Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбек ва туркман халқларини моддий манфаатлар бирлаштирмайди

Ўзбек ва туркман халқларини моддий манфаатлар бирлаштирмайди

Фото: «President.uz»

Ким қандай ўйласа, ўйлайверсин, хоҳ ишонсин, хоҳ ишонмасин, туркман халқини ўзбеклардан ортиқ яхши биладиган, яхши кўрадиган бошқа миллатни ҳам, элатни ҳам бу дунёдан топиш қийин.

Яна айтадиган бўлсак, ўзбек ва туркман илдизи бир, тили, дини, урф-одатлари бир, не-не синовлардан бирга ўтган, керак бўлганда, ғанимларга қарши бирга курашган, бир дарёдан сув ичиб, нон-тузини баҳам кўриб келган халқ. Тарихи ва тақдири бир, қуда-андачилиги минг йиллардан ошадиган халқ. Шунданми, йигитлари ёнма-ён турса, Ҳасан-Ҳусанга ўхшайди, қизлари худди Фотима-Зуҳрадек бир биридан гўзал, латофатли.

Ўйлаб кўрсангиз, яна бир ҳақиқатни англайсиз. Ўзбек ва туркманнинг нафақат сиймоси ўхшаш, урф-одатлари ўхшаш, энг муҳими руҳияти, маънавияти ўхшаш. Улуғ бобомиз Алишер Навоийни туркманлар биз билан баб-баравар қадрлайди, унинг даҳосидан худди биздек фахрланишади. Туркманистоннинг доно шоири, ардоқли шоири Махтумқулини ўзбеклар ўз шоиридек суяди, шеърларини қўшиқ қилиб куйлайди.

Бундай ўйлаб кўрсак, ўзбек ва туркман халқлари муносабатини «яқин қўшни, ишончли дўст, яқин ҳамкор» сўзлари билан ифодалаб бўлмайди. Бизнинг муносабатларимиз даражаси фақат дўстлик билан белгиланмайди. Бизни боғлаб турган асосий восита иқтисодий ҳамкорлик ёки аллақандай бошқа манфаатлар ҳам эмас.

Бизнинг муносабатларимиз дўстлик, ҳамкорлик, яқин қўшничиликдан ҳам юқори туради. Биз томири бир, қалби муштарак, маънавий, руҳан бир халқмиз. Энг катта кучимиз руҳан бирлигимизда. Буни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Республикаси Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Туркманистонда бўлганида қон-қариндошлигимиз яна бир бор яққол намоён бўлди. Тўғриси, Президентимиз Туркманистонда юксак ҳурмат-эътибор билан кутиб олинишига ишонардик. Аммо бундай юксак даражадаги самимият, меҳр-муҳаббатни кў­риб, қувончимизни чеки бўлмади. Аввало, икки Президентнинг бир-бирига самимий муносабати, очиқ чеҳра билан олиб борган мулоқотлари, билдирган эзгу тилаклари ўзбек ва туркман халқлари юрагига кўчди, қалбини қувончга тўлдирди.

Ҳозир дунёнинг кўпгина сиёсатчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг биринчи бўлиб Туркманистонга давлат ташрифи билан борганига эътибор қаратмоқда. Бизнинг урф-одатларни, ўзбек ва туркман халқи асли кимлигини билганлар тўғри фикр юритиши мумкин. Буни билмаганлар ҳар хил башоратлар атрофида айланишмоқда.

Шавкат Мирзиёев сайловолди дастурида ва Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш маросимида ҳам аввало, яқин қўшни мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадини баён қилган эди. Президентимизнинг Туркманистонга давлат ташрифини халқимиз якдиллик билан қўллаб-қувватлади. Ташриф доирасидаги тадбирларни катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатиб борди. Айниқса, икки халқ санъаткорларининг биргаликдаги концерт дастури халқларимиз қалбининг изҳорига айланди. Ўзбек санъаткорлар туркман қўшиқларини, туркман санъаткорлар эса ўзбек қўшиқларини бир-биридан ўтказиб куйлади, раққосалар қўл ушлашиб, бир-бирини бағрига босиб хиром айлаши дилларни дилларга боғлади. Биз саҳнада опа-сингилларни, оға-иниларни кўрдик. Соғинчни, меҳрни кўрдик.

Бизнинг қадим дўстлигимиз, биродарлигимиз мустақиллик йилларида кенг қулоч ёзди, янги шароитда янгича йўлга қўйилди. Бугунги ҳар томонлама ҳамкорлик, мустаҳкам ишонч, самимий дўстлик йўлга қўйилишида Ўзбекистоннинг замирида Биринчи Президенти Ислом Каримов хизматлари буюклигини миннатдор бўлиб ёдга оламиз.

Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов билан Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳар бир масалада, ҳар қандай шароитда бир-бирини қўллаб келди. Бу бирлик ишонч ва ҳамкорлигимизни йил сайин юқорига олиб чиқди.

Бўлиб ўтган музокаралар чоғида қатор соҳаларда ўзаро ҳамкорликни юксак даражага кўтариш баробарида стратегик шериклик тўғрисида ҳам шартнома имзолангани тарихий воқеалардан бири бўлди. Бу шартномалар икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар олий даражага кўтарилаётганидан дарак беради, ҳамкорлигимиз янги янада юқори босқичга кўтарилганлигини кафолатлайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга ташрифининг энг ҳаяжонли, тарихий воқеаси Туркманобод шаҳрида бўлиб ўтди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Маълумки, ўтган йил сентябрь ойида халқимиз бошига оғир мусибат тушди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов билан видолашув учун Гурбангули Бердимуҳамедов биринчилардан бўлиб, Самарқандга келган эди. Видолашув маросимида у қанчалик изтироб билан гапириб, халқимизга ҳамдарлик билдиргани ҳамон кўз ўнгимизда турибди, ҳалигача одамлар унинг чин кўнгилдан қайғуриб айтган сўзларини хурмат билан эслашади.

Тўғриси, киши қадрдон устози ёки туғишган оғаси билан видолашаётганда ана шундай чуқур изтироб чекади, қайғуга тушади. У ҳамдардлик билдираётганида бизга қараб «туғишганлар» деган сўзни ҳам юрагидан айтди, кишини ўйга толдирадиган, хулоса чиқарадиган қилиб айтди. Ўша нутқида Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистонда ҳам буюк Йўлбошчимиз хотирасини абадийлаштириш, кўчаларга унинг номини бериш, ҳайкалини ўрнатиш ҳақида гапирган эди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга ташрифининг иккинчи куни Туркманобод шаҳридаги марказий кўчага Ислом Каримов номи берилди. Ушбу кўчада ёдгорлик мажмуаси барпо этилди, Биринчи Президентимиз бюсти ўрнатилди. Мажмуа деворида Ислом Каримовнинг шундай сўзлари битилган: «Биз қадрлашимиз ва юксалтиришимиз зарур бўлган муҳим бойлик — бу мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ишончдир». Бу сўзлар ўзбек ва туркман тилларида битилган. Бу сўзлар ҳар икки халқ юрагига муҳрланган.

Тантанали маросимда Прези­дентимиз Шавкат Мирзиёев буюк давлат арбоби, узоқни кўра оладиган доно сиёсатчи, Ўзбекистон — Турманистон дўстлигини абадийлаштиришда буюк ҳисса қўшган Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтиргани учун Туркманистон раҳбарига, халқига чуқур миннатдорлик билдирди.

Ислом Каримов номи абадийлаштирилгани айни чоғда туркман оғалардан ўзбек халқига кўрсатилган юксак ҳурмат-эҳтиром рамзидир.

Бу амалий ишлар, оға-инига хос бўлган ишлар туркман халқининг бизга қанчалик яқинлигини яна бир бор кўрсатди. Хурсандчилигимиз ва миннатдорлигимизнинг чеки йўқ. Тарихий учрашув бўлди, буюк воқеалар бўлди. Икки халқ дўстлиги, оға-иничилигининг тантанаси бўлди, тўйи бўлди. Ҳавас қилишга, ибрат олишга муносиб байрам бўлди.

Яна бир бор такрорлагинг келади, Ўзбекистон билан Туркманистонни моддий бойлик бирлаштирмайди, манфаат бирлаштирмайди. Бизни аввало, маънавий-руҳий яқинлик бирлаштиради, тарих бирлаштиради, қон-қардошлик бирлаштиради. Туркманистон хорижий мамлакатлар орасида биринчи бўлиб Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти хотирасини абадийлаштирди. Туркманистонда Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатилди. Ўзбек халқи қалбида эса туркман халқига ҳайкал ўрнатилди!

Сафар Остонов,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

«Ўзбекистон овози» газетасидан олинди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг