Ўзбекистон ёшларини ишсизликдан нима қутқаради? «IT-Park» маслаҳатчиси жаноб Партасарти билан эксклюзив интервью (видео)
Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил қилади. Бу — мамлакатимизда ишчи кучи салоҳияти жуда юқори эканлигини англатади. Лекин улар тайёр кадр сифатида шаклланмаган бўлса-чи? Олий таълим муассасаларимиз бу ёшларнинг ўндан бирини ҳам ўқишга қабул қилишга қодир эмас. Демак, олий маълумотли бўлишга кўпчиликда имкон йўқ. Қолаверса, касб-ҳунар коллежлари тизими ўзини тўла оқлай олмади. Бундай мураккаб вазиятда ёшларни фойдали касбларга йўналтириш учун нима қилиш керак?
Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йили Ҳиндистонга расмий ташрифи давомида ушбу мамлакатдаги «IT-Park»лар билан танишиб, Ўзбекистонда ҳам шундай технопарклар яратиш ғоясини илгари сурди.
Халқаро тажриба кўрсатадики, муваффақиятли IТ-мутахассис бўлиш учун олий маълумотга эга бўлиш шарт эмас. Тошкентда ташкил қилинган «IT-Park» ҳам олий маълумотга эга бўлмаган, лекин IТ-мутахассислик асосларини ўрганишни мақсад қилган, интилувчан ёшларга алоҳида эътибор қаратишни режалаштирмоқда.
«IT-Park» Мирзо Улуғбек туманидаги Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига яқин жойлашади. Ҳозирда қурилиш ишлари якунланиш арафасида.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан барпо этилаётган ушбу «IT-Park» лойиҳасини амалга оширишда Ҳиндистондан тажрибали мутахассис, маслаҳатчи Жаярам Партасарти таклиф қилинган. У билан «Xabar.uz» учун эксклюзив интервью уюштирдик.
— Ассалому алайкум, жаноб Партасарти. Ўзбекистонга хуш келибсиз!..
— Ваалайкум ассалом! Раҳмат. Мен Ҳиндистоннинг Электроника ва ахборот технологиялари вазирлиги тизимида ишлайман ва дунёдаги турли лойиҳаларни ўрганганман. Биласизми, ахборот технологиялари ҳозирда кўплаб ёшларга янги иш ўринларини яратиб беряпти. Дунё тараққийлашиб боргани сари IT ҳақида янаям кўпроқ билиш, ўрганиш керак бўляпти. Барча давлатлар ҳозирда ITни ривожлантиришга катта урғу бермоқда, бу йўналишда турли лойиҳаларни режалаштиряпти. Ўзбекистон ҳам айнан шу йўлдан бормоқда. Бу борада асосий ташаббускор — Ўзбекистон Президентига ташаккур билдиришимиз керак.
Ўзбекистон яратишни истаётган янги экотизимда ёш авлоднинг ахборот технологиялари соҳасига кириб келиши муҳим ўрин тутади. Ўтган йили Ҳиндистонда юртингиздан келган делегация иштирокидаги бир тадбирда Бош вазир билан учрашиб қолдик. Биз Ҳиндистонда АКТ соҳаси жадал ўсиб бораётгани ҳақида фикр алмашдик. Авваллари ривожланган давлатлар қаторига кирмасдик, лекин IT соҳасидаги натижалар орқали ўз ўрнимизга эга бўлиб боряпмиз. Сўнгги йилларда ахборот технологиялари бўйича дунёнинг етакчи давлатлари қаторидамиз.
Биз Ўзбекистон Бош вазири билан мамлакат IT-саноатининг ривожланишига кўмаклашиш, IT соҳасида иш ўринларини яратиш учун қулай муҳит ташкил қилиш ҳақида суҳбатлашдик. Мана, мени Ўзбекистонга таклиф қилишди ва эндиликда «IT-Park» директори жаноб Фарҳод Ибрагимов билан биргаликда иш фаолиятимни олиб боряпман. Мен лойиҳани амалга оширишда ёрдам беряпман, ўз билим ва тажрибаларимни улашяпман.
— Ўзбекистонда технопаркларга қанчалик эҳтиёж бор ва у мамлакатга нима беради?
— IT соҳаси жуда жадал ўсиб бормоқда. Баъзида ишни бошлаш осон бўлади, давоми эса қийинлашиши мумкин. Шунда менинг Ҳиндистонда орттирган билим ва тажрибаларим асқотиши мумкин. Мен ҳукуматингиз билан биргаликда ёшларга IT соҳасида ўз ўрнини топишига ёрдам бериш учун келганман. Сиз сўрашингиз мумкин, технопарк бунинг учун қандай вазифани бажаради, деб?
Грек математиги Архимедга ўхшаб тўсатдан ғоя пайдо бўлиб қоладиган, замонавий тилда айтганда, стартапчиларнинг барчаси учун «IT-Park» умумий жой ҳисобланади. Ёшлар тўсатдан ғоя келганда нима қилишини, ғоядан қандай фойдаланиш кераклигини, ҳар қандай вақтда ҳам ундан маҳсулот яратиш мумкинлиги билишмайди. Бу ҳолда уларнинг бизга келишларини ва уларга ёрдам беришни хоҳлаймиз. Улар «IT-Park» веб-сайти орқали ариза топширишлари ва сафимизга қўшилишлари мумкин. Ариза топширганда биз барча мос жиҳатларни инобатга оламиз, масалан: «Унинг ғояси нима? Бу ғоя инсонларга қандай ёрдам бериши мумкин? У тижорий мақсадда бўладими? Қачон уни бизга олиб келиб, қабул ҳайъатига кўрсатасиз?» — шунга ўхшаш энг асосий саволларни бериб кўрамиз.
Қабул ҳайъати мен каби шу соҳада ишлаётган одамлар ва академия олимлари, соҳа мутахассисларидан ташкил топади. Биз билдирилган таклифни таҳлил қиламиз, агар чиндан ҳам ғоя тенгсиз деб топилса, унда биз унинг муаллифига ёрдам берамиз. Бошқа бизнес таъсири остида бўлмаган, шунчаки ғояси бўлган шахс учун «трекер» ва «ментор»ларни олиб келамиз. Лойиҳа қандай молиялаштирилишини, қандай маркетинг қилинишини, одамлар билан қандай шуғулланишни, ғояни қандай қилиб маҳсулотга айлантириш мумкинлигини, хуллас, технопаркнинг барча фаолият турларини ўргатамиз.
— Бу жараён нимадан бошланади? «IT-Park» нимаси билан бошқа технопарклардан ажралиб туради?
— Барча «IT-Park»ларда жараён инкубация дастуридан бошланади. Аммо бу технопарк бошқалардан умуман фарқ қилади. Бу — экотизимга кириш имконини беради. Яна шуни такрорлаб ўтишим керакки, ғояни тўғри бошлаш бу тадбиркорлик соҳасида улкан муваффақиятга эришиш дегани. Агар сиз қанақадир ўсимлик ёки дарахт ўстирмоқчи бўлсангиз, унга яхши тупроқ, сифатли ўғит, яхши парвариш талаб этилади. Экотизимимизга келган стартапчиларга ҳам худди шундай ғамхўрлик қиламиз, бизда бунинг учун менторлар, трекерлар бор. Биз уларга ғоялар нималигини, бу соҳадаги бизнес таълими қандай бўлишини, ҳаммасини ўргатамиз. Унинг тушунчаси «ахборот тизими» даражасида бўлса, биз уни «питч» даражасига олиб чиқамиз. «Питч» — бу маҳсулотни инвесторларга ошкор қилиш ва молиялаштиришда унга ёрдам бериш имконияти дегани.
Ёш ниҳолни парвариш қилишда сизга бир қанча қўллаб-қувватловчи тизим лозим бўлади. Худди молиялаштириш стартапчилар учун жуда ва жуда муҳимлигига ўхшаб. Шунинг учун ҳам, акселератор дастурига минимал ҳаётий маҳсулотни ўстирадиган ушбу «IT-Park»да стартап фондини ташкил қилмоқчимиз. Биз Angel funding — seed funding (бошланғич капитал) услубида молиялаштириш ёрдамларини кўрсатамиз.
Шу сабабли ҳам бизнинг технопарк бошқа технопарклардан ажралиб туради. Лекин, стартап, инкубация, акселерация, менторлар, фондлар ва коворкинг марказлари — буларнинг барчаси бизнинг умумий экотизимимизга айланиб бормоқда.
Шу билан биргаликда, биз IT-академияни ҳам ташкил қилмоқчимиз. IT-академия ҳозирда зарур бўлган ихтисослаштирилган фанларни ўргатади. Бу «Python» тили бўлиши мумкин, балки сунъий интеллект ёки булутли технологияга асосланган, ё бўлмасам, киберхавфсизлик, блокчейн... хуллас шунга ўхшаш янги технологиялар ва дастурлар ўргатилади. Чуқур билим олган ёшлар эртага шу соҳа саноатида катта фойда беради. Шунинг учун бу ерда стартап, акселератор, коворкинг марказлари, IT-академия ва ҳафтасига 24 соат ишловчи муҳит пайдо бўляпти. Биз яратаётган бутун тизимни IT-экосфераси деб номлашимиз мумкин. Шунинг учун ҳам, ушбу IT-Park бошқаларидан ажралиб туради.
— Технопарк ҳақида экотизим сўзини кўп ишлатяпсиз. Буни қандай тушуниш керак?
— Технопарк ҳақида кўпчилик: Нега айнан «IT-Park»? У қандай вазифалар бажаради? Ғаройиб технологиялар ясай оладими? каби шунга ўхшаш саволлар билан мурожаат қилишяпти. Бу технопарк қандайдир завод эмас. У, умуман олганда, экотизимга ўхшайди, сиз ҳозир фақат таъмирланаётган бинони ўзинигина кўряпсиз, келажакда биз акселерация ва стартап бошқарув офисларини ҳам барпо қилмоқчимиз. Битта бинони биз коворкинг маркази қиламиз. Катта компанияларнинг вазифаси стартапларни ривожлантиришдир, улар бу орқали янаям ўсиб, яхшироқ компанияларга айланишади. Технопаркка 500тача компания келиши ва иштирок этиши кутилмоқда, биз йирик конференция зали, бундан ташқари, муҳокамалар учун мўлжалланган хоналар, 24 соат ишлайдиган компаниялар ходимлари учун дам олиш хоналарини ташкил қилмоқчимиз.
Биз биринчи бўлиб ушбу бинони таъмирлашдан бошладик. Бунинг атрофида бошқа фаолиятлар учун иккита-учта қўшимча бино пайдо бўлади. Хулоса қилиб айтганда, бу шунчаки технопарк бўлмайди, биз техноэкотизим яратамиз!
«IT-Park» — янги инновацион макон бўлиб, унда ёш мутахассислар IT-маҳсулотлар устида ишлайдилар ва жамиятнинг ахборот соҳасини ривожлантирадилар.
Ушбу технопарк одамларга, айниқса, инновацион тадбиркорлик ғояларини дастурий маҳсулот сифатида ривожлантирувчи ёшларга катта ёрдам беради. Биргина маҳсулотни яратиш ва уни ривожлантириш кўпгина ёшлар учун ишга жойлашиш имкониятини беради. Бир марта яратилган маҳсулот интеллектуал мулк сифатида кенг миқёсда фойдаланилади. Бу технопаркнинг кичик бир функцияси ишга тушганини ва у дунё миқёсида машҳур бўла бошлаганини билдиради.
Одамларда ғоя бўлиши мумкин. Ғоя бу — жўжа очадиган тухумга ўхшайди. Унга мос ҳарорат, тўғри намлик, қулай шароит ва муҳит керак бўлади. Ёшлар технопарк қабул ҳайъатига ўз ғояларини олиб келишади. Қабул ҳайъати уни таҳлил қилиб, менторлар, мураббийлар ва биргаликда шуғулланадиган мутахассисларни йиғиб, жамоавий ҳаракат қилувчи экотизим яратади. Маҳсулот ғояси — минимал ҳаётий маҳсулотга айлантирилади. Минимал ҳаётий маҳсулот қабул ҳайъатига чуқур ўрганиб чиқиш учун тақдим этилади. Шу тарзда инвесторлар маҳсулотни ўрганиб, унга қизиқиш билдиришади ва унинг жорий қилинишига ёрдам беришади. Шунинг учун ҳам ғоядан яратилган минимал ҳаётий маҳсулот — бозорбоп минимал ҳаётий маҳсулотга айланади.
Президент Шавкат Мирзиёев жаҳоннинг АКТ ютуқларини мамлакатга олиб киришни хоҳлайди. Ўзбекистон ҳукумати, жумладан, АКТ вазирлиги бизга энг дастлабки экотизим учун зарур бўлган қулайликларни яратиб беришди. «IT-Park»да ҳали барча шароитлар бўлади. Қисқа қилиб айтганда, ўз стартапи билан бизга ким келишидан қатъи назар, у албатта, келажакда бу ердан тадбиркор бўлиб чиқиб кетади.
— Технопаркда Ҳиндистон тажрибаси қўлланилади. Бу тажриба ҳақида батафсилроқ билишни истардик.
— «IT-Park» экотизими, юқорида изоҳлаб ўтганимдек, барча ёшларга имконият эшикларини очиб беради. Балки у коллеж талабасидир, балки мактаб ўқувчиси, ким бўлишидан қатъи назар ғоясига эга бўлган ҳар қандай одам келиши ва бу ғояни тадбиркорликка айлантирадиган, кўпроқ ишлаш имконини берадиган стартапга қўшилиши мумкин.
Бу борада мен Ҳиндистондаги тажрибаларни улашишим мумкин. Ҳозирги кунда Ҳиндистонда 4 миллион киши IT соҳасида профессионал тарзда ишлаб келмоқда. Сабаби, бошқа ишга жойлашиш имконияти паст бўлиши баробарида, IT соҳасининг даромади юқорироқ. IT соҳаси қишлоқ хўжалигига, тиббиёт тизимига, автомобил секторига, электрон тижоратга, туризм ва бошқа соҳаларга кириб борган ва у соҳалар ривожида ўз кўмагини бермоқда.
Ҳиндистон тажрибасига кўра, IT соҳаси бошқа соҳаларда 3-4 та яна қўшимча иш муҳитларини яратмоқда. Шунинг учун ҳам ишончим комилки, IT орқали Ўзбекистонда ҳам ёшлар учун кўплаб иш ўринлари яратилади ва улар глобал даражага кўтарила олишади. Улар маҳаллий ғоя ёки тушунча билан иш бошлашса-да, маҳсулоти ёки хизматларини интернет ва булутли технологиялар орқали глобал бозорга олиб чиқишлари мумкин бўлади. Биз ҳаммамиз «Facebook» дунё бўйлаб ишлатилишини биламиз. Бугунги кунда мобил телефон чегараларни йўққа чиқарди. Тасаввур қилинг, агар бирор ёш мутахассис «IT-Park»да ўтириб, кўнгилдагидек маҳсулот ёки хизмат турини яратади, уни миллионлаб фойдаланувчилар ўз мобил телефонларига кўчириб олади. Шу тарзда битта омадли илова яратилса, у «яккашох»га (бир миллиард доллар фойда келтирган компания) айланади. Агар шундай «яккашох»дан 10таси вужудга келса, тасаввур қилинг-а, бу Ўзбекистонга қанча қийматдаги фойда олиб келади!
Бизда, Ҳиндистонда шундай 25та «яккашох-компания» бор. Бу 25 «яккашох»нинг умумий нархи 85 миллиард доллардан ортиқ. Тасаввур қилинг-а, агар кейинги 5 йил ичида Ўзбекистонга бешта «яккашох» келса, унда уларда аниқ 50 миллиард доллардан зиёд сармоя бўлади.
Бугунги кунда Ҳиндистон IT экспортидан тушадиган даромад 176 млрд. АҚШ долларида баҳоланади, бу 4 миллион одамга ажратилган иш ўрнига боғлиқ равишда. Ушбу «IT-Park» Ўзбекистонга ҳам шу даражадаги имкониятларни беряпти. Бу эса ўзбек ёшларига глобал миқёсда тадбиркор бўлишлари учун катта йўл очади. Ҳукуматдан иш сўраш ўрнига ҳозирги ёшлар иш ўринларини ўзлари яратишади. Бу йўлда «IT-Park» ўзбек ёшларига ёрдам беради. Биз «IT-Park»ни Ўзбекистоннинг турли вилоятларида ҳам очмоқчимиз. Унинг дастури ва IT-академияси ўзбек ёшларидаги мавжуд муаммоларни камайтиради. Шунинг учун ҳам, «IT-Park» концепцияси ажойиб ғоя ва уни барпо қилингани учун муҳтарам Президентга, Бош вазирга ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига миннатдорлик билдираман. Ишончим комил, Ўзбекистон қисқа вақт ичида МДҲ минтақасининг IТ-марказига айланади.
— «IT-Park» кимларга кўмак беради? Унинг аъзоларига қандай имтиёзлар бор?
— Юқорида тушунтириб ўтганимдек, экотизимга ва «IT-Park»ка киришни хоҳлаган барчага ёрдам беради. Бизда 3 турдаги таклифлар бор: биттаси стартап, иккинчиси акселерация, учинчиси коворкинг маркази. Стартап учун ҳар қандай ўзбекистонлик, мустақил шахс ёки коллеж талабаси бўладими, қайси бирида тушунча бўлса, келади ва ариза топширади.
Экотизим ҳақида юқорида изоҳлаб ўтганимдек, «IT-Park»да 3та асосий фаолият тури мавжуд:
- Стартап
- Акселерация
- Ишлаш имкониятига эга бўлган коворкинг марказлари.
Стартап дастуримизда минимал ҳаётий маҳсулот тушунчасини шакллантиришни хоҳлаган ҳар қандай киши ариза топшириш имконига эга. Лекин у Ўзбекистоннинг юридик шахси бўлиши керак. У юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтиши лозим. Унда минимал ҳаётий маҳсулот бор бўлсаю, маҳсулотни аллақачон акселерацияга кирита олса, унда менторлик, питчинг, молиялаштиришдан ўтиш имкони пайдо бўлади. Бу босқичлар тадбиркорликка олиб боради.
Бошқа бир ҳудудда эса коворкинг маркази жойлашган бўлади. Чунки у ҳинд тажрибасига асосланган. Ҳиндистон IТ экспортни йўлга қўйишни бошланганида америкаликлар, асосан ғарбликлар учун аутсорсинг одамларга айланганмиз. Бундай аутсорсинг жараёни энг яхши тажриба концепциясини тушуниб олишимизга ёрдам берган. Шунинг учун ҳам экспортдан даромад олишни хоҳловчилар коворкинг марказига келиши, аутсорсинг хизматлари ва IТ-экспортга йўналтирилган юридик шахс бўлиши керак. Ҳаттоки, чет элдаги компаниялар ҳам Ўзбекистон қонунчилиги асосида тегишли маҳаллий юридик шахслар билан биргаликда қонуний корхона тузиб, бизнинг резидентимиз бўлиши мумкин.
Аутсорсингнинг бу ерда кўпгина афзаллик тарафлари мавжуд. Ўзбекистон географик жиҳатдан яхши жойда жойлашган ва бу аутсорсинг бизнеси учун муҳим жиҳат.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсам, ёшлар IТ тадбиркор бўлиб етишиши учун акселерация дастури ва стартапдаги зарурий барча билимларни ўзлаштириб олишлари уларга манфаатли бўлади. Улар технопарк таркибидаги IT-Академия орқали ўз билимларини мустаҳкамлаб олишлари мумкин. Шунингдек, уларга коворкинг имкониятлари, резидент сифатида Ўзбекистон ҳукумати томонидан бериладиган ягона солиқ ва имтиёзлар ҳамда IТ экспорти учун қийинчиликсиз керакли инфратузилмага эга бўла олиш имкониятлари берилади.
Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии
Вход
Заходите через социальные сети
FacebookTwitter