Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Коррупцияга қарши кураш – Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналиши

Коррупцияга қарши кураш – Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналиши

Фото: «Xabar.uz»

2016 йилдан буён Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб келмоқда. Сўнгги йилларда коррупциянинг олдини олишга қаратилган 60 дан зиёд концептуал аҳамиятга эга меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, шунингдек, ушбу йўналишдаги институционал асосларни тизимли такомиллаштириш борасида ишлар амалга оширилмоқда.

Бироқ, афсуски, коррупция муаммоси ҳамон аҳолига ҳам, мамлакатнинг халқаро имижига ҳам ўта салбий таъсир кўрсатмоқда.

Сўнгги икки йилнинг ўзида 5 мингга яқин мансабдор шахс коррупцион жиноятлар учун жавобгарликка тортилди. Ўзбекистоннинг халқаро коррупцияга қарши рейтинглардаги ўрни ҳам жуда паст («Transparency International» коррупцияни қабул қилиш индексида 140 ўрин).

Шундай экан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатномасида коррупция муаммосига алоҳида тўхталиб, оқибатлар билан эмас, коррупция сабаблари билан курашишга эътибор қаратди.

«Одамлар биздан янги мактаблар, боғчалар ва шифохоналар қурилиши, таълим ва тиббиёт сифати ошиши, жойларда ичимлик суви ва электроэнергия, йўллар ва транспорт билан боғлиқ муаммолар ечилиши, иш ўринларини кўпайтириш, тадбиркорлик учун янги имкониятларни яратиш, адолатни таъминлаш, оворагарчилик, қоғозбозлик ва коррупцияни йўқотишни кутяпти», - дея таъкидлади Президент.

Чора-тадбирларни самарали амалга ошириш учун Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ташкил этилди.

2017 йилдан буён коррупцияга қарши курашиш тизимини янада яхшилаш бўйича 3 та давлат дастури қабул қилинди. Давлат органлари фаолияти очиқлиги ва шаффофлиги таъминланмоқда.

Барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жумладан, Ҳисоб палатаси, Марказий банк, суд ва прокуратура органлари, уларнинг тузилмавий ва ҳудудий бўлинмалари ҳамда устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ бўлган хўжалик жамиятлари ва давлат унитар корхоналари томонидан очиқ эълон қилинувчи ижтимоий аҳамиятга эга маълумотлар рўйхати шакллантирилди.

Бундан ташқари, бюджет ҳаражатларини тартибга солиш борасида жамоатчилик назоратини ўрнатиш, бюджет қонунчилиги бузилиши ҳолатлари ҳақида маълумот бериш ва бюджет жараёнларини такомиллаштириш бўйича таклифлар беришни ташкил этиш мақсадида «Openbudget» – «Очиқ бюджет» портали ишга туширилди.

Давлат бошқаруви тизимида «инсон омили»ни камайтириш мақсадида давлат ва жамият бошқаруви соҳаларига ахборот-коммуникацион технологияларни кенг жорий этиш йўлга қўйилди. Маъмурий ва қоғозбозлик тўсиқларини бартараф этиш, рўйхатдан ўтказиш, лицензия ва рухсатномалар бериш жараёнини осонлаштириш ва тезлаштириш мақсадида барча ҳудудларда 160 дан зиёд турдаги шаффоф, қулай ва тезкор хизматларни кўрсатувчи 201 марказ ташкил этилди.

Коррупцияга қарши кураш БМТнинг Коррупцияга қарши кураш тўғрсидаги Конвенцияси меъёрларини мамлакат қонунчилиги ва амалиётига тадбиқ этиш билан биргаликда олиб борилмоқда.

Кенг жамоатчилик иштирокида коррупцияга қарши муросасиз муҳит яратилмоқда. Хусусан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тизими тубдан такомиллаштирилди, Президентнинг халқ ва виртуал қабулхоналари, «Ишонч телефони», шунингдек, вазирлик ва идораларнинг «ишонч телефонлари» ва «виртуал қабулхоналари» ташкил этилди, Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида барча даражадаги давлат раҳбарларининг «сайёр қабуллари»ни ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди. Давлат органлари ва хўжалик субъектларида «Коррупцияга қарши комплаенс назорат» тизими жорий этилмоқда.

2022 йилда «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонун ва Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-аҳлоқининг намунавий қоидалари қабул қилиниб, коррупцияга қарши тақиқлар ва чекловлар ўрнатилди.

Мурожаатномада давлат органлари раҳбарларининг сиёсий ва ҳуқуқий жавобгарлиги институтини жорий этиш таклиф қилинди.

«Биз коррупция ҳақида кўп гапирамиз, лекин нима учун вазирлар ўз тизимларида йўл қўйилган коррупция ҳолатлари учун жавоб бермасликлари керак? Энди сўров бошқача бўлади. Ҳар бир вазир, биринчи навбатда, ажатилаётган маблағларнинг самарали ва мақсадли сарфланиши учун жавобгар бўлади», - дея таъкидлади давлат раҳбари.

Шунингдек, ҳукумат қарорлари, мамлакат ҳаётига оид ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича муҳим қарорларни қабул қилишни жамоавий тарзда, бевосита вазирлар иштирокида амалга ошириш таклиф этилди.

Депутатлар, сенаторлар, маҳаллий Кенгашларга муайян соҳаларда таҳлил ўтказиш ва коррупцияга барҳам беришда фаоллик кўрсатиш топширилди. Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш мақсадида сунъий монополия, ёпиқ схемалар ва, умуман, коррупцияга йўл берувчи барча иллатларни бартараф этиш бўйича амалий ишларни кучайтириш топширилди.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалий ишларни кучайтириш Ўзбекистон давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналиши ҳисобланади.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасида ташаббусларни амалга ошириш қонун устуворлиги, фуқаролар билан бир қаторда тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга имкон беради. Яширин иқтисодиёт даражасини камайтириш ва мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини оширишга ёрдам беради.

Баходир Исмоилов,

ҳуқуқшунослик фанлари доктори

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг