Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Зўравонлик асосан кимлар томонидан содир этилиши айтилди

Зўравонлик асосан кимлар томонидан содир этилиши айтилди

БМТнинг 1999 йил 17 декабрдаги резолюцияси билан йиллар давомида бир неча давлатларда «16 кун зўравонликсиз!» деб номланган акция ўтказилмоқда.

Шу муносабат билан бугун, 26 ноябрь куни «Wyndham Tashkent» меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда БМТ тараққиёт дастури ҳамкорлигида «Янги Ўзбекистонда оилавий зўравонликни олдини олиш ва оилавий зўравонликдан жабр кўрганларга амалий кўмак бериш: муаммо ва ечимлар» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Тадбирдан кўзланган мақсад — хорижда бу масалада олиб борилаётган тажрибалар билан ўртоқлашиш ҳамда юртимизда амалга оширилаётган ишлар билан иштирокчиларни таништириш.

— Жорий йил 2000 тага яқин ажрашишлар масаласи юзасидан аризалар келиб тушган бўлса шулардан 800 та оилани яраштиришнинг иложи бўлмади. Чунки шу пайтгача оилаларни мажбуран сақлаб қолиш тамойили нохуш ҳолатларни келтириб чиқармоқда, — деди Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи  ўринбосари, хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи полковник Умида Абдуллаева. — Шунинг учун оилани сақлаб қолишга ҳеч қандай имкон бўлмаганда уларни ажратиш мақсадга мувофиқ бўлади. Оилани сақлаб қолишнинг иложи бўлганида эса эр ва хотин билан психолог, ҳуқуқшунос ҳамда тиббиёт ходимлари шуғулланадилар. 

Маълумотларга қараганда, судлар томонидан аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ 2012 та жиноят ишлари кўрилган. Шундан 1629 нафар шахсга нисбатан айблов ҳукмлари чиқарилган.

Эътиборлиси, зўровонлик тоифасидаги жиноятларнинг 80 фоизи ҳеч қаерда ишламайдиган шахслар томонидан содир этилган.

Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова журналистлар ва меҳмонлар томонидан ўртага ташланган саволларга жавоб бераркан: «Гендер тенглик масаласида хориж тажрибасини қўллаш билан бирга менталитетимизга мос бўлмаган, қадриятларимизга тўғри келмайдиган омиллардан фойдаланмаслик мақсадга мувофиқ», деди.

Тадбир доирасида республикамизнинг барча ҳудудларидаги реабилитация марказларининг фаолиятига ҳам тўхтаб ўтилди.    

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг