АЭС атрофидаги провокациялар давом этмоқда
11 август куни кечқурун Россия Қуролли кучлари назорати остидаги Запороже атом электр станцияси устида қуюқ тутун кузатилди. Украина ва Россия томонлари бир-бирини провокацияда айблади.
Россия томонига кўра, Украина Қуролли кучлари томонидан ўққа тутилганидан кейин Запороже атом электр станциясининг совитиш тизимлари иншоотида ёнғин содир бўлган.
Қайд этилишича, жиддий оқибатлар хавфи йўқ. Станцияда радиация нормал даражада.
Украина томони маълумотларига кўра, россиялик ҳарбийлар Запороже атом электр станциясининг совитиш минорасида кўп сонли автомобил шиналарига ўт қўйган.
Бу ҳақда Украинанинг Никопол вилояти ҳарбий бошқармаси бошлиғи Евгений Евтушенко Телеграм-каналида ёзди.
«Руслар совитиш минорасида автомобил шиналарини ёқиб юборишди. Эҳтимол, бу провокация ёки собиқ сув омборининг ўнг қирғоғидаги аҳоли пунктларида ваҳима яратишга уринишдир. Ҳозир Запороже АЭС нормал ишлаяпти», — деди у.
Украина президенти Владимир Зеленский АЭС атрофидаги вазиятга муносабат билиб, ўзининг телеграм-каналида ёнғин акс этган видеони эълон қилди.
«Запороже атом электр станцияси эгаллаб олинган биринчи кундан бошлаб Россия ундан Украинани, бутун Европа ва дунёни шантаж қилиш учун фойдаланмоқда. Биз дунёнинг реакциясини кутамиз, МАГАТЭ муносабатини кутамиз. Бунинг учун Россия жавоб бериши керак. Фақат Украинанинг Запороже станцияси устидан назорати нормал ҳолатга қайтиш ва тўлиқ хавфсизликни кафолатлаши мумкин», — деди президент Зеленский.
Запороже атом электр станцияси 2022 йил март ойи бошидан бери Россия қўшинлари назоратида турибди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter