Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон даромади ўртачадан юқори давлатлар қаторига кирди

Ўзбекистон даромади ўртачадан юқори давлатлар қаторига кирди

Фото: Президент матбуот хизмати

Катта сиёсий ирода билан Ўзбекистон дунёга кенг очилди, чегара муаммолари ҳал қилиниб, қўшнилар билан дўстлик ва ҳамкорлик мустаҳкамланди.

​Валюта, солиқ, божхона ва инвестиция сиёсатида туб ўзгаришлар амалга оширилди.

​Натижада мамлакатимизнинг Иқтисодий эркинлик индексидаги ўрни 80 поғона яхшиланиб, Ўзбекистон иқтисодиёти мўтадил эркин давлатлар қаторидан жой олди.

​Илгари иқтисодиётимизга йилига 2-3 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинган бўлса, ҳозир мазкур кўрсаткич 40-50 миллиард долларни ташкил этмоқда. Инвестициялар билан бирга илғор технологиялар, замонавий билим ва янги иқтисодий имкониятлар ҳам кириб келмоқда.

​Уч йил олдин 2030 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга етказиш режа қилинган эди. Глобал логистикадаги узилишлар ва дунёдаги нотинч вазиятга қарамасдан, ушбу марра жорий йилнинг ўзида ортиғи билан бажарилиб, Ўзбекистон даромади ўртачадан юқори давлатлар қаторига киради.

​– Бундай юксак натижаларга халқимизнинг фидокорона меҳнати, интеллектуал салоҳияти ҳамда миллат ва давлат бирдамлиги туфайли эришяпмиз. Ижобий ўзгаришларни ҳар бир инсон, ҳар бир оила ўз ҳаётида чуқур ҳис этяпти,– деди Президентимиз.

– Бизнинг энг катта бойлигимиз – эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи күчи бўлган Янги Ўзбекистон ёшларидир, – деди давлатимиз раҳбари.

​Интилувчан ва тиришқоқ ўғил-қизларимизни қўллаб-қувватлаш учун ҳар йили 20-25 триллион сўм ажратилмоқда. Бугунги кунда мамлакатимиздаги бизнес вакилларининг 35 фоизини ёш тадбиркорлар ташкил этмоқда.

​Токио ва Париж Олимпия ҳамда Паралимпия ўйинларида, дунё майдонларида ёш спортчиларимиз эришган тарихий ютуқлар халқимизга чексиз ифтихор бағишлагани таъкидланди.

​Футболчиларимиз илк бор жаҳон чемпионатида иштирок этиб, ўзбек спорти тарихида янги саҳифа очди. Улар бошлаган йўл давомли ва зафарли бўлишига ишонч билдирилди.

​Яқин кунларда Самарқандда Жаҳон шахмат олимпиадаси бошланади, ноябрь ойида эса гроссмейстер Жавоҳир Синдаров жаҳон шахмат тожи учун курашга киришади. Президентимиз шахматчи ўғил-қизларимизга улкан зафарлар тилади.

​– Сизларни Янги Ўзбекистон юлдузлари, келажак бунёдкорлари деб биламан! Олдинга қараб интилишдан ва доимий изланишдан ҳеч қачон тўхтаманг, азиз фарзандларим! – дея ёшларга мурожаат қилди давлатимиз раҳбари.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг