Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент топшириғи 10 кунга қолмай бажарилди: Молия вазирлигида бир кунда 50 киши ишдан бўшатилди

Президент топшириғи 10 кунга қолмай бажарилди: Молия вазирлигида бир кунда 50 киши ишдан бўшатилди

Ўзбекистон Республикаси молия вазирлиги

Фото: «Telegraf.uz»

Шу йилнинг 22 декабр куни Тошкент шаҳридаги Симпозиумлар саройида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига мурожаатнома йўллаган, видеоконференцалоқа режимида ўтган мазкур йиғилишда молия вазирлиги фаолиятини қаттиқ танқид қилган эди.

— Мен нима учун 15-20 йилдан бери ишлаётган молиянинг «м» ҳарфини тушунмайдиган одамларини ҳайдаб юбордим? Олдин ҳар бир одамни бой қилайлик, кейин ўзи тўлайди солиғини, — деган эди Ўзбекистон раҳбари. — Яна ўша гап. У бечораларни олдин талон-торож қилиб, кейин қандай солиқ тўлайди? Энди-энди одамлар ўзгаряпти, энди-энди ишоняпти. Ақлли Молия вазири бўлсанг, ўйла, ноинсоф, атрофингдагиларни ҳаммасини ҳайдавор. Қўчқоров шу ердами? Мен сизларнинг олдингизда айтяпман, агар бир ой ичида ўзгариш қилмаса, ишдан оламан. Менга бунақа молия керак эмас. Молияда ўтирганларнинг ҳаммасини ҳайдайди. Битта Острагорский деган ноинсофни ҳайдаганман, ҳалиям унинг ҳиди келиб турибди. Ташқаридаги бир-иккитаси ишлаяпти. Менга Ватанни севадиган, ўзбек давлатининг, Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир фуқаронинг эртанги кунига бефарқ бўлмаган молиянинг бошлиғи керак!

Йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев молия вазири Жамшид Қўчқоровга ҳам бир неча муҳим вазифалар топширган, жумладан, эскича фикрлайдиган одамлар ҳамон тизимда мавжуд экани ва уларни «каламушлар» деб атаганди. Давлат раҳбари молия вазирига тезроқ улардан халос бўлиш лозимлигини таъкидлаган ва бунинг учун унга 10 кун муҳлат берган эди.

Маълум бўлишича, Президент топшириғининг ижроси ўзини кўп куттириб қўймаган. Йиғилишнинг эртасигаёқ, яъни 23 декабр куни Молия вазирлигининг камида 50 киши ишдан олинган. Бу ҳақда «Kun.uz» сайти хабар бермоқда.

Хабарда ёзилишича, ишдан бўшатилганлар орасида Ирина Голишева (Солиқ ва божхона тариф-сиёсати бошқармаси бошлиғи), Ш.Ҳайдаров (Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубиёти бошқармаси бошлиғи) ҳамда А.Абдуллаев (Саноатнинг базавий тармоқлари, ёқилғи-энергетика мажмуи ва геологияни ривожлантириш молияси ва тарифни тартибга солиш бош бошқармаси бошлиғи) бор. Шунингдек, икки нафар бошқарма бошлиқлари ўринбосарлари ишдан олинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг