Мобильное приложение Xabar.uz для Android устройств. Скачать ×

Аброр Зохидов

Кемероводаги фожиа Ўзбекистонда қайтарилмаслигига кафолат борми?

Кемероводаги фожиа Ўзбекистонда қайтарилмаслигига кафолат борми?

Кемереводаги «Зимняя вишня» савдо-кўнгилочар марказидаги фожиа бутун дунёда акс-садо берди. Аянчли тарзда ҳалок бўлганлар сони расман 64 киши деб эълон қилинди. Энг ачинарлиси, уларнинг 41 нафари беғубор болалар эди. Фожиа юзасидан президент Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путинга ва бу давлат халқига таъзия изҳор қилди.

Россия узоқ, ёнғин ҳам бир содир бўлди-да дея хотиржам бўла оламизми? Яратганнинг ўзи асрасин, бундай ҳолатлар бизда содир бўлишининг олди олинганми?

Куни кеча ижтимоий тармоқларда, хусусан «Теlegram» мессенжерида Кемероводаги ёнғин бўйича бир хабар тарқалди. Унда хавфсизлик тўла кафолатланмагунча савдо-кўнгилочар марказларга бормай туриш, келаётган якшанба куни бу масканларни бир кунга бойкот қилиш акцияси эълон қилинди. Албатта, бундай хабарларга ишониш, асоссиз акцияларга қўшилиш ярамайди. Фарзандларини қаерга олиб боришни ҳар бир ота-онанинг ўзи ҳал қилади. Чунки фаровонликнинг яққол рамзларидан бири болаларимизнинг мириқиб ҳордиқ чиқаришлари, бундай кўнгилочар ҳудудларнинг гавжумлигидир.

Аммо Россия фожиаси ҳар биримизни ўйлантириши, эҳтиёткорликка ундаши табиий. Биргина Тошкентнинг ўзида гавжумлиги жиҳатидан «Зимняя вишня» билан бемалол беллаша оладиган ўндан ортиқ маскан мавжуд. Вилоятларда ҳам бир-биридан ҳашаматлилари очилмоқда. Қизиғи, шунча масофа бўлишига қарамай уларда ўхшаш жиҳатлар жуда кўп.

Оддий савол – нега болалар ўйнайдиган майдон одатда энг юқори қаватда қурилади? Ахир фавқулодда ҳолат юзага келганда айнан юқоридагилар, яъни болалар энг қийин вазиятга тушиб қолишмайдими?

Ёки (худо сақласин) ёнғин содир бўлса, болалар қийқириб ўйнаётган ўша майдондан уларни ким, қай тартибда ва неча минутда олиб чиқа олади? Кузатиб турган ёшгина ходимларнинг ўзи биринчи навбатда жонларини сақлаб қолишга ҳаракат қилиб югуришмайдими?

Яна бир жиҳат: Тошкентдаги кўплаб савдо коплекслари эскалаторлари шундай қурилганки, дейлик, тўртинчи қаватдаги болалар майдончасига чиқиш учун, албатта, қолган қаватларни ҳам «сайр» қилишга мажбурсиз. Чунки бир қаватдан иккинчисига кўтарилишда эскалаторлар бинонинг нариги бурчагига жойлаштирилган. Бундан кўзланган мақсад тушунарли —  мижозларни бошқа товарларга ҳам қизиқтириш. Аммо хавфсизлик масаласи-чи? Бу ҳолат бирор кор-ҳол рўй бергудек бўлса, одамларни эвакувация қилишда муаммо туғдирмаслигига ким кафолат беради?

Биздаги тирбандлик Россия шаҳарларидан ошиб кетган. Янада хавфли томони ҳайдовчиларимизда кўча маданияти кўнгилдагидек эмас. Минг марта огоҳлантиришларга қарамай савдо марказлари атрофи ҳамиша тиқилинч бўлади. Кутилмаган вазият содир бўлса, ўт ўчирувчилар етиб келганлари билан бинога яқинлашолмай қолишлари ҳеч гап эмас. Ҳар бир ҳайдовчи шу бинолар ичида ўзининг фарзандлари каби болалар, яқинларидек инсонлар борлигини, уларнинг хавфсизлигини ҳам ўйлаш шартлигини англаб етиши керак.

Яна бир жиҳат – бундай масканлардаги оловдан огоҳлантириш, ўт ўчириш мосламалари қай даражада ишлайди? Профилактика инспекторларининг назорати жиддийми ёки хўжакўрсингами? Текшириш ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида келган нозир кўпинча «атаганларини олиб» қайтиб кетишини ким билмайди?

Кўриб турганингиздек, ўйлаб кўришимиз шарт бўлган саволлар бисёр.

Албатта, бизни ўйлантирган саволлар раҳбарларимизнинг назоратидан четда қолмайди. Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига мувофиқ махсус комиссия тузилди ва 28 март куни комиссия барча йирик савдо-кўнгилочар марказлар, хусусан «Megaplanet», «Samarqand darvoza», «Next» ва «Magnit» масканларида фавқулодда вазиятларда эвакуация масалалари ўрганилди. Мижозларни безовта қилмаган ҳолда ёнғиндан ҳимояланиш ва сигнализация тизимлари текширилди. Тошкент шаҳар ИИББ ЁХБ вазиятни мунтазам назорат қилиб бориши, вақти-вақти билан кутилмаган вазиятларда бинони тарк этиш машғулотлари ўтказиб турилиши белгиланди.

Бундай тадбирларга жиддий қараш лозим. Ёнғин юз берса, ўт ўчирувчилар бизнинг ва фарзандларимизнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун бор кучлари билан ҳаракат қиладилар. Аммо ўзимиз, ҳар биримиз бундай вазиятга тушмаслик, тушганда ҳам зудлик билан чиқиб кетиш чораларини кўришимиз лозим.

Комментарии

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети