Мобильное приложение Xabar.uz для Android устройств. Скачать ×

Ulug‘bek Oripov

Ba’zan sukut haqiqatdan afzal bo‘lishi mumkin.

«Садағанг кетай, Франклин»... (бугунги аҳволимиздан бир шингил трагедия)

«Садағанг кетай, Франклин»... (бугунги аҳволимиздан бир шингил трагедия)

Фото: Xabar.uz

Прокурор болам, ҳали ёшга ўхшайсан... Менинг ёшимни сўрайсанми? Камина икки кам саксонга яқинлашдим. Отамнинг айтишича, Гитлерни тўнғиз қўпиши аниқ бўлиб қолган вақтларда туғилган эканман. Сталин ўлган замонларда эсимни таний бошлаганман... Майли ўша пайтларни эсламай.

Колхозда табелчилик, сувчилик, пахтачилик илмларидан хабарим бор. Ҳисоб-китобга уста эдим, хотирам зўр эди. Ҳозирам унча-мунча нарсани эслаб қоламан. Шу десанг, олдингга замонанинг айрим ноқис ишларидан шикоят қилиб келдимда.

Қоғоз, қалам дейсанми? Ёзай десам қўл қалтирайди, кўз жонивор ҳам чарчаган. Осони айтадиган гапларимни миянгга маржондай териб олавер.

Гапнинг индаллоси шуки, бир раҳбарнинг коррупция аталмиш балога уруш эълон қилгани ҳақида эшитиб қолдим. Дуруст гап. Маъқул. Аммо раҳбар зотининг вақти тиғиз бўлади. Ўйлашимча, тепадагиларнинг пастдаги айрим ишлардан хабари йўғов. «Азага келган хотин ўз дарди билан йиғлайди» дегандай ўзимнинг маҳалламдаги айрим ғаройиб ва ғариб ишларни сенга айтиб берсам.

Маҳаллада поликлиника бор. Шу жойга ишга киришнинг нархи нақ бешта Франклин сурати солинган қоғоз эмиш... Ҳатто олтита берганлар ҳам бор... Кимлар дейсанми? Мен қарияда эс қолибдими? Қўшнимиз Жўравой кенжа қизини жойлаштириш учун сигирини пуллаганини биламан. Ўзиям серсут, семиз сигир эдида. Ярим соатгина соғишга кечиксаям, оппоқ сутнинг ўзи оқиб кетар эмиш жонивордан... Яна алжираб кетдим. Хуллас, сигир кетди. Жўравой таниш-билиш орқали катталарга узатибди зўрға. Қизи ўзи коллежгаям пул билан кирганди... Шу поччамга шу янгам деган гап бор.

Тумандаги бош врач илоннинг ёғини ялаган. Бултур Аллаёров деган ёзғувчи ҳам келиб тилидан илинтира олмаган. Унинг ўз услуби бор. Келган комиссия ва текширувчиларга ўзини шундай сиёсий хушёр ва илмли кўрсатадики, лаққа балиқдай туман бош врачга ёлчибди деб кетишади.

Аслидачи?

Бош врачнинг ўз «олиш» услуби бор экан... Ҳеч қачон тўғридан тўғри «Франклин»ни қўлига ушламайди. Аталган пул жудаям ишончли бўлган кишилар орқали чўнтакка келиб тушади. Унинг биргина ишини очиш учун сен болам ҳали неча йиллар маҳкаманинг тупроғини ялашинг керак...

Иннайкейин, кичиккина поликлиникамизда тўртта янги иш ўринлари очилибди. Ҳаммасига раҳбарнинг жиянию-яқинлари эга чиқибди. Қоровуллик ҳам ўзларидан ортмабди. Мактабни айтмай қўяқолай. Тоға директор, хола ўринбосар, жиян ўқитувчи, завхоз қуда-андалардан...

Совет даврида колхозга «Жигули» кепқолса, синфийлик рўкач қилиниб, камбағалга ҳам улов тегиб қолгуси эди. Шунга ўхшаб қариндошлар кооперациясига айланиб кетмасин деб, қўшни маҳалладаги Омонқулни қоровулликка олишибди...

Энди маҳаллани ўзига келсак... Қизиғи шунда. Шошма, носқовоғим қаерда эди? Қара шунгаям долларнинг сурати солинган экан... Маҳалла раиси Тожиддинни дуруст йигит деб ўйлардим. Камбағалдан чиққан, ўқиган, ичмайдиган йигит эди. Амалдор бўлиб, чойхоналарга боришни, ярим кечаси йиғилишдан чиқиб, чоғроққина ошхоналарда ширакайф бўлишни ўрганибди... Бунинг бир ёрдамчиси бор. Шу йигит бола пули тилаб келганлардан эллик доллардан олиб қоларкан... Ишингиз битса хўп-хўп, битмай қолса пул «енг учида» қайтарилар экан...

Булардан ҳам энг даҳшатлиси нима айтайми? Одамлар ана шу олғувчиларни алқайди, дуо қилади. Жўравой қизини амаллаб ҳамшираликка киргизгач, порахўр шифокорни узоқ дуо қилди. Ишга олгани учун... Бола пулини пластикка олиб, бозор қилувчилар, Тожиддиннинг учар ёрдамчисини мақтайди. Узоқ йили биттасига амал тегиб қишлоқнинг жамики ерлари, иншоотларини сотиб еди. Омбор, трактор парки, шийпонлардан из ҳам қолмади. Шуни ҳеч ким сўкмайди, барака топсин, даврида ер-мулк қилдик дейди.

Сенга ҳали тупканинг тагидаги маҳалланинг аҳволини сўзлаб бердим. Юқорироқда нима ишлар бўлмоқда, кимлар жавлон урмоқда менга қоронғу. Яна бир нарса маълумки, илдизи чириган дарахт мустаҳкам бўлмайди. Биз кўзга илмайдиган «паст» илдиз, раҳбарлар етишиб чиқадиган жой. Шу ерни тозаласак бир нима бўлар, бўлмаса ёзувчи тили билан айтганда, «одам бўлишимизга кўзим етмай қолади».

Олдингга гап ковлагани, аламзадаликдан келмадим. Худо берган умрни деярли яшаб бўлдим...Не-не раисларнинг даври-даврон сурганини кўрмадим. Ҳаммаси алал-оқибат изсиз кетди. Мана аҳволимиз ўша-ўша. Йигирма йил аввал ўғлим Россияга ишлагани борарди. Соғлиғидан айрилиб, уйга қолдию, энди ўғли бориб келмоқда. Шу туришда кетсак, набирамнинг ўғли ҳам мигрант бўлиб қолишидан қўрқаман.

Прокурор болам, касалликнинг илдизи шу ўлгур «Франклин»га меҳрдан деб ўйлайман. Уни кўрган заҳоти ҳалолликнинг оёғи қалтираб қолади, виждон карахт бўлади. Ҳаммасини ёзиб олдим дедингми? Майли ёз. Иложи бўлса, анави журналистларга бер. Менинг гапимни керак бўлса  бош врач, Тожиддин-у, Жўравойлар ҳам ўқисин. Уялсин. Гапларим етиб борса, олдингга бекорга келмаган бўламан.

Энди болам менга рухсат бер. Шошма, кетишим олди бир нос чекиб олай...

Комментарии

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети