Мобильное приложение Xabar.uz для Android устройств. Скачать ×

Анвар Намозов

Бирон марта таваллудини нишонламаган адиб: Тоҳир Малик вафотига 3 йил тўлди

Бирон марта таваллудини нишонламаган адиб: Тоҳир Малик вафотига 3 йил тўлди

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, севимли адиб ва серқирра ижодкор Тоҳир Малик адабиётимизда ўчмас из қолдирди. Устознинг китоблари, ташбеҳлари, маслаҳат-ўгитлари кўплар учун мислсиз хазина бўлиб қолди. Тоҳир ака уч йил муқаддам орамизда эди. У кишининг ҳаёт бўлиб тургани кўнгилга қандайдир хотиржамлик, илиқлик бағишларди. Ҳамкасблар-у, шогирдлар, казо-казо одамлардан тортиб оддий инсонларгача Тоҳир аканинг суҳбатидан баҳраманд бўлиш, панд-насиҳатлари, йўл-йўриқлари, борингки, дуоларини олишга ошуфта эди.

Ҳаёт шундай бепоён уммон эканки, унда биз, ожиз бандалар тирикчилик аталмиш ташвишларга берилиб, яхши инсонларни бир муддат унутиб қўямиз. Бир кун келиб улар дорилбақога рихлат қилишларини биламиз, бироқ ўша фурсат айнан бугун бўлиши мумкинлигини кўпинча хаёлимизга келтирмаймиз.

Туғилмоқ. Яшамоқ. Ўлмоқ. Банда дунёга йиғлаб келади, кейин эса йиғлатиб кетади. Оила аталмиш қўрғонни, яқин одамларни, жигарларни, не-не кўнгилларни ҳувиллатиб кетади. Тоҳир Маликнинг ҳаёт билан видолашуви ҳам шундай бўлган эди...

Устоз билан суҳбатдан

2016 йили Тоҳир ака билан етмиш йиллиги арафасида суҳбат қурганим эсимда (бу «Тоҳир Малик гурунглари» китобидан ўрин олган).

– Тоҳир ака, улуғ ёшдасиз. Яхши кунлар билан бирга ташвишли дамлар ҳам бошингиздан ўтди. Тўй-томошалар қаторида жудоликларга юзма-юз бўлдингиз. Хасталикларни енгишингизга, жарроҳ тиғи танангизни бир неча марта кесишига тўғри келди. Фарзандларингиз, невараларингиз, шогирдлар, дўстлар, мухлисларингиз бор. Сизни миллионлаб одамлар танийди, китобларингизни ўқийдилар. Айтишадики, улуғ ёшга етганда ўтган кунлар бир-бир эсланаверар экан. Ҳаёт аталмиш уммонда сузган дамлар кўз олдидан ўтавераркан. Нима қилиш керак эди-ю, қайси ишга қўл урганидан пушаймон – шулар ҳақида бот-бот ўйлар экан. Устоз, умрингиз узоқ бўлсин, муборак етмишинчи довонингизда хаёлингиздан нелар ўтади?

– Етмишинчи довон ҳақида эсламаганингиз яхши эди, – жавоб берган эди устоз. – Чунки, ўзингизга маълум, камина «туғилган кун», «юбилей» деган гапларни ёқтирмайман. Шу ёшга кириб бирон марта ҳам туғилган кунимни нишонламаганман. Мен учун туғилган кун умрнинг бир йили ўтганини билдиради. Умр ўтганини нишонлаш менга ғалати туюлади. Тўғри, бу одатимни кўпчилик танқид қилади. Умуман, ҳаётда бошқаларнинг ғашини келтирадиган одатларим бор, буни ўзим ҳам биламан. Масалан, мен ҳеч кимга, ҳатто аёлларга гул совға қилмайман. Чунки мен гулни ўз ўрнида чаман бўлиб туришини истайман. Одамлар гулларни узадилар, чиройли қоғозларга ўрайдилар, совға қиладилар, икки-уч кунда гул сўлийди ва ахлатга ташлаб юборилади. Агар гул эҳтиром рамзи бўлса, демак, эҳтиром ахлатга ташланадими?

Етмиш ёш – кексаликни узил-кесил тан оладиган манзил. Лекин бу кексалик олдида мағлуб бўлиш деган гап эмас. Ўтмишда ўтган дониш аҳли борки, барчаси кексалик ҳақида сўз айтиб кетган. Чунки уларнинг ҳар бири кексаликнинг шарбатидан тотиб кўришган. Мана шуларнинг айримлари:

«Ўспиринлик кунлари беқиёсдир. Кексалик унга вақт туманлари орасидан боқишни хуш кўради. Мўйсафид одам шом палласида тонг шафағини орзу қилади». «Қариш кўнгилсиз нарса, аммо узоқ яшашнинг бирдан-бир йўли шу». «Қаришни ҳеч ким хоҳламайди, аммо узоқ яшашни ҳамма истайди». «Қарилик ташвишлари одатдаги ҳаёт ташвишларининг ўзгинаси, фақат унинг кучайган шаклидир». «Қарилик шунинг учун ҳам кўнгилсизки, кексайганда биз фақат шодликдан эмас, балки орзу-умидлардан ҳам маҳрум бўламиз».

Ҳикматларнинг сўнггисига мен қўшила олмайман. Чунки кексалик ёшида орзу-умиддан маҳрум бўлиш бадбинлик касаллигига мубтало қилади. Бадбинлик ўлим сари олиб борувчи йўлни ғоят азобли қилади. Киши ёшидан қатъи назар, орзу-умидлардан узилмаслиги шарт. Камина шу тоифадан.

Исломда ўлимдан қўрқиш кўп тилга олинади. Бу «эртага ўлиб қоламанми?» деган хавотирда яшаш эмас. Пайғамбаримиз салоллоҳу алайҳивассалом, кўчат экаётганингизда қиёмат бошланиб қолса-да, ниҳолни экишга улгуриб қолинг, деб даъват қилганлар. Бу кўпроқ яхшилик қилиб қолишга эришинг, демакдир. Ўлимдан қўрқиш замирида ҳам худди шу маъно яширинган.

Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқнинг бу гапларини мен қалбим тўрида асрайман:

«Ёшлик кўркамлиги гупириб турган гўзал, ёруғ юзлар қани? Шаҳарлар бино қилиб, уларни мустаҳкам деворлар билан ўраган подшоҳлар қани? Жанг майдонларида ғолиб, ғалаба нашидасини сурганлар қани? Замон уларнинг курагини ерга теккизди, қабр зулматларига ошно қилди. Сиз нажотга, нажотга шошилинг! Эй инсонлар! Сиз умрингиз қай замон тугаши ўзингизга номаълум бўлган бир умр ичида кун ва тунларингизни ўтказмоқдасиз. Агар қўлингиздан келса, бу ҳаётингизни яхшилик қилиш билан ўтказинг. Буни ҳам фақат Аллоҳ таолонинг ёрдами билан амалга ошира оласиз. Ажалингиз сиздан ишлаш фурсатини олиб қўймасдан туриб, имкониятларингизни ишга солиб, хайрли амалларга шошилинг. Зеро, ажалларини унутган, яхшиликларини бошқалардан қизғанадиган кимсалар ҳам бордир. Зинҳор улар каби бўлманг. Тезроқ бўлинг, ғафлатда қолманг. Чунки орқангиздан сизга етишмоқ учун тез келаётган ажалингиз бор. Ўлимдан огоҳ бўлинг. Оталардан, ўғиллардан, ака-укалардан ибрат олинг. Яшаётган кишиларга эмас, ўлгандан сўнг улар ортда қолдираётган гўзал нарсаларга ҳавас қилинг».

Аслида нима бўлган эди?

Юқорида тилга олинганидек, Тоҳир Малик кўп марта касал бўлди, шифохоналарга ётқизилди, бир неча марта жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказишга тўғри келди. Кейинги пайтларда ўлим ҳақида бот-бот ўйлайдиган бўлди. Бунинг ҳосиласи ўлароқ, автобиографик йўналишдаги «Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи» китобини ёзди.
Устоз билан қарийб эллик йил умргузаронлик қилган рафиқаси Муқаддас аянинг кўзларида мунг, дард.

– Эсласам, ўртаниб кетаман, – маъюс сўзлайди Муқаддас ая. – Уйимиз жудаям ҳувиллаб қолди. Ўрганган эканмиз-да одамларнинг келишига.

Айрилиқ ёмон экан жуда. Ўша куни яхши эдилар. Ўзи анча яхши бўлиб қолгандилар. Кечқурун овқатландик. Саккиз яримдан ошган эди. Кимдир чақириб келди. Нариги уйда ўтиришди (изоҳ: дарвозадан кираверишда ўнг томондаги уй – А.Н.). Меҳмонларни кузатиб зинадан тушиб келаётганларида хуруж бошланди. Оғриқ кучайиб кетяпти, дедилар. Уколимиз тайёр эди, укол қилишди. Қусиш бўлди. Сафро ташлай бошладилар.
Эрталаб дард жуда кучайди. Поликлиника телефон қилсам, иккала жарроҳ ҳам ишга чиқмаган, бошқалар ҳеч нимани билишмайди. Кейин «грудной»га, врачга қўнғироқ қилдим. Эшитиши билан югуриб келди. Текшириб кўрди-ю олиб кетаман, деди.
У ерда грижаларини операция қилишди. Операция жуда яхши ўтган. Лекин бошқа нарса бор экан-да! Ўпкада тромблар беркилиб қолган экан. Буни ҳеч ким билмаган шу пайтгача. Ҳеч ким бу томонни текширмаган.

Шундан кейин Тоҳир акангиз қимирламадилар. Йигирма кун ётдилар. Мен палатага кираман, имо-ишора билан, олиб кет, дейдилар. Бир оғиз гап бўлмади. Доктор келди, «Тоҳир ака, ҳозир сизни қимирлатсак, нафас ололмай қоласиз», деди. Аппаратни ўчириб кўрсатди. Шу заҳоти нафас олмай, жим бўлиб қоляптилар. Шундан кейин йигирма кунгача бордилар, йигирманчи куни...

Лекин унгача менга гапирдилар, тиллари қимирлаяпти. Докторлар турибди олдимизда, бироқ ҳеч ким тушунмаяпти. Роса кўп гапирдилар ўшанда. Тинмай гапирдилар, лаблар қимирлайди, аммо овоз чиқмайди.

Бу хуружгача яхши бўлиб қолгандилар. Лекин жудаям кўп ухлаётгандилар. Бунча кўп ухлайсиз, ухламас эдингиз-ку, дердим. Ўтириб ҳам, ётиб ҳам ухлардилар. Уйқу кўп бўлди.

Ҳаммаси грижадан. Грижага тегиш керак эмас экан-да! Гуллаб кетадиган тури экан. Яна кўпайиб кетди. Семириб кетмаганлар, ҳаммаси грижа туфайли эди.

Уч кун қолганда амаллаб томографияга туширишибди. Ётган ҳолларида олиб боришган, томирлар беркилиб қолгани аниқланибди. Нафас олишлари қийинлашди.

– Тоҳир ака бир сафар ўн мартадан кўп операция бўлганларини айтган эдилар. Нима эди улар?

– Грижанинг орасида ўт пуфагини олиб ташлашган, бошқа операциялар ҳам бўлди-да. Агар бирданига қилинган иккита-учта операцияни қўшса, ўн мартадан ошиб кетган ҳаммаси.

Кейинги вақтда шундай бўлдики, салгина яхши бўлсалар, иш столига бориб, шуни ёза қолай, деб ўтириб олардилар. Қандайдир бошқача бўлиб қолгандилар. Тезроқ ҳаракат қилиш керак, дердилар. Ҳозир эътибор билан эсласам, кўп нарсаларга белги бериб кетган эканлар. Билганлар...

Ўзларига белги берган. Оғриқ охирги хуруж эди. Аввал ҳам оғриб турарди. Укол олиб қўярдик, хуруж бошланса, дарров укол қилардик, грижанинг хуружига. Оғриқ босиларди. Йўқ, охирги гал босилмади. Укол ҳам таъсир қилмади. «Но-шпа» ичиринглар, дейишди, ичирдик, ҳеч қайси таъсир қилмади. Роса ҳаракат қилдик. Хуллас, ўшандан кейин врачнинг ўзини чақирганмиз. Олиб кетиб, ўзи операция қилди. Аввал ҳам операцияларда қатнашган-да, билади у.

– Муқаддас ая, грижа бир неча йиллик асорат эдими? Ака-укаларда бўлмаганми бу касаллик?

– Йўқ, бўлмаган. Оғирлик кўтарганларидан бўлган. Қурилишда ишлаганлар, биласиз. Уйимизнинг қурилишини ҳам, ҳаммасини ўзлари қилганлар. Секин-секин, мана шу ўтирган уйимизни ўзлари кўтарган. Янги болохона ҳам қурганмиз кейин.

Эсимда, бир ўртоқлари олтмишта хода келтириб берди. Мошинадан ўзлари олиб тушиб, ичкарига киритдилар. Рандалаб-тозалаб қўйдилар. Кейин бу ходаларни битталаб томга олиб чиқдилар. Ўшанда ёшлари элликка бормаган эди. Ҳаракат жуда кучли бўлган. Зўриқиш, оғирлик кўтариш, буларнинг ҳаммаси таъсир қилган.

– Нега ҳеч кимни ёрдамга чақирмаганлар? Қавм-қариндошлар, ҳамкасблар, таниш-билишлар, шогирдлар кўп эди-ку?

– Йўқ, ўзлари секин қилардилар. Ишга бориб келардилар. Мен овқатни сузиб берардим. Тамадди қилиб олгач бошлардилар. Меҳнатнинг ҳаммасини ўзлари қилган.
«Тўзон» номли асарлари тугалланмай қолди.

Ўшанда маъракадан сўнг мен шифохонага тушдим. Тўрт марта ётдим. Операция бўлдим, менинг ҳам юрагимдаги томирлар беркилган экан. Қон босимим икки юздан тушмади. «Тез ёрдам» келади ҳар куни беш-олти марта. Ҳали кетмасдан туриб, яна қон босимим кўтарилади. Яна қайтиб киради. Кейин ахийри кучли дўхтирга учрашдик. Уч кундан сўнг операция қилишди. Шундан кейин, кўз тегмасин, юзга олтмиш юрибман. Операциядан кейин сал ўзимга келдим.

Нима қилай, устозингизни ёддан чиқариб бўлмайди, чиқармайман ҳам. Эсласам, титраб кетаман. Бирор марта уришиб, ҳақорат қилганларида ҳам майли эди. Ҳаётда уришмаганмиз. Бир оғиз қаттиқ гапирмаганлар.

Тоҳир Малик ўзбек адабиётида улкан мерос қолдирди. Унинг асарлари халқ меҳридан жой олди. Китоблари қўлма-қўл бўлиб ўқилди ва ўқилмоқда. Устоз доимо рост гапирди, ростини ёзди. Одамларни яхшиликка, эзгуликка чорлади. Адиб хотираси ҳеч қачон ўчмайди.

 

Комментарии

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети