Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Бу Президентимиз сиёсатига мутлақо зид ҳолат» — Сенат раиси

«Бу Президентимиз сиёсатига мутлақо зид ҳолат» — Сенат раиси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатида Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтган.

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбаева 2021 йил давомида давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида 75 та мажбурий меҳнатга йўл қўйиш ҳолати аниқланганини танқид қилган.

Жумладан, халқ таълими тизимида 34, соғлиқни сақлаш тармоғида 9, транспорт соҳасида 5, ободонлаштириш корхоналари тизимида 6, тадбиркорлик ва қурилиш соҳасида 5, банк ва молия соҳасида 4 ҳолат қайд этилган. 5 ҳолатда туман, шаҳар ҳокимликлари мутахассислари аралашуви билан мажбурий меҳнатга йўл қўйилган.

Масалан, маълум бўлишича, бир неча кун аввал, маҳаллий интернет-нашрларида, Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани, Қора-қамиш 2/4 даҳасида Жамоат хавфсизлиги университети талабаларидан мажбурий меҳнатга жалб этилгани юзасидан ахборот эълон қилинган, бу ижтимоий тармоқлар орқали кенг муҳокамага сабаб бўлган.

— Журналист ва блогерларга муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишда, жамоатчилик назоратини олиб боришда кўрсатаётган ёрдами учун миннатдорлик билдирмоқчиман, — деган Т.Норбаева. — Бошқа томондан, айрим мутасадди раҳбарлар ҳали ҳам эскича фикр, эскича қарашлар билан юргани ачинарли, албатта. Қачонгача тушунтириш ишларини олиб бориш керак? Президентимиз томонидан олиб борилаётган сиёсатга мутлақо зид ҳолат бу. Ушбу ҳолат жойига чиқиб ўрганилди ва университетнинг мутасадди ходимларига нисбатан интизомий чоралар ҳам кўрилди. Аммо бир нарсани яхши англаб олишимиз керак, биз бундай ҳолатларни қоралаймиз, битта ҳолат бўлса ҳам – бу жиноят. Шунинг учун бу каби ҳолатларга тўлиқ барҳам бериш, мутасадди раҳбарлар масъулиятини янада ошириши керак.

Айтилишича, давлат меҳнат инспекторлари сонининг халқаро талабларга жавоб бермаслиги, уларнинг режалаштирилмаган текширувларни ўтказиш ҳуқуқига эга эмаслиги барча тармоқларда ҳам меҳнат қонунчилиги талабларига тўлиқ риоя этилишини тезкор ўрганиш имкониятини бермаяпти.

Ушбу муаммони бартараф этиш ҳамда соҳани такомиллаштириш юзасидан президент фармони лойиҳаси ишлаб чиқилган эди. Ҳозир фармон лойиҳасини бугунги кун талабидан келиб чиққан қайта такомиллаштириш ҳамда белгиланган тартибда ҳукуматга киритиш айтилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг