Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ЕИ–Ўзбекистон: пандемиядан кейинги иқтисодий тикланиш борасида муҳим келишув

ЕИ–Ўзбекистон: пандемиядан кейинги иқтисодий тикланиш борасида муҳим келишув

Португалия ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари Аугусто Сантос Силва ҳамда Абдулазиз Комилов.

Фото: ЕИ ваколатхонаси

16 ноябрь куни Брюссель шаҳрида Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги Ҳамкорлик кенгашининг ўн олтинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишга ЕИнинг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жосеп Боррель номидан Португалия ташқи ишлар вазири Аугусто Сантос Силва раислик қилди. Ўзбекистон делегациясига эса ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилик қилди.

«Ҳамкорлик кенгаши Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги сўнгги икки йилдаги муносабатларни таҳлил қилиб, COVID-19 пандемияси сабабли мунтазам равишда режалаштирилган юзма-юз учрашувлар узилиб қолганига қарамай, барча даражадаги алоқалар жадаллигини мамнуният билан қайд этди. Иккала томон ҳам пандемиядан экологик барқарор иқтисодий тикланишни давом эттириш муҳимлиги ҳақида келишиб олдилар», – деб хабар беради ЕИнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси.

Машваратда Ўзбекистоннинг ислоҳотлар дастури, қонун устуворлигини таъминлаш, савдо, сармоявий ва энергетика муносабатлари, Афғонистон ва бошқа долзарб сиёсий, хавфсизлик масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг 2021 йил апрелдан бошлаб GSP+ тизимига (ЕИ Умумийлаштирилган имтиёзлар тизими, бир томонлама тартибда аксарият товарлар учун божсиз киришни таъминлайди) аъзо бўлишини олқишлади.

Кенгаш ишида, шунингдек, самарали бошқарув ва фуқаролик жамиятининг ўрни, Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари, мамлакатнинг ЖСТга аъзолик учун ариза топишириш жараёни ва инсон ҳуқуқлари масалаларига ҳам эътибор қаратилган.

Ҳамкорлик кенгашида ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида янги Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим бўйича музокаралар муваффақиятли деб баҳоланган. Янги битим икки томонлама муносабатларни янада чуқурлаштириш ва Ўзбекистондаги ислоҳотларни дастаклашга хизмат қилади. Ҳозирга қадар бу борада тўққизта расмий музокара бўлиб ўтди.

Расмий Брюссель Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик, жумладан, муштарак барқарорликни ривожлантиришга ҳиссасини ижобий баҳолаган.

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Брюсселга ташрифи доирасида ЕИнинг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жосеп Боррель ва Халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Ютта Урпилайнен хоним ҳамда ЕИ Кенгаши вакиллари билан ҳам учрашди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 5 ноябрь куни  Бишкекда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи – Марказий Осиё иқтисодий форумида ҳамкорликнинг муҳим масалалари юзма-юз муҳокама этилган эди. Форум иштирокчиларига мурожаат йўллаган Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен ўзаро ҳамкорликнинг муҳим йўналишларига эътибор қаратган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг