Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Давлат аҳолининг барча қатламини ижтимоий ҳимоя қилиши лозим

Давлат аҳолининг барча қатламини ижтимоий ҳимоя қилиши лозим

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича қонун лойиҳасида муҳим қўшимчалардан бири бу 1-моддага Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат эканини белгилаш бўлмоқда. Яъни давлат бош Қомусимиз орқали ўзини ижтимоий давлат дея эълон қилмоқда. Хўш, ижтимоий давлат нима дегани? Ижтимоий давлатда қандай талаблар, нормалар бўлиши керак?

Биринчи навбатда бу ғоянинг бош қонун орқали белгилаб қўйилиши келажакда мамлакатимизда ижтимоий соҳага устуворлик бериш сиёсатининг янада кучайишига, аҳолининг барча қатламлари учун муносиб турмуш тарзини таъминлашга ҳамда ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳолининг давлат томонидан ҳар томонлама ҳимоя қилинишини кафолатлашга ҳуқуқий замин яратади.

Ижтимоий давлат тушунчаси хорижий давлатлар асосий қонунида ҳам учратиш мумкин. Фактларга кўра, 1949 йил Германия Федератив Республикаси Асосий қонуни, 1958 йил қабул қилинган Франция Республикаси Конституцияси, 1978 йил қабул қилинган Испания Қироллиги Конституцияси, 1982 йил қабул қилинган Туркия Республикаси Конституцияси, Россия Федерацияси Конституцияси, Қозоғистон Республикаси Конституцияларида мазкур давлатларнинг ижтимоий давлат сифатида белгиланиши қайд этилган.

Ижтимоий давлат масаласида жуда кўплаб мутахассисларнинг ҳам ижтимоий тармоқлардаги фикрларини ўқиш мумкин. Хусусан, Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар лойиҳа раҳбари, доцент Нодирбек Расулов қонунчилигимизда ижтимоий ҳимоя бўйича бўшлиқлар юзага келганини таъкидлайди.

«2017-2021 йиллар мобайнида ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-хуқуқий, маънавий-маърифий ва бошқа йўналишларда кенг кўламли ишларни амалга ошириш мобайнида қонунчилигимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш билан боғлиқ бир қанча бўшлиқлар мавжудлиги амалда намоён бўлди. Мазкур бўшлиқларни тўлдириш, аҳолининг барча қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида «Инсон қадри» учун етти йўналишда 100та мақсад белгилаб олинган эди. Эътиборли жиҳати, 100та мақсаддан 34 таси бевосита ижтимоий соҳани ривожлантиришга қаратилган. Бундан кўринадики, мамлакатимизнинг амалдаги конституциясида «Ижтимоий давлат» мақоми эътироф этилмаган бўлса ҳам, лекин амалда ижтимоий давлатнинг фундаментал ҳуқуқий асослари яратилган», деб ёзади у.

Албатта кўпчиликда «Ижтимоий давлат» нима ва бу тушунчани Конституцияга сингдирилиши келажакда аҳолимизнинг ижтимоий ҳаётида қандай имкониятларни пайдо қилади, деган табиий саволлар бериши мумкин. Иқтисод фанлари доктори бўлган Расулов бу борада ҳам тушунча бериб ўтган.

«Биринчидан, «Ижтимоий давлат» бу – мамлакатда ижтимоий соҳага устуворлик бериш орқали фуқаролар тенглигини таъминлаш, уларнинг турли табақаларга ажралишига йўл қўймаслик, ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳолини давлат томонидан ҳар томонлама ҳимоя қилиш чораларини кўриш, уларга бирламчи малакали тиббий хизматларни бепул амалга ошириш ҳамда сифатли таълим олиш ва шунга ўхшаш хизматлар кўрсатиш тушинилади.

Иккинчидан, «Ижтимоий давлат» мақомини олган давлатлар жамиятда «ижтимоий табақаланиш»ни камайтириш, «ижтимоий тенглик» ҳамда «ижтимоий давлат» тамойиллари асосида бошқаришни зиммасига олади ва шу тамойиллар бажарилишига кафолат беради.

Бизнинг фикримизча, амалдаги конституцияга «Ижтимоий давлат» ғоясининг сингдирилиши келажакда ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган ҳамда ногиронлиги бор шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалаларининг ҳал этилиши аҳолимизнинг келажакка бўлган ишончини янада оширишга замин яратади», дея фикр билдирган Нодирбек Расулов.

Давлат аҳолининг барча қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги мажбуриятларини ўз бўйнига олиши керак. Айниқса, инсон қадри масаласини асосий ғоя сифатида олиб чиқаётган давлат учун бу муҳим. Бу эса «ижтимоий давлат» тушунчасини Конституциявий норма даражасида мустаҳкамланишига сабаб бўлмоқда. Бир сўз билан айтганда, буни жуда яхши ўзгариш дейиш мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг