Захарова яна катта саҳнада! Ўзбекистон ички ишига аралашган дипломат хоним бу гал Руминияга ақл ўргатди
Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Руминия миллий мудофаа стратегияси хусусида мунозарали фикрлар билдириши ортидан яна бир дипломатик можаро келиб чиқди.
12 июнь куни Россиянинг Бухарестдаги элчиси Валерий Кузьмин Руминия ташқи ишлар вазирлигига чақирилди.
Суҳбат чоғи мезбон мамлакат ташқи ишлар вазирлиги Дан Некулэеску рус элчисига Россиянинг Руминия миллий мудофаа стратегиясида алоҳида зикр этилиши ҳайратомуз ҳолат эмаслигини қайд этди. Расмий Бухарестга кўра, Россия томони сўнгги йилларда минтақада беқарорликни юзага келтиришга қаратилган сиёсат юритмоқда. Шу боис Руминия халқаро ҳуқуқ ва Евроатлантика (НАТО) қадриятларига содиқ ҳолда, мудофаа йўлини тутмоқда.
Таъкидланишича, расмий Бухарест Кремль чинакам маънода ўзаро ҳурматга асосланган ҳамкорлик истагида бўлсагина у билан мулоқот қилиши мумкин.
Хўш, Руминия ташқи сиёсат маҳкамаси нимадан норози бўлмоқда?
Гап шундаки, жорий йил 11 июнь куни Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова Руминия миллий мудофаа стратегиясини қабул қилиш орқали минтақада таранглик ва ишончсизлик муҳити юзага келтиришга уринаётганини айтди. Қайд этилишича, янги стратегия Қора денгиз ҳавзасида НАТО ва АҚШ иштирокининг кучайишига олиб келади.
Миллий мудофаа стратегиясида Россия Руминия ва минтақа учун жиддий хавф сифатида талқин этилган. М.Захарова эса, бу жиҳатдан Бухарестни кўчирмакашликда (плагиат) айблади ва Руминия сиёсатдонларида мустақил фикр йўқлигини иддао қилди.
Руминия президенти девони томонидан ишлаб чиқилган миллий мудофаа стратегияси жорий йил 2 июнь куни парламент тасдиғига юборилди. Ҳали расман кучга кириб улгурмаган ҳужжатда Россия Руминия миллий хавфсизлигига таҳдид туғдираётгани таъкидланган. Бунга эса Руминияга қўшни мамлакатларда Россия ҳарбий таъсири оширилаётгани асос ўлароқ кўрсатилган.
Эслатиб ўтамиз, Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова жорий йил май ойида ҳам Ўзбекистонда давлат тилида иш юритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси юзасидан мунозарали баёнот берган эди. Хусусан, дипломат хоним рус тилини Ўзбекистон расмий доираларда тўлалигича сақлаб қолиш мамлакат фуқаролари манфаатларига тўғри келишини даъво қилган эди.
Ушбу иддао кескин эътироз уйғотган ва Ўзбекистон ички ишига аралашув ўлароқ баҳоланган эди. Дарвоқе, ушбу мунозарали баёнотдан кўп ўтмай, М.Захарова Россия президенти томонидан «ташқи сиёсий курснинг реализациясига қўшган ҳиссаси учун» орден билан тақдирланган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter