаси ўтган йилнинг декабрига нисбатан 0,5 фоиз бандга ошиб йиллик 10,3 фоизга тенг бўлган. Ушбу ўзгариш асосан озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳи инфляциясининг тезлашиши ҳисобига юз берган бўлса-да, хизматлар гуруҳи инфляциясининг умумий кўрсаткичга таъсири энг юқорилигича сақланиб қолмоқда.
Ноозиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳи инфляцияси чорак давомида нисбатан барқарор даражада шаклланди. Мева ва сабзавотлар нархларининг пасайиши об-ҳаво билан боғлиқ мавсумий омиллар таъсирида аввалги чоракка нисбатан секинроқ кечди. Тартибга солинадиган нархлар инфляцияси эса 2024 йилда нархлари оширилган айрим турдаги коммунал хизматларнинг оширувчи таъсирлари чиқиб кетиши ҳисобига сўнгги ойлардаги пасаювчи динамикасини сақлаб қолди ва чорак якунида йиллик 35,6 фоизгача пасайди. Базавий инфляция умумий инфляциядан тезроқ ўсиб, март ойида 8,1 фоизга етди ва 2023 йил декабридан буён энг юқори даражасига кўтарилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter