Бош вазир ёшлар муаммоларига бағишланган видеоселектор ўтказди
Бугун, 25 июнь куни Вазирлар Маҳкамасида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида қилинаётган ишлар, 30 июнь куни нишонланадиган «Ёшлар куни»ни муносиб кутиб олиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда иштирок этган «Xabar.uz» мухбирининг маълум қилишича, Бош вазир Абдулла Арипов Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистон ёшларининг муаммолари, бу борада ечимини кечиктириб бўлмайдиган масалаларга ҳамиша эътибор қаратиб келаётгани, бу орқали барча раҳбарларга сабоқ бераётганига алоҳида тўхталиб ўтган.
«Биргина мисол ўтган бир йил ичида мамлакатимизда, ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини оширишга қаратилган, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 3 та фармони ва 5 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 16 та қарор ва 4 та фармойиши қабул қилинди. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан юртимизда турли соҳа ва тармоқларда юксак натижаларга эришаётган йигитларимизни муносиб тақдирлаш мақсадида «Мард ўғлон» давлат мукофоти таъсис этилди. Жамоат ишларида фаол ишлаб келаётган ёшлар «Келажак бунёдкори» медали билан тақдирланадиган бўлди.
Ёш оилаларимизнинг уй-жойи ва маиший шароитини яхшилаш мақсадида 2018–2021-йилларга мўлжалланган «Ёшлар уйлари»ни барпо этиш дастури тасдиқланди. Бунга кўра 8000 нафардан ортиқ ёш оилалар уй-жойга эга бўлишади. Қани айтинг-чи, қачон биз ёшларга бу қадар ёшларга имконият ва шароит яратиб, юксак этибор кўрсатганмиз?!
Ёшларга эркин таълим олиб, ўз билим ва кўникмаларини шакллантиришига шарт-шароит яратиш мақсадида, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Термиз давлат университетининг Денов филиали, Тошкент давлат техника университетининг Олмалиқ филиали, Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз филиали ташкил этилди», — деб айтди Абдулла Арипов.
Ўзбекистон Бош вазирининг маълум қилишича, яқинда Ўзбекистонда дунёдаги энг машҳур бўлган Москва муҳандислик-физика институтининг филиали очилиши кутилмоқда. «Ўзбекистон раҳбари қайси давлатга расмий ташриф билан бормасин, бу ердаги энг машҳур олий таълим муассасаларининг филиалларини Ўзбекистонда очишга катта этибор қаратиб келади. Очиғини айтадиган бўлсак, Москва муҳандислик-физика институти ҳам унча-мунча давлатда филиалини очавермайди. Бу ҳам бўлса, давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари маҳсулидир», дея таъкидлаган Абдулла Арипов.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёевнинг қарорига асосан 30 июнь Ўзбекистонда «Ёшлар куни» этиб белгиланган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter