Юракни кемирган виждон азоби
Таҳририят почтасида баъзан шундай мактублар ҳам бўладики, ўқисанг аъзои баданинг жимирлаб кетади. Ҳали шу чоққача бировга кўнглини очмаган, бошига не келса ичига ютиб, сирини яқин кишисидан ҳам яшириб келаётган қиз, ғўрлиги боис ҳаёт чорраҳаларида йўлини йўқотган йигит, сабабсиз хўрланишлардан адойи тамом бўлаётган келинчак, икки ўт орасида ёнаётган муштипар она, шайтон васвасасига учган ота ва бошқалар дардини шундай тўкиб солишадики, эътибор бермасликнинг, баъзан эса муносабат билдирмасликнинг иложи йўқ. Аммо мактублардаги сирларни ошкор қилиш одобдан эмас.
Шундай деймиз-у, бошқа бир мулоҳаза ҳам бор-да. Адашаётганлар озми? Кўриб-билиб туриб ўз бахтларига ўзлари зомин бўлаётганлар, тўғри йўлдан бурилиб, ота-она шаънига гард юқтираётганлар камми? Кам эмас. Шундай экан, адашганларнинг тазаррулари кимгадир сабоқ бўлиши мумкин-ку.
Мана, Марғуба исмли қиздан келган тазарру мактубларидан бири.
«Ҳурматли таҳририят! Дунёда виждон азобидан оғир дард йўқ экан. Бу дард юрагимни кемиради, туриб-туриб ўзимга ўзим хунук кўриниб кетаман. Бир лаҳзалик ҳавас деб шу кунларга қолдим. Талабалик йиллари вилоятда яшайдиган Раъно исмли дугонамнинг уйига борган эдик. Мен билан бирга яна учта қиз тоғ ёнбағрида жойлашган қишлоқда меҳмон бўлдик.
Учинчи куни шаҳарга қайтамиз деб турганимизда, қўшни маҳаллада тўй бўлиб қолди. Раънохон тўйни ўтказиб кетайлик, деб туриб олди. Тўй яхши ўтди. Урф-одатлари бошқача экан, кўриб роса яйрадик. Раънохонга қўшилиб унча-мунча юмушларига қарашвордик. Мен ювилган бир даста ликопчаларни кўтариб хоналардан бирига кирган эдим, кўзим токчада турган тилла тақинчоқларга тушиб қолди. Ёқут кўзли узук, балдоқ. Узукни ҳавас қилиб, бармоғимга тақдим. Бирам ярашдики! Ўшанда хаёлимда ёмон фикр йўқ эди. Шунчаки ҳавасим келиб таққандим. Ўқишимни тугатиб олсам, мен ҳам келин бўламан, мана шунақа узук тақаман, деб ўйлагандим.
Шу пайт хонага кимдир кириб қолди. Узукни бармоғимдан чиқаза олмадим. Ноилож қўлимни яшириб, қўшни хонага чиқдим. Пайт пойлаб туриб жойига қўймоқчи бўлдим, аммо у ерга эркак меҳмонлар кириб ўтириб олишди. Нима қилишимни билмайман. Биров кўриб қолса, бу қиз ўғри экан, дейди деб, узукни сумкачамга солдим. Ичим тўла ваҳима. Ҳамма худди мени зимдан кузатаётгандек бўлаверди. Раънохон келиб, «Ҳа, ўртоқжон, чарчаган кўринасан, хоҳласанг, сингилларим билан тепаликка чиқиб айланиб келинглар», деди. Мен «Йўқ, чарчаганим йўқ», дейман, аммо ўзимнинг овозимни ўзим танимайман.
Кечқурун поездга чиқишимиз керак. Кечгача бир амаллаб жойига қўяман, деб ўйладим. Иложи бўлмади. Тушдан кейин ҳаммамиз дугонамникига қайтиб келдик. Ҳадеб сўрайверишганидан кейин, бошим оғриб қолди, дейишга мажбур бўлдим. Тошкентда аҳволим ёмонлашди. Ҳаммадан ҳадиксирайдиган, икки киши бир чеккада шивирлашаётган бўлса, улар худди менинг ғийбатимни қилаётгандай туюлаверди. Ранг-рўйимга қараб бўлмайди. Бу орада онам касалланиб ётиб қолдилар. Оилада ёлғиз қиз бўлганим учун, ўқишим ҳам кўзимга кўринмай, олдиларида ўтирдим. Яратганнинг иродаси экан, бир ойга етиб-етмай оламдан ўтдилар. Дугоналарим кўнглимни кўтаришади, ҳол-аҳвол сўрашади, мен бўлсам уларнинг кўзига ҳадик билан тикиламан. Кейин...
Раънохон уйига бориб келди. Хаёлим унда, оғзини пойлайман. Кўзига қарайман. Неча бор бўлган гапни шартта айтиб, ўзимни оқлаб олай дейман-у, қўрқаман. Узук кўзимга балодек кўринади, қаерга яширишни билмайман. Олтин девордаги Мўмин бувадай, ҳали у ерга, ҳали бу ерга яшираман. Охири битта ишонган ўртоғимга кўрсатиб (у бошқа олийгоҳда ўқирди), «Шу омонат сизда туриб турсин», дедим. Хўп, деб олиб кетди. Кейин билсам, яна хато қилган эканман. Ўша ўртоғим бир куни келиб: «Дугонажон, мени кечир, узукни йўқотиб қўйдим», деса бўладими! Тилимни тишлаб қолавердим.
Бир куни хонада уч-тўрт қиз чой ичиб ўтирган эдик, кимдир Раънохонга: «Баҳорда яна тоққа борайлик, ўртоқжон!» деб қолди. Раънохон худди шу гапни кутиб тургандай, «Э, қўйсаларинг-чи, Алижон овга чиқди, кетидан ғавғо чиқди», деса бўладими! Юрагим шув этиб кетди. Бир нимани баҳона қилиб аста ташқарига чиқдим. Бу ерда ортиқ қола олмаслигимга кўзим етди...
Хуллас, узук йўқолди, ўқишим расво бўлди, номим булғанди. Оилам бор, иккита шириндан-ширин қизалоқларга онаман. Аммо никоҳ узугини қўлимга олдим дегунча баданим музлаб кетади. Виждон азоби ҳали-бери мени тинч қўймайдиганга ўхшайди. Жон акажонлар, айтинглар, нима қилсам, бу азобдан қутуламан...»
Ўйлаб-ўйлаб, ушбу мактубни эълон қилишга қарор қилдик. Газетада босилиб чиқди. Биз унда ҳар икки синглимизга ҳам тўғри маслаҳатлар бердик. Аммо на хат муаллифидан ва на Раънохондан садо бўлди...
Орадан бир неча йил ўтгач, янги йил муносабати билан таҳририятга келган табриклардан бирида: «Таҳририят аъзоларини янги йил билан табриклайман. Тўғри маслаҳат берганингиз учун сизларга раҳмат! Ҳаммаси жойида, азобдан қутулдим. Синглингиз Марғуба», деган сўзларга кўзим тушди-ю, кўнглим хотиржам бўлди.
«Сиз ёзмаган китоб»дан


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter