Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ёшлар билан ишлаш тизими янги босқичга кўтарилади

Ёшлар билан ишлаш тизими янги босқичга кўтарилади

Президентнинг “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизими самарадорлигини оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони (ПФ–163-сон, 10.09.2025 й.) қабул қилинди.

Фармоннинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланган:

  • ёшлар муаммоларини индивидуал ва манзилли ҳал этиш орқали ёшлар етакчилари фаолияти самарадорлигини ошириш;
  • ёшларнинг касбий қизиқишларини барвақт аниқлаб, уларни меҳнат бозорига рақобатбардош кадр сифатида тайёрлаш.

Фармон билан ёшлар етакчиларининг асосий вазифалари белгиланди:

  • ёшларнинг ўз кучига ишончини ошириш ва жамият учун фойдали лойиҳаларни маҳалла даражасида амалга ошириш;
  • иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, “Беш ташаббус олимпиадаси”ни кенг тарғиб қилиш;
  • ёшларнинг тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш орқали уларнинг бандлигига кўмаклашиш;
  • “Ёшлар дафтари”даги ёшларга ёрдам кўрсатишда ижтимоий ҳамкорлик тамойилига таяниш.

Ёшлар етакчиларига асосий вазифаларга алоқаси бўлмаган қўшимча топшириқларни юклаш тақиқланади.

“Маҳалла еттилиги” ва таълим муассасалари биргаликда ёшларни, айниқса мактаб битирувчиларини қўллаб-қувватлаш тизимини йўлга қўяди. Муаммоли ўқувчиларни ҳар ойда аниқлаб, уларнинг қизиқишларига мос йўналишларда ривожланиши учун ёшлар етакчилари ва маҳалла раисига маълумот тақдим этилади. Шунингдек, маҳаллаларда устоз-шогирд тизими ташкил этилиб, ёшларнинг фан, ахборот технологиялари, спорт ва китобхонликка қизиқиши кучайтирилади.

2026 йил 1 февралгача “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар портали” негизида “Ёшлар ягона электрон платформаси” яратилади. Унда ёшлар ҳақидаги ягона маълумотлар базаси – “Ёшлар баланси” шакллантирилади. Қизиқишларини ўрганиш бўйича сўровлар ўтказилади ва автоматик таҳлил қилинади. Ёшларга имтиёз ва имкониятлар ҳақида маълумот тақдим этилади.

2026 йилдан ижтимоий ёрдам учун ариза бериш ва қарор қабул қилиш жараёнлари my.gov.uz ҳамда ёшлар платформаси орқали амалга оширилади.

2026 йилдан бошлаб ҳар йили 30 июнь – Ёшлар куни арафасида Ёшларга оид давлат сиёсатининг миллий маърузаси эълон қилинади.

Ушбу фармон маҳалла даражасида ёшлар билан ишлашнинг янги, тизимли ва самарали механизмларини жорий этиб, уларнинг билим, касб ва ҳаётий йўлини қўллаб-қувватлашда муҳим қадам бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг