Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон президенти Си Цзинпинга табрик йўллади

Ўзбекистон президенти Си Цзинпинга табрик йўллади

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзинпинга Хитой Коммунистик партиясининг XX қурултойи муваффақиятли ўтказилгани ҳамда у партиянинг Марказий қўмитаси Бош котиби лавозимига қайта сайлангани муносабати билан табрик йўллади.

«Хитой Халқ Республикаси Сизнинг раҳбарлигингиз остида мисли кўрилмаган ютуқларга эришиб келмоқда. Узоқни кўзлаган доно сиёсатингиз, олиб бораётган кенг кўламли ислоҳотларингиз, аввало, Хитой халқининг турмуш тарзини тубдан яхшилашга ва мамлакатнинг бардавом тараққиётини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда», дейилади жумладан мактубда.

Давлатимиз раҳбари Си Цзинпин томонидан эълон қилинган янги режалар ва олға сурилган барча ташаббуслар Хитой давлатининг гуллаб-яшнашига муносиб ҳисса қўшиши ва унинг халқаро нуфузини янада юксалтиришига ишонч билдирган. Бугунги кунда Хитой Ўзбекистоннинг етакчи савдо ҳамкорига айлангани, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик барча соҳаларда жадал ривожланиб бораётгани алоҳида қайд этилган.

«Сиз, азиз биродарим билан бундан кейин ҳам дўстона ва очиқ мулоқотларни давом эттиришга тайёрлигимни билдираман. Ишончим комилки, келажакда Ўзбекистон-Хитой ўзаро манфаатли алоқаларини биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан янада юқори чўққиларга албатта олиб чиқамиз», дейилади мактубда.

Мамлакатимиз етакчиси Си Цзинпинга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат ва масъулиятли давлатчилик фаолиятида янги зафарлар, дўст Хитой халқига эса тинчлик ва давомий равнақ тилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг