Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ва Сингапур президентлари музокара ўтказишди

Ўзбекистон ва Сингапур президентлари музокара ўтказишди

Фото: Президент матбуот хизмати

Бугун, 24 май куни, «Кўксарой» қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Яқубнинг музокаралари бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида Сингапур Президенти мамлакатимиз раҳбарига Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келиш таклифи ва Сингапур делегациясига кўрсатилаётган илиқ қабул учун самимий миннатдорлик билдирди. Бўлажак Ўзбекистон Президенти сайловида катта муваффақиятлар тилади.

Ушбу олий даражадаги ташриф икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён ўтган 25 йил ичида биринчиси экани таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сингапурга шу йил январдаги тарихий ташрифи якунида ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари бўйича эришилган барча келишувлар изчил амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Музокараларда сиёсий мулоқот ва парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш, давлат бошқаруви соҳасида кадрлар тайёрлаш дастурларини амалга ошириш, жамоат хавфсизлиги ва маданий-гуманитар алмашинув бўйича мулоқотларни фаоллаштириш масалаларига катта эътибор қаратилди.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда улкан ютуқларга эришилаётгани алоҳида таъкидланди.

Жорий йил бошидан ўзаро савдо кўрсаткичлари бир неча баробар ошди. Сингапур Ўзбекистоннинг энг йирик инвесторлари сафига кирди. 

Бугунги кунда Сингапурнинг «Indorama», «Meinhardt Group», «Franklin Templeton», «Enercon», «PSA», «Changi Airport» ва бошқа етакчи компаниялари билан биргаликда кимё ва тўқимачилик саноати, транспорт ва логистика, шаҳарсозлик, таълим хизматлари, хусусийлаштириш соҳаларида 3,8 миллиард долларлик лойиҳаларнинг амалга оширилиши фаол паллага кирган.

Иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари батафсил кўриб чиқилди. Ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасидаги Ўзбекистон-Сингапур бизнес-форуми натижалари савдо, логистика, инновациялар, энергетика, соғлиқни сақлаш каби соҳаларда етакчи компанияларнинг инвестициявий шериклигини кенгайтиришга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва озиқ-овқат маҳсулотларининг Сингапур бозорига етказиб берилишини йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.

Томонлар гуманитар лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга қатъий интилишини билдирди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси негизида ташкил этилган қўшма таълим маркази доирасида Сингапурнинг давлат бошқаруви ва бошқарув кадрларини тайёрлаш борасидаги тажрибасини жорий этиш муҳимлиги таъкидланди.

Сингапурнинг Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари фаолияти ҳамда икки мамлакат ўртасидаги мунтазам маданий, таълим ва туризм алмашинувларининг фаоллашиши қўллаб-қувватланди.

Давлат раҳбарлари Марказий ва Жануби-шарқий Осиёда минтақавий интеграциянинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашиб, халқаро майдонда, энг аввало БМТ доирасида ҳамда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш жараёнида ўзаро англашув ва қўллаб-қувватлаш даражаси юқори эканини қайд этдилар.

Музокаралар ишонч, очиқлик ва дўстлик руҳида ўтди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг