Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Каримовдан олдинги раҳбар, машҳур «қулупнай воқеаси»: Рафиқ Нишонов ким эди?

Каримовдан олдинги раҳбар, машҳур «қулупнай воқеаси»: Рафиқ Нишонов ким эди?

Ўзбекистоннинг собиқ иттифоқ давридаги сўнгги раҳбарларидан бири Рафиқ Нишонов 96 ёшида вафот этди. Хўш, тарихнинг зиддиятли даврида раҳбар бўлган бу инсон республика тарихида қандай из қолдирган эди?

«Ўзбек иши», «қайта қуриш» давридаги талотўплар, Фарғонадаги қулупнай воқеаси ва ҳоказолар бу шахсга қай даражада боғлиқ бўлган?

Мансаб пиллапояларидан кўтарилиш

Нишонов 1926 йил 16 январда ҳозирги Бўстонлиқ туманида деҳқон оиласида дунёга келган. Унинг ота-боболари асли шаҳрисабзлик бўлган. 1945-1950 йилларда армияда хизмат қилган ёш Нишонов 1949 йили Коммунистик партия сафига ўтади. 1959 йилда Тошкент педагогика институти кечки йўналишини тугатиб, тарих ўқитувчиси мутахассислигини олади. 

Раҳбарлик пиллапоясига Тошкент шаҳридаги туманларидан бирида қадам қўяди. 1962 йилда Тошкент шаҳри ижроия қўмитаси раҳбари, 1963 йилдан Ўзбекистон коммунистик партияси марказий кенгаши бюроси аъзоси ва котиби лавозимларида ишлайди. 

Сергей Лавров Нишоновнинг қўл остида ишлаган

1970 йилдан Рафиқ Нишонов дипломатга айланади. Дастлаб 1978 йилгача собиқ Иттифоқнинг Шри-Ланкадаги элчиси (Малдив ороллари билан бирга), сўнгра Иорданияда ишлайди. 

Факт: Россия ТИВнинг ҳозирги раҳбари Сергей Лавров ўз дипломатик фаолиятини Рафиқ Нишонов ёрдамчиси (Шри-Ланкада элчи ёрдамчиси) сифатида бошлаган. 

1985 йил ватанга қайтиб, Ўзбекистон ССР ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллайди. 1986-88 йилларда Ўзбекистон ССР Олий Совети Прездиуми раиси. 

Рафиқ Нишонов 1988 йил 12 январдан 1989 йил 23 июнга қадар Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси биринчи котиби лавозимида ишлаган, шундан кейин Ислом Каримов илк бор ҳокимият тепасига келади. Каримов ушбу санадан токи 2016 йил сентябргача Ўзбекистонни узлуксиз бошқаради. 

Шароф Рашидов билан боғлиқ хотиралар

Собиқ Иттифоқда турғунлик дея ном олган даврдан кейин талотўплар, текширувлар авж олди. Жумладан, республиканинг йирик раҳбарларидан бири Шароф Рашидов фаолияти ҳам муҳокамалар марказидан ўрин олган. 

«Шароф Рашидович билан елкама-елка етти йил дўстона руҳда олиб борилган меҳнат фаолиятим самарали кечди. Унинг вафотидан сўнг КПСС МК котибияти босими остида чақирилган Ўзбекистон Компартияси МКнинг июнь ойи пленуми бўлиб ўтди. Минбардан туриб Ўзбекистон КП МК биринчи котиби И.Б.Усмонхўжаев ўзидан аввалги раҳбарни нотўғри бошқарув услуби, пахтачиликдаги ҳолатлар учун қаттиқ танқид қилди.

Ўтган аср 60-йиллари охирида Москвадан қайтиб келаётган Ш.Рашидов менга: «Пахта кўрсаткичларини яна ошириб кўрсатиш керак. Сиёсий бюро аъзоларининг тушлиги пайтида Леонид Ильич мендан «Нега тўрт миллион тўққиз юз минг тонна пахта ёзилган, деб, режани беш миллионга етказиш кераклигини айтди. Мен шунчаки хўрсиниб, ҳамманинг олдида Брежневга эътироз билдиролмадим», деган эди.

Аслида, айб Москвада эканлиги кўпчиликка аён. Брежневнинг ўзи Рашидовни мажбурлаб турган бўлса, у нима қила оларди?!», — дея эслайди Рафиқ Нишонов. 

«Наврўзнинг тақиқланишига қарши чиққанман...»

Нишонов даврида Наврўз байрами билан боғлиқ тортишувлар партия раҳбарияти даражасига чиқади. Нишонов 2015 йил март ойида BBC Ўзбек хизмати нашрига берган интервюсида Наврўзни тақиқлаш ташаббуси билан чиққанини қатъиян рад этади ва Ўзбекистон компартиясининг мафкура бўйича котибаси Р.Абдуллаева номи билан боғлайди.

«Бир вақтлар Совет ҳукумати даврида айрим раҳбарлар Наврўзни диний байрам, уни йўқотиш керак деб аҳмоқлик қилишган. Катта бир мажлисда Наврўзни Шарқ халқлари аввалдан байрам қилиб келган деб бу фикрни йўқ қилганмиз. 

Муҳокама вақтида айтганман, мен яқинда Шарқдан келдим, у ерда Наврўзни катта байрам қилиб ўтказишади деб. Наврўзга диний тус бериш хато бўлган», дея фикрини баён этган Нишонов. 

Шунингдек, собиқ сиёсатчи BBC мухбирининг «Компартия архивидаги стенгораммада қайд этилишича Наврўзни кўкаламзорлаштириш байрамига айлантиришни таклиф этган экансиз», деган саволини очиқ қолдириб, байрамни тақиқлаш ёки ўзгартиришни таклиф этмаганини айтади. 

Фарғонадаги қонли воқеалар

Рафиқ Нишонов даврида, 1989 йилда Фарғонада водийсида қонли тўқнашувлар содир бўлган. Унда 100дан зиёд киши ҳалок бўлгани айтилади. Таъкидлаш жоизки, айрим тарихчилар фикрича, Нишоновнинг вазиятдан оператив хабардор эмаслиги ва сиёсий ирода кўрсата олмагани, можаронинг авж олишига сабаб бўлади. 

Айни шу воқеадан кейин Нишонов лавозимдан кетди, унинг ўрнига Ислом Каримов иқтидорга келди.

Собиқ сиёсатчининг Фарғона воқеалари хусусида фикрлари:

«Менда вазиятнинг таҳлили у ёқда турсин, комиссия аъзоларидан ишончли маълумотлар ҳам йўқ эди. Бу ҳақда минбарга чиқмасдан, ўтирган жойимдан айтдим. Кейин маълумотларимга кўра, тартибсизликлар бозорда кучли жанжал - месхети турк ўзбек сотувчиси билан уришиб, бир товоқ қулупнайини ағдариб ташлагани натижасида келиб чиққан, дея қўшимча қилдим. Яқин атрофдаги бир гуруҳ ўзбеклар аёлни ҳимоя қилди. Можаро қонли жангга айланиб, маҳаллий йигитнинг ўлими билан якунланди. Кейинчалик бу гапим учун мени қаттиқ танқид қилишганди. Мени содир бўлган ҳодисанинг кўламини тушунмаганликда айбладилар. Мен-ку ҳаммасини тушундим: кундалик можаро бундай аянчли оқибатларга олиб келиши учун одамларнинг қалбида қанча қаҳр, ғазаб сақланиб қолган эди».

«Ўзбеклар иши» ибораси мени ҳам қақшатарди. Аниқланмаган тўғри-нотўғри фактларни бутун бир халқ номи билан аташ мумкинми, ахир?! Бундан ташқари, содир бўлаётган воқеа-ходисаларнинг асосий қурбони одамлар бўлган. Aввало, ёвузлик айнан халққа қарши қаратилган, пахтакорларга тўланмаган пуллар ҳам республикада, ҳам Москвада порага ишлатилган, уларга «Волга» автомобиллари, дабдабали қасрлар, тақинчоқлар олинган», дея эслайди у.

Нишонов Шавкат Мирзиёев ҳақида нима деганди?

Рафиқ Нишоновнинг янги даврдаги сўнгги чиқишларидан бири ЎзАга берган интервюси бўлган. 

У амалдаги давлат раҳбари сиёсатига юқори баҳо бериб, «Президент Шавкат Мирзиёев чинакам «тинч» инқилобни амалга оширди. У эски кўрсатма ва тушунчалардан қатъият ва хотиржамлик билан воз кечиб, Ўзбекистоннинг янада изчил ривожланиши учун шароит яратди», дея таъкидлайди.

Дарвоқе, яна бир неча кундан сўнг, 16 январда Рафиқ Нишонов 97 ёшга қадам қўярди. 

Улуғбек Орипов тайёрлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг