Мобильное приложение Xabar.uz для Android устройств. Скачать ×

Бахтиёр Шералиев

9-синфлар учун янги биология дарслиги нашрдан чиқди. Лекин у чиндан ҳам янгими?

9-синфлар учун янги биология дарслиги нашрдан чиқди. Лекин у чиндан ҳам янгими?

Фото: «smapse.ru»

Куни кеча бир танишим 9-синфлар учун Биология дарслигининг 2019 йилда чоп этилган «қайта ишланган ва тўлдирилган 5-нашри» чиққанини айтиб, дарсликнинг PDF форматдаги электрон версиясини телеграмдан юборди.

Дарсликни кўриб чиқар эканман у ерда деярли ҳеч қандай янги нарса кўрмадим. Китобда ўзгаришлар бор, лекин бу ўқувчи фойдасига деб айта олмайман. Дарслик 494 082 нусхада чоп этилган. Муаллифлари ўзгармаган. Дарсликни варақлаб қарасангиз ўзгаришларнинг аксарияти косметик ўзгариш эканлигига гувоҳ бўласиз. Ҳар тўрт йилда чоп этиладиган, муаллифлар иддао қилишича «қайта ишланган ва тўлдирилган» янги нашрда бугунги фан янгиликлари умуман жой олмаган, мавжуд маълумотлар янгиланмаган, камида хатоликлар ҳам талайгина.

Тўғриси, дарсликни варақлар эканман, салкам 500 минг нусхада чоп этилган ушбу дарсликни кўриб давлатнинг сарфлаган пулига ачиндим. Дарслик ҳақида фикрларимни батафсил таҳлилий мақола кўринишида ифодалашни ният қилиб қўйдим.

Ҳозирда дарсликнинг экспертизаси билан шуғулланмоқдаман. Ишонасизми, ҳар бир мавзусида илмий жиҳатдан камчиликлар ва хатоликлар чиқмоқда. Улар бир-иккита эмас! Мана нима учун бизнинг биологлар халқаро биология олимпиадаларида ўрин олмайди, мана нима учун бизнинг биологлар ҳамон ўтган аср биологияси қобиғини ёриб чиқиб кета олмаяпти.

Хуллас, ҳозирча ҳукмингизга дарсликдаги бир-иккита камчиликларни ҳавола қиламан. Агар Сиз ҳам шунга ўхшаш камчилик ва илмий хатоликларни пайқасангиз илтимос, @hujayrauz_bot орқали менга хабар беринг. Сиз кўрсатган камчиликларни ёзиладиган таҳлилий мақолада ишлатаман. Мақолани худо хоҳласа Халқ таълими вазирлигининг махсус нашри «Маърифат» газетаси чоп эттирамиз.

9-синф дарслигида учраган камчилик ва илмий хатоликлардан намуналар:

Дарсликнинг 4§ 13-бетида прокариот организмлар амитоз бўлиниш йўли орқали кўпайиши айтилган. Ваҳоланки прокариот организмлар тенг иккига бўлиниш йўли билан кўпаяди. Амитоз бўлиниш ва тенг иккига бўлиниб кўпайш алоҳида-алоҳида жараён, бу ҳақида қуйидаги мақолада батафсил ёзганман.

Худди мана шу параграфнинг 15-16 бетларида кўк-яшил сувўтларини ўсимликлар оламига мансуб деб кетилган. Бу илмий жиҳатдан камчилик эмас, балки катта хатодир! Боиси кўк-яшил сувўтлар деб номланадиган организмлар бактериялар дунёсига мансуб цианобактериялар деб номланган алоҳида тип ҳисобланади. Улар ҳеч қанақасига ўсимликлар оламига мансуб эмас. Наҳотки дарслик муаллифлари бу ҳақида билмаса?!

Дарслик 2019 йилда чоп этилганидан кейин ундаги маълумотлар мавзуга оид энг сўнгги рақамлар, маълумотлар асосида баён этилиши лозим. Масалан, дарсликнинг 6§ 19-бетида Замбуруғлар ҳақида ёзилаётганида уларнинг 100 000 га яқин тури мавжуд деб ёзилади. Ваҳоланки, 2017 йилда халқаро микологлар жамияти замбуруғларнинг ер юзидаги кашф этилган сони 120 000 га яқин деб кўрсатади. Айрим дарслик муаллифлари биологияда рақамлар муҳим аҳамиятга эга эмас деб ўз айбларини хаспўшламоқчи бўладилар. Рақамлар муҳим бўлмаса, унда нима сабабдан дарсликни давлатнинг миллиардлаб пулини сарфлаб қайтадан чоп этдингиз?

Дарсликнинг 9§ 30-бетида ҳужайра назарияси ҳақида маълумот берилади. Дарслик муаллифлар ҳозирги замон ҳужайра назарияси нечта эканлиги, уларда нималар ёзилганлигини ўқиб ҳам кўришмагани яққол сезилади. Мен бу ҳақида алоҳида ёзаман. Замонавий ҳужайра назарияси 7 та банддан иборат ва буни бутун дунё тан олиб бўлган, бизнинг дарслик муаллифларига бу нарса ҳали етиб келмаган кўринади.

Дарсликнинг 13§ 41-саҳифасида ёзилган қуйидаги илмий хато маълумотни муаллифлар қандай оқлашар экан ҳайронман. «Митохондриялар ярим автоном органоид бўлиб уларнинг мембраналараро бўшлиғида ДНК, РНК ва рибосомалар бўлади». Ушбу гапда нима хато эканлигини пайқадингизми? Агар сезмаган бўлсангиз ўзим айтақолай, митохондриянинг мембраналараро бўшлиғида ҳеч қандай ДНК, РНК ёки рибосома бўлмайди. Ушбу молекула ва органоид митохондриянинг ички мембранаси ичида жойлашади.

Хуллас, бундай хато ва камчиликлар ҳали жуда-жуда бисёр. Мен уларнинг ҳар бирини алоҳида-алоҳида қайд этиб боряпман. Экспертиза якунига етгач, албатта бу ҳақида дарслик муаллифлари, тақризчилар, дарсликни чоп этишга рухсат берганлардан ҳисоб сўраймиз. Зеро, мамлакатда миллионлаб ўқувчилар хато, эски, камчиликларга тўла маълумотларни ўрганиши, шу хатоликни тўғри деб ОТМ кириш имтиҳонларида тестлар ишламаслиги керак. Акс ҳолда ҳали узоқ вақт биология соҳасида сўнгги вагонда қолаверамиз.

Комментарии

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети