Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ва Малайзия янги алоқа нуқталарини изламоқда

Ўзбекистон ва Малайзия янги алоқа нуқталарини изламоқда

Ўзбекистон ТИВ Б.Саидов ҳамда Малайзия бош вазири А.Иброҳим.

Бугун, 28 февраль куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Куала-Лумпурда Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим билан учрашди.

Ўзбекистон бош дипломатига кўра, суҳбат чоғида икки томонлама алоқаларни барча йўналишларда мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли мавзулар, жумладан, Малайзия компаниялари билан сармоявий ва саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди. Б.Саидов Малайзия бош вазирига Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг самимий саломини етказди.

«Биз икки мамлакат ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликни, айниқса, савдо, сармоя ва стратегик робиталарни такомиллаштириш аҳдида собит эканимизни билдирдик. Шу билан бирга, ўзаро манфаатли бўлган халқаро ва минтақавий масалалар, жумладан, ИҲТ доирасида ҳамкорлик, Ғазодаги вазият, Афғонистонда ҳодисалар юзасидан фикр алмашдик. Мен ушбу учрашув Малайзия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилади деб ҳисоблайман», – деб ёзди Малайзия бош вазири ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифасида.

Бахтиёр Саидов сафари давомида Малайзия ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ҳожи Ҳасан билан ҳам мулоқот ўтказди.

«Тошкент ва Куала-Лумпур ўртасидаги масофа улкан бўлишига қарамай, Ўзбекистон ва Малайзия ташқи ишлар вазирликлари доимий равишда янги алоқа нуқталарини излайди ҳамда сиёсий, парламентлараро, иқтисодий, маданий ва гуманитар мулоқотни кенгайтиришга кўмаклашади», – деб изоҳлади у ушбу мулоқотни.

Малайзия ташқи ишлар вазирлиги бу Б.Саидовнинг Куала-Лумпурга вазир сифатидаги илк ташрифи эканини урғулаган.

Икки давлат ташқи ишлар вазирлари.

Сафар доирасида Малайзия пойтахтида Ўзбекистон бизнес-форуми ўтказилиши режалаштирилган. 

2023 йилда Ўзбекистон Малайзиянинг Марказий Осиёдаги иккинчи йирик савдо ҳамкори бўлди. Икки давлат савдо айланмаси 451,9 миллион ринггитни (94,03 миллион доллар) ташкил этди. Бу 2022 йилга нисбатан 30,9 фоиз кўп демакдир.

Аввал хабар берганимиздек, президент Шавкат Мирзиёев 2023 йил 1 декабрь куни Дубай шаҳрида ўтган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси доирасида Малайзия подшоҳи билан учрашган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг