«Замдекан воқеаси» биринчиси эмас: зўравонлик билан боғлиқ ҳолатлар тарихи
Аёлларга нисбатан жинсий тажовуз билан боғлиқ ҳолатлар бутун дунёда учрайди. Бундай ҳолатларни мунтазам мониторинг қилувчи йирик ташкилотлар, аёллар ҳуқуқлари билан шуғулланувчи минглаб уюшмалар бор. Қачондир чет элларда оммага ошкор қилинган ва катта шов-шув кўтарган воқеалар Ўзбекистонга ҳам кириб келганига анча бўлди.
Қачондир бу каби воқеалар қаттиқ сир тутилган, ошкор қилинишидан ҳар икки томон манфаатдор бўлмаган. Ҳатто жиноят иши қўзғатилган тақдирда ҳам тергов ва суд жуда махфий тарзда ўтказилган. Қонунчиликда бу борада айтарли ўзгариш бўлмаган бўлсада, ҳар қандай янгиликнинг интернет орқали яшин тезлигида тарқалиши ва ижтимоий тармоқларда фаол муҳокама қилиниши вазиятни ўзгартириб юборди. Ҳозир жуда кўпчилик фикрича, жинсий тажовуз билан боғлиқ жиноятлар ҳаддан ташқари кўпайиб кетган. Аслида бутун дунё бўйлаб бу каби жиноятларни қайд қилиш сони кўпайган бир пайтда, жиноятларнинг умумий сони камайиб бормоқда. Яъни амалда зўравонлик камаймоқда, лекин бу каби ишлар очилиши, қайд этилиши кўпаймоқда.
Зўравонлик камайишининг ҳам объектив ва субъектив сабаблари бор:
- Бутун дунё бўйлаб эркак-аёл муносабатларида эркинлик кучайиб боряпти;
- Замонавий технологиялар ўзаро мулоқотга катта қулайликлар яратиб беряпти, яъни тўсатдан фикр ўзгариб, зўрлашга эҳтиёж камайяпти;
- Зўравонликни сир сақлаш тобора қийинлашяпти, жазо муқаррарлиги принципи иш беряпти.
Куни кеча ошкор бўлган ва омма орасида кескин муҳокама қилинаётган декан ўринбосари ва талаба воқеаси ҳам бу каби шов-шувларнинг навбатдагиси бўлди. Бундан олдинги ҳолатларда ижтимоий тармоқлар турли фикрлар билан тўлган, якунлар эса кутилмаган бўлганди.
Мустаҳкам воқеаси
Бундан роппа-роса бир йил муқаддам Самарқанд шаҳрида яшовчи келинчак – Мустаҳкам Ваҳобова иши жамоатчилик диққат марказига чиққанди. Келин бўлиб тушган уйида шафқатсизларча калтаклангани кўринган видеолавҳа тарқалганидан кейин жамоатчилик жунбушга келган, тегишли ташкилотлар ҳам тезкор ҳаракатлар қилишганди.
Вақт ўтиб Мустаҳкамнинг эри судланди ва 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Аммо маълумотларга қараганда кейинги инстанция судида айбдорга шартли жазо берилган ва айни пайтда эр хотин бирга яшашмоқда.
«5 киши зўрлаган келинчак»
2021 йилнинг май ойида бўлиб ўтган воқеа ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Андижонлик келинчак ўзининг 5 эркак томонидан зўрланганини маълум қилган ва тегишли ташкилотлар бу бўйича текширув бошлаган. Воқеа аста-секин қўшимча тафсилотлар билан бойий бошлади, ҳатто зўрлаганлар сони 7 киши бўлгани, улар ҳайит куни маст ҳолатда шу ишни қилганликлари жамоатчиликнинг баттар ғазабини қўзғади.
Аммо вақт ўтиб, тергов якунига кўра аслида бу туҳмат эканлиги маълум бўлди. Тергов жараёнида келинчак уни ҳеч ким зўрлаб номусига тегмаганини, айрим шахслар моддий манфаатдор бўлиш эвазига уни зўрлаб номусига теккани ҳақида ариза ва кўрсатма беришга мажбур қилганини, агарда ушбу кўрсатмани бермаса турмуш ўртоғи билан бирга яшаттирмасдан, ажратиб юборишлигини айтганлиги сабабли, иложсизликдан ёлғон кўрсатма берганлигини маълум қилган.
Туҳмат учун қандай чора кўрилганига оид маълумот берилмаган.
Жасур Умиров ва янги оила
Хонанда Жасур Умировнинг вояга етмаган қиз билан жинсий муносабатга киришгани, кейинчалик қиз ва унинг яқинлари хонанда бу ишга қизни мажбурлаганига оид сўзлари акс этган мақола дастлаб Kun.uz сайтида эълон қилинганди. Унда лицей ўқувчиси бўлган қиз унинг номусига текканларга нисбатан чора кўрилмаётганини билдирган. Ўша пайтда шахси сир тутилган эстрада хонандаси бу айбловларни рад этганди.
Кейинчалик, балки жамоатчиликнинг кучли босими остида иш қайта кўриб чиқилди, жиноят иши очмаган ходимлар жазога тортилди ва Жасур Умировнинг ўзи суд ҳукмига кўра 5 йиллик озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинди.
Орадан маълум вақт ўтиб, жабрланувчи Шаҳзода Мўминова ва унинг яқинлари qalampir.uz сайтига берган интервьюларида аслида хонанда қизни зўрламаганини, яқинлик томонларнинг ихтиёрига кўра бўлганлигини айтиб чиқишди. Шу билан бирга улар қамоқдаги Жасур Умировнинг Шаҳзода Мўминовага уйланиш ниятида эканлигини билдирдилар.
Тез орада хонандага нисбатан қўлланган жазо алмаштирилди ва у озодликка чиқарилди. Айни пайтда Жасур Умиров ва Шаҳзода Мўминова бирга яшаётган ёки яшамаётганига оид маълумот йўқ. Шунингдек, хонандага туҳмат қилинган бўлса, унинг учун қандай чора кўрилганига оид маълумот ҳам берилмаган.
Декан ўринбосари ва талаба
Бу каби шов-шувли воқеаларнинг энг охиргиси педагогика институтида содир бўлган декан ўринбосари ва талаба қиз ўртасидаги ҳолат бўлди. Қиз ва онасининг маълум қилишича, «замдекан» қизни хонасига олиб кириб зўрламоқчи бўлган. Қиз ўз дўстини ёрдамга чақирган ва деразадан қочиб чиқмоқчи бўлганида, унинг таърифича, декан ўринбосари қизни пастга итариб юборган. Она ОАВга берган интервьюсида «замдекан» пастга тушиб қизни яна ерга қайта-қайта ургани ҳақидаги тафсилотни ҳам қўшиб қўйди.
Ҳолат жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўлди ва турли хил тахминлар баён қилина бошлади. Муҳокамалар кучайган бир пайтда ИИВ томонидан ҳали суд ҳукми чиқмай, қонуний кучга кирмай туриб, айбсизлик презумпцияси четлаб ўтилиб, декан ўринбосари шахси ошкор қилинган ҳолда бу ишни қилганига оид тафсилотлар видеолавҳа ва матн кўринишида оммага эълон қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter