Ўзлаштиришнинг «ўзбекча» усули
Сир эмас, одамлар орасида «Бюджетнинг пуллари қаёққа кетяпти?» – деган надоматлар юради. Идораларга бу савол берилса, улар: «Молия вазирлигидан пул олиш қийин»лигини рўкач қилишади. Эндиликда мана шундай тартиб ўзгармоқда. Қайси соҳага қанча маблағ ажратилгани, соҳагагина эмас, қайси идорага қанча берилиши ва нимага сарфланиши ошкор қилинмоқда ва жамоат назорати ўрнатишга даъват қилинмоқда. Хўш, бу янгилик қанчалик даражада ўзини оқлайди?
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 31 октябрь куни макроиқтисодий кўрсаткичлар, солиқ-бюджет сиёсати, давлат бюджетининг жорий йилда кутилаётган ижроси ва 2020 йилга мўлжалланган параметрлар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди. 1 ноябр куни эса Молия вазирлиги «Фуқаролар учун Давлат бюджети – 2020» деган ҳужжатни халқ ҳукмига ҳавола этди.
Шу ўринда айтиб ўтишимиз керакки, 2018 йил 22 август куни Президентнинг «Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Унга мувофиқ, бюджет маблағларининг шаклланиши ва сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатишнинг янги тартиби белгиланган эди. 2020 йилдан бошлаб давлат бюджети қонун шаклида қабул қилинади ва халқ вакиллари томонидан назоратга олинади. Парламентга тақдим этиладиган Бюджет тўғрисидаги қонун лойиҳасида ва Бюджетномада аҳоли ва ташқи ҳамкорларимизга мамлакат бюджетининг ҳолати очиқ-ойдин, халқаро стандартларга мувофиқ тарзда кўрсатилиши керак.
Республика бюджети борасидаги норматив ҳужжатлар Олий Мажлис томонидан, маҳаллий бюджетлар эса жойлардаги халқ депутатлари кенгашлари томонидан қабул қилиниши шарт. Қолаверса, харажатлар соҳалар бўйича эмас, вазирлик ва идоралар кесимида тасдиқланиши лозим.
Жамоатчилик журъати етадими?
Албатта буни вақт кўрсатади. Жорий этилаётган янги тизимнинг ўзига хос жиҳати – марказлашган бюджет сиёсатидан босқичма-босқич воз кечиш. Масалан, маҳаллий бюджетлар даромадини мустаҳкамлаш мақсадида автомототранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш йиғимлари маҳаллий бюджетга ўтказилмоқда. Алкоголь маҳсулотлари ва мобиль алоқа хизматини кўрсатиш учун акциз солиғи тушумлари аҳоли сонидан келиб чиқиб ҳудудлар ўртасида қайта тақсимланади. Қўшилган қиймат солиғи ва юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича прогноздан орттириб бажарилган қисми тўлиқ ҳудудларда қолдирилади. Кейинги йилдан бошлаб маҳаллий бюджетларнинг қўшимча даромадлари ҳокимлар томонидан эмас, маҳаллий кенгашлар томонидан маъқулланган йўналишларга ажратилади. Фақат кечиктириб бўлмайдиган харажатларгина ҳокимликлар томонидан тасдиқланиши ва кейинчалик уларнинг тўғри сарфлангани ҳақида кенгашлар олдида ҳисобот берилиши лозим.
«Иқтисодиёт тармоқларини «оёққа турғазиш», рақобатбардош қилиш учун кейинги икки йилда уларга барча имкониятлар берилди. Бироқ, бу имкониятлардан фойдаланиб, қайси тармоқ меҳнат унумдорлигини оширди, маҳсулотлар рақобатбардош бўлиши ва экспорт таркибида тайёр маҳсулотлар улуши кўпайишини таъминлай олди? Афсуски, бирорта тармоқни бугунги кунда «зўр ишлади ёки юқори натижа берди», деб айта олмаймиз».
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Иқтисодиёт тармоқларидаги тизимли муаммолар, инфляция даражасининг 16 фоиздан пасаймагани аҳоли тўлов қобилиятига салбий таъсир этмоқда. Вақт-вақти билан ошаётган маошларни пулнинг қадрсизланиши ортиғи билан ютиб юбормоқда. Шундай бўлмаслиги учун нима қилиш керак?
Эслаймиз – Англияда кончилар олти йил тинимсиз намойиш қилганига қарамасдан «темир хоним» – Бош вазир Маргарет Тетчер маошни 5 фунтга ҳам оширишга рози бўлмаган. Унинг фикрича, оширилган маош харажатлари яна маҳсулотга юкланади ва кечаги пулга бугун кечагича нарса сотиб олиб бўлмай қолади... Ҳа, иқтисодиёт ҳали ҳам ўша азалий қоидаларга кўра ривожланади. Маош оширишдан кўра, маҳсулотлар таннархини тушириш керак ва коррупцияни йўқотиш лозим.
Ўзбекистон экспортининг 60 фоизидан юқорисини, катта қисмини ҳанузгача газ, олтин, кумуш, мис, рух, полиэтилен, калава ип каби хомашё ташкил этаётгани ачинарлидир.
Мисол учун, давлат раҳбари бир мажлисда мамлакатда чарм-пойабзал экспорти бўйича камида 1,5 миллиард долларлик экспорт салоҳияти борлигини таъкидлади, лекин ҳозирда бу борадаги кўрсаткич 200 миллион долларга ҳам етмайди. «Ўзчармсаноат» уюшмасига терини чуқур қайта ишлаб, аёллар пойабзаллари ва сумкалари, спорт анжомлари ва бошқа тайёр чарм-атторлик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш орқали экспорт ҳажмини 2 баробар ошириш вазифаси қўйилди. Лекин, ёдимизда бу уюшма четдан кирадиган пойабзалга давлат божини ошириш таклифи билан чиқди – демак унинг маҳсулотлари хорижники билан рақобат қила олмайди ва у маҳсулотларини четга эмас, ўзи истаган юқори нархда халқимизга сотмоқчи.
Тўқимачилик саноати маҳсулотлари икки баробарга ошгани айтилди, аммо 1 миллиард 600 миллион долларлик экспортнинг ярмини ип-калава экспорти ташкил этмоқда.
Яна бир таҳлил: дунёда мева-сабзавот маҳсулотларининг ташқи бозори 205 миллиард долларни ташкил этади. Ўзбекистоннинг бу бозордаги улуши эса бир фоизга ҳам етмайди.
«Фуқаролар учун бюджет – 2020»
Эълон қилинган ҳужжат деярли ҳар йилгидек. Келгуси йили ижтимоий соҳалар учун давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳажми ортиши кўзда тутилган. Масалан, соғлиқни сақлаш тизимига йўналтириладиган харажатлар жорий йилдагига нисбатан 18 фоизга, таълим соҳасига – 10 фоизга ва илм-фан ривожига – 47 фоизга кўпаяди...
Бюджет харажатлари 131 триллион 104,5 миллиард сўм бўлиши тахмин қилинмоқда, бу эса 2019 йилга нисбатан 22,4 фоиз юқори демакдир. Аммо инфляциянинг даражасини ҳисобга олсак, бу асло ўсиш эмаслиги ойдинлашади.
Статистиканинг сир-синоатларини оддий фуқаро билиши мушкул. Пулга чақилган кўрсаткичлар аниқ тасаввур бермайди. Дейлик, миллион тонна гўшт ишлаб чиқарсак ва ўтган йил 40 минг сўмдан 40 миллиард сўм бўлса, бу йил ҳам шунча ишлаб чиқарсак ва бу бугунги нархларда 60 минг сўмдан 60 миллиард сўм бўлса, гўшт саноати ишлаб чиқариш ҳажми 50 фоиз ошди, десак бўладими?! Пулга чаққанда ошган, аммо миқдорда бир килога ҳам ошмаган-ку! Қолаверса, ҳар йили аҳоли сони 300-400 минг кишига кўпайиши ҳисобига киши бошига янада камайган бўлиб чиқади.
Инфляциянинг йиллик ўсиши 16 фоизга ошгани айтилганига таянсак, таълим соҳасига ажратилган харажатнинг 2020 йилда 10 фоизга ошганлиги аслида харид қувватининг ошмаганлигини, 6 фоизга камайганлигини билдиради.
Ялпи маҳсулотларнинг табиий миқдорини ёки халқаро валюта бирликларида аҳоли жон бошига тақсимланиши холисроқ манзарани касб этган бўларди.
Аёнки, аҳоли сони ошади, нарх ошади, маош ошади, инфляция ошади, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи маҳсулот ошишга улгурмайди, маош нархнинг ортидан улгурмайди – бу бугунги ҳолатимиздаги айни ҳақиқат. Шунинг учун Шавкат Мирзиёев инфляцияни бугунги 16 фоиздан яқин уч йил ичида 9,5 фоизга тушириш вазифасини қўйди. Марказий банк раиси муовини инфляциянинг юқорилиги умуман ислоҳотларнинг келажагини хавф остига қўйишини айтганида ҳақдир.
Келгуси йил учун бюджетда инфляциянинг 12,5-13 фоиз атрофида бўлиши режалаштирилмоқда. Режаларга иқтисодий вазият қандай жавоб қилиши аниқ эмас. Масалан, ёдимизда, 2018 йилда Ўзбекистон иқтисоди 5,2 фоиз ўсгани ҳолда, инфляция – 17,5 фоиз ошган эди.
Мўътадил иқтисодда инвестициялар фойдали соҳага йўналтирилиб, олинган фойдадан қарз қайтарилиши керак. Бунинг учун инвестициялар «нақадар буюклигимиз»ни дунёга кўз-кўз қиладиган соҳаларга эмас, халққа фойдаси тегадиган ва ўзи ҳам фойда келадиган соҳаларга, инфратузилмавий тармоқларга йўналтирилиши керак.
Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 2020 йил бошида $ 21,3 млрд. (ЯИМнинг 36 фоизи) бўлиши, улардан давлатнинг ташқи қарзи $ 15,3 млрд. (ЯИМнинг 25,4 фоизи) бўлиши белгиланди. Бизга қарз беришда кўп йиллардан бери Хитой ва Япония етакчидир. Банклардан энг кўп қарз бераётгани Осиё тараққиёт банки – 3,929 млрд. доллар ёки ташқи банклардан олинган қарзнинг 51 фоизи. Албатта, қарз юки мамлакатдаги етишмовчиликларни тузатиб оёққа туриб олиш ва ишлаб, сармоядорга қайтарилиши учун олинади, еб юбориш учун эмас. Қарзлар даражаси макроиқтисодий барқарорликни хавфсиз даражада сақлайдиган ҳолда ушланиши, улар ўз вақтида қайтарилиши, хавотирлар бартараф этилиши, муҳими, фойдаси аниқ соҳаларга ишлатилиши шарт.
Ўзлаштиришнинг «ўзбекча» усули
Бюджет қабул қилинади. Ҳамма гап унинг ҳалол ижросида қолади. Давлат ва жамият тизимининг айрим қисмларида ҳали ҳамон монополизм, порахўрлик, коррупция, таниш-билишчилик, кўзбўямачилик ҳолатлари кузатилаётганидан кўз юма олмаймиз. Афсуски, бюджетнинг жамланиши ва сарфланишида ҳам ана шу муҳит четда эмас-да.
Кеча ва бугунги айрим хабарлардан биргина шингил: Самарқанд шаҳар ҳокимиятининг бир қарори билан 2018 йилда харитада умуман бўлмаган уйни бузишга компенсация тариқасида 836 миллион сўмни Давлат бюджетидан ажратиб олган. Яъни уйлари бузилган инсонлар товон пули ололмай овора бўлган, давлатимиздан нолиб турган, давлат бошқа жабҳалардан тежаб ажратган пул ўзлаштириб юборилган...
Яна бир хабар: «Жамоат ишлари жамғармаси тизимида ноқонуний харажатлар аниқланди... Молия вазирлиги мониторинги вақтинча ишсиз аҳолини жамоат ишларига жалб қилиш билан шуғулланувчи Жамоат ишлари жамғармаси тизимида 4,7 млрд. сўмлик ноқонуний сарф-харажатларни аниқлади». Гап нимада? Ишсиз, мардикорчилик қилиб юрганларга кўча супуртириш, ободонлаштириш сингари ишларни таклиф этиб, уларга маош бериш учун жамғарма тузилди, бюджетдан – яъни халқнинг пулидан миллиардлар ажратилди. Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида жамоат ишларига 284 минг нафар фуқаро жалб этилган деб ҳужжатлаштирилган ва гўё уларга жамғарма ҳисобидан 189,4 млрд. сўм иш ҳақи тўлаб берилган. Танлаб текширилганнинг ўзидаёқ ўнлаб суиистеъмолликлар аниқланган.
Мисол учун, Андижон шаҳар Аҳоли бандликка кўмаклашиш маркази бош ҳисобчиси «Элга хизмат кўмакдош» МЧЖ раҳбари билан келишган ҳолда жамоат ишларини бажарганлик тўғрисида ҳеч қандай ҳужжатларсиз 362,8 млн. сўм маблағни МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб берган. Балиқчи тумани Аҳоли бандликка кўмаклашиш маркази бош инспектори тумандаги 8 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари билан келишган ҳолда 44 нафар фуқаро билан тузилган сохта меҳнат шартномалари ва жамоат ишлари бажарилганлиги тўғрисида ҳисобот маълумотлари асосида 52,4 млн. сўм ўзлаштирилган, яъни ўша фуқаролар иш бажармаган ҳам ва бу пулларни кўрмаган ҳам...
Афсуски, бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Шунинг учун ҳам давлат раҳбари бюджет маблағларини сарфлаш устидан қатъий молиявий-бюджет интизомини ўрнатиш лозимлигини таъкидламоқда, чунки у салгина киприкни силкитиб, бир лаҳза кўзни бошқа ёққа олсанг, ўпириб кетишларини билади.
Давлат бюджетининг даромад қисмини тўлдириш осон эмас. Молиячилар одамлардан пул чиқариб олишнинг янги ва янги кўп усулларини топади, солиқчилар тадбиркорларнинг тепасида туради ва пул йиғилади, шубҳасиз. Кўп триллионлардан иборат ана шу бюджетнинг сарфланиши устидан давлат назорати билан бирга жамоат назоратини ўрнатиш механизми таклиф қилинмоқда ва уни амалга ошириш керак.
Асосий мезон шундай бўлиши керак – иқтисодга йўналтирилган бюджетнинг ҳар сўми фойда келтириши, ижтимоий соҳага йўналтирилган маблағ мактабларга, беморларга ва муҳтожларгача етиб бориши керак. Ишонамизки, агар давлат бюджетининг харажат қисми ёзилгани каби ҳалол сарфланса, ўғирланмаса, юртда фаровонлик уч-тўрт баробар юксалган бўларди.
Ҳамма соҳада монополия тугатилиши, банклар бозор шароитида ишлаши ва маъмурий аралашувлардан холи бўлиши керак, ўз пулини ўзи топиши, халқ ишончини қозониб жалб қилиши керак. Охирги йилларнинг ўзида давлат бюджетидан тижорат банкларига дастурларни молиялаштириш учун 8,4 триллион сўм ажратилган, айланма маблағларни тўлдириш учун яна 400 миллион доллар берилган, бунинг устига уларнинг устав капиталини оширишга 1,7 миллиард доллар сарфланган.
Умуман олганда, охирги икки йилнинг ўзида банкларимиз давлат ҳисобидан 3,3 миллиард долларга капитализацияланган. Халқ тилига кўчирсак, арзон уйлар, ёш оилаларга уйлар, тадбиркорликни ҳар оилада йўлга қўйиш каби ўнлаб ташаббуслар учун халқнинг пули бўлмаган ва банклардан арзон кредит олиш тавсия этилган. Банклар ўзи қашшоқ экани сабаб бюджетдан уларга қарз берилган ва оз фоизларга ва узоқ муддатга фуқаролар ва ташкилотларга кредит беришлари буюрилган. Улкан қурилишларга, эркин иқтисодий зоналарда барпо этилган корхоналар, намунали уйлар ва ҳоказоларга оз фоизларга пул ажратган банклар чўкмаслик, юзада қолиш учун қолган кредитларининг фоизларини оширишга, қабул қилинган омонатларининг фоизини туширишга мажбур бўлади. Кам фоизга пул қўйишга эса аҳоли рози эмас. Қарабсизки, ошиб кетган кредит кўлами банкларни ўтирғизиб қўяди.
«Бюджет 2020»га кўра ижтимоий соҳаларга бюджетдан 66 триллион сўм ажратилади. Жумладан, таълим тизимига 30 триллион сўм ажратилади, бу 3,15 миллиард доллар демакдир. Балки, аниқ-тиниқ, ҳалол сарфланса, бу анча маблағдир. Таққослаш учун, биргина Гарвард университетининг бюджети 38 миллиард доллар ёки Стенфорд университетининг бюджети 28 миллиард доллардир, яъни 33 миллионли бир мамлакатнинг таълим тизимига ажратилган маблағ битта Гарвард университетига ажратилган маблағдан ўн баробар оздир.
Соғлиқни сақлаш тизимига 14 триллион сўм ажратилган. Кечагина соғлиқни сақлаш соҳасининг юқори лавозимли мутасаддиси: «Одамлар бепул медицина даволаётгани учун соғлиғини қадрига етмаяпти», – деб интервью берди. Унга кўра даволаниш пулли бўлиши ва қиммат туриши керак. Аввал жамоатчилик «текин медицина»га сарфланаётган 14 триллионнинг қаерга кетаётгани билан қизиқиши лозим.
Карим Баҳриев
Манба: «Оила даврасида» газетаси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter