Собиқ президент боши узра қора булутлар: ҳаммаси нимадан бошланган?
Украина – собиқ Иттифоқ республикалари ичида мураккаб сиёсий йўлни босиб ўтаётган мамлакатлардан бири саналади. Давлат сиёсий ҳаётида 2014-2019 йилларда президентлик қилган сиёсатчи, бизнесмен Петр Порошенконинг ҳам алоҳида ўрни бор. Порошенко даври чуқур сиёсий инқироз авж паллага чиққан пайтга тўғри келди.
Сайловда Владимир Зеленскийга катта фарқ билан ютқазган собиқ раҳбарнинг ишлари жойида эмас: унга жуда жиддий саналган давлатга хиёнат қилиш айблови қўйилиб, узоқ йиллик қамоқ жазоси хавф солмоқда.
«Мен рақибингиз эмас, сизга ўқилган ҳукмман»
Уч йилча аввал стадионда кечган машҳур дебатда бу сўзларни бўлажак президент Владимир Зеленский Порошенкога қарата айтганди. Айни дамда ҳам собиқ президент ўзига қўйилаётган айбловлар ва босимларда Зеленскийни бот-бот айбламоқда. Россиянинг Украина чегарасида катта қўшин тўплаши ва Ғарбнинг кескин огоҳлантиришлари фонида Порошенко билан боғлиқ можаролар сал хира тортгандай кўринди, аммо бу ишлар ўз ўрнида қолиб кетмаслиги аниқ.
Хўш Порошенко нимада айбланмоқда?
Собиқ президентга «давлатга хиёнат ва террористик ташкилотлар билан олди-берди қилиш» айб сифатида қўйилган.
Маълумки, 2014 йилги талотўплардан сўнг, мамлакат ҳукумати шарқдаги кўмирга бой Донбасс ҳудуди устидан назоратни қўлдан чиқарди. У ерни Россия қўлловида дея ишониладиган кучлар эгаллади.
Айбловларга кўра, Порошенко 2014-2015 йилларда ушбу ҳудуддан кўмир олиб келишда бош-қош бўлган. Бу эса унинг Украинада айирмачи ва террористик ташкилотлар дея кўриладиган ДХР ва ЛХРлар билан алоқа қилишда айблашган замин яратади. Айтганча, Порошенко бу ишда ёлғиз эмас: яна бир сиёсатчи, «Мухолиф блок— ҳаёт учун» партияси етакчиси, Россия президенти Владимир Путиннинг яқин одами сифатида кўриладиган Виктор Медведчук аллақачон уй қамоғида.
Айрим сиёсий таҳлилчиларда Зеленский ўзининг бош сиёсий рақибини қамоққа тиқишга уриняпти, деган қарашлар ҳам йўқ эмас.
«Порошенко Донбассдан кўмир олиш учун шароит яратган»
Собиқ президентга нисбатан ана шундай айбловлар янграмоқда. Ҳаммаси 2014 йил кузидан бошланди. Навбатдаги қиш олдидан Украина энергетикаси қийин аҳволда қолди: мамлакат ИЭСларининг 40 фоизи кўмирда ишларди. Кўмирга бой ҳудудларни эса бўлгинчилар эгаллаб олди. Қаҳратон яқинлашиши билан расмийларнинг боши қота бошлади. Шунда ҳукумат узоқ Жанубий Африка Республикасидан кўмир экспорт қилиш режасини эълон қилди. Тез орада биринчи партия мамлакатга етиб келди.
Аммо кўп ўтмай тузилган шартномаларни қайта кўриб чиқиш масаласи ўртага ташланди. Шунингдек, ташаббус бошида турган ёқилғи ва энергетика вазири Юрий Продан ишдан олинди. Унинг ўрнига Владимир Демшичин тайинланди.
Охир-оқибатда Африкадан кўмир келтириш режаси барбод бўлди ва Киев компаниялари маҳсулотни мамлакат шарқидаги ҳудудлардан ола бошлади. Бу ҳолат 2017 йилгача, сепаратистлар томонидан конлар тўлиқ национализация қилингунга қадар давом этди.
Бу ишга алоқадор бўлган йирик шахсларнинг боши узра қора булутлар айлана бошлади: бизнесмен Сергей Кузяр 2020 йил сентябрда қамалди, Владимир Демшичин эса хорижга кетишга муваффақ бўлди. Сепаратистлар билан музокарада етакчи фигура сифатида кўрилган Медведчук уй қамоғига ҳукм этилгач, халқа торайиб, навбат Порошенкога келгани ойдинлашди.
Ҳозирда ҳам кўмир муаммоси Украина энергетикаси учун оғриқли бўлиб қолмоқда.
Порошенко... кейинги президент?
Ҳозирги можаролардан эсон-омон ўтиб олса, кейинги президентлик сайловларида Порошенко курсини қайтариб олиши ҳам мумкин. Ҳарҳолда, турли рейтинглар шундан далолат бермоқда.
Масалан, Socis компанияси сўровномаларига кўра, овоз берувчиларнинг 16,7 фоизи амалдаги давлат раҳбари Владимир Зеленскийни қўллайди. Петр Порошенко эса иккинчи ўринда. (12,3). Учинчи ўринда эса Юлия Тимошенко бормоқда (7,9 фоиз).
«Разумков маркази» эълон қилган рақамларда ора жуда яқин – 26 фоизга 24,2 фоиз.
Бунинг устига партиялар ўртасидаги рейтингларда Зеленскийнинг «Халқ хизматчиси» блоки Порошенконинг «Европа бирдамлиги» партиясидан ортда қолишга ҳам улгурди.
Умуман олганда Украина президентлик сайловларидан ҳар нарсани кутиш мумкин. 1993 йилда мамлакат биринчи президенти Леонид Кравчук биринчи турда Леонид Кучмани мағлуб этиб, иккинчи турда ютқазиб қўйганди. 2004 йилги инқилоб ва шов-шувлар ортидан ҳукмронликка келган Виктор Ющенко иккинчи уринишда жуда паст овоз олган.
Тўртинчи президент Виктор Янукович биринчи муддатниям охирига етказа олмай 2014 йилги воқеалардан сўнг Россияга қочган бўлса, Порошенконинг ўзи иккинчи муддат учун курашда мутлақо янги қиёфа – комик Владимир Зеленскийга ютқазиб қўйди. Эндиликда, 2019 йилда умид билан қаралган Зеленскийнинг рейтинги пастламоқда. Демак, украин халқи ишончини қозониш осон эмас.
Эслатиб ўтиш жоизки, 2020 йилда ҳам Порошенкога қарши 20 дан ортиқ ишлар очилган. Аммо собиқ президент уларга усталик билан чап бергани айтилади.
Бу сафарги айблов ҳам залворли ва мамлакатдаги аҳвол эса таранг. Сиёсий кучлар муаммоларни қандай ҳал қилади ва собиқ президент тақдири нима бўлади буни одил ҳакам – вақт кўрсатади.
Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии
Вход
Заходите через социальные сети
FacebookTwitter