Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

#UzAfg2018: АҚШ Давлат департаменти Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференциясига муносабат билдирди (видео)

#UzAfg2018: АҚШ Давлат департаменти Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференциясига муносабат билдирди (видео)

АҚШ Давлат департаменти биноси.

Фото: «Deschide.md»

АҚШ Давлат департаменти Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусидаги Тошкент конференцияси юзасидан ўз муносабатини билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг матбуот котиби Комил Алламжонов «Facebook»даги саҳифасида маълум қилди.

Оммавий ахборот воситалари ҳузурида чиқиш қилган АҚШ Давлат департаментининг расмий вакили Хизер Нойерт ОАВга халқаро конференция ҳақида, жумладан, қуйидагиларни айтиб ўтди:

«Бугунги матбуот брифингини АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томаса Шенноннинг ташрифи тўғрисидаги эълондан бошламоқчиман. У Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусида Тошкентда ўтган халқаро конференцияда АҚШ делегациясига бошчилик қилди.

Конференцияда 27 мамлакат ва халқаро ташкилот вакиллари иштирок этиб, улар Афғонистон раҳбариятига тинчлик жараёни йўлида якдил эканликларини намойиш қилди. 28 февраль куни ўтган «Кобул жараёни» конференциясига асосланиб, ҳар бир делегация Президент Ашраф Ғанининг Афғонистондаги можарони тинч музокаралар йўли билан тартибга солиш ва ярашиш жараёнига қўшилишга доир таклифини маъқуллади. Жаҳон ҳамжамияти «Толибон» ўзининг зўравонлик ҳаракатларини тўхтатиш учун масъул, деган фикрни бирдек ёқлайди ҳамда Афғонистоннинг сайланган ҳукумати билан тинчликни муҳокама қилишга тайёрликни намоён этишга чақиради.

Конференция якунида унинг иштирокчилари Тошкент декларациясини қабул қилдилар. АҚШ Давлат котиби ўринбосари Шеннон Ўзбекистон Президенти ва ташқи ишлар вазири билан самарали учрашувлар ўтказди. Ушбу мулоқот меҳмондўстлик ва самимийлик руҳида ўтди.

Шунингдек, Шеннон Афғонистон Президенти ва қатор бошқа делегациялар билан музокаралар ўтказди. Америка Қўшма Штатлари Афғонистон ҳукуматини тинчликка эришиш йўлида қўллаб-қувватлайди ҳамда Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатлар раҳбариятининг бу борадаги саъй-ҳаракатларини юксак баҳолайди».

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг