Нуронийлардан ҳар биримиз хабар олишимиз керак — Президент

Президент Шавкат Мирзиёев бугун Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан фахрийларнинг зиёратига борди. Xabar.uz мухбири томонидан маълум қилинишича, давлат раҳбари шунингдек ОАВ ходимлари билан ҳам мулоқотда бўлди.
«Бугунги байрам билан муҳтарам фахрийларимизни, бутун халқимизни табриклайман. Фахрийларимизни асраш бизнинг бурчимиз. Ҳар биримиз бориб улардан хабар олишимиз лозим.
Шахсан ўзим ҳам, бошқа раҳбарлар ҳам нуронийларимизни зиёрат қилиб келяпмиз. Бугун 98 ёшли Аббос ота билан суҳбатлашдим. Уларнинг гапларини эшитиб, кўнглим кўтарилди! Берлингача борган отанинг ўзи жонли тарих», — деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари шунингдек журналистлар билан учрашувда халқ манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтди ва ОАВ вакилларидан халқ билан мулоқотда яна-да фаолроқ бўлишни сўради.
«Бизнинг ҳар бир ҳаракатимиз халқимиз манфаати йўлида амалга оширилади. Кўриб турибсизлар, иложи борича яхшироқ шароит яратишга ҳаракат қиляпмиз. Ободонлаштириш ишлари олиб бориляпти, ҳар бир раҳбардан аввало халқни рози қилишни талаб қиляпмиз. Албатта қилинган ишлар ҳали етарли эмас, аммо биз тўғри йўлдамиз.
Сизни яна кўриб турганимдан хурсандман. Ҳар доим айтганман, оммавий ахборот воситалари менинг елкадошим. Мақсадимиз халқимизни рози қилиш. Сиз кўтараётган муаммолардан раҳбарлар анча хушёр тортиб қолган. Биз белни маҳкам боғлаб, биргаликда ишлашда давом этамиз.
Олиб борилаётган ишларни, амалга оширилаётган ислоҳотларни халқимизга яна-да кенгроқ етказсангиз яхши бўларди. Шунда одамларимиз бизнинг мақсадимизни тўлиқроқ тушунарди ва қабул қиларди», — деди Шавкат Мирзиёев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter