Хизмат транспортида юришни кескин қисқартириб, миллий автомобиль ва миллий мебелга ўтиш зарур – Президент

Президент Шавкат Мирзиёев коррупциянинг олдини олиш бўйича кенгайтирилган йиғилишда манфаатлар тўқнашуви, қиммат нархда товар сотиб олиш ёки хизмат кўрсатиш асосан давлат харидларида кузатилаётганини кўрсатиб ўтди.
– Умуман, тўғридан-тўғри сотиб олса бўладиган 50 дан ортиқ товар ва хизмат турлари бор. Лекин бирорта раҳбар буни рўйхатдан чиқарайлик, ҳамма танлов қилиб олсин, нарх арзон бўлади, деган таклифни билдирмади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ҳисоб палатасига парламентнинг бюджетга масъул қўмиталари билан биргаликда тўғридан-тўғри харидларни 2 карра қисқартириш топширилди. Йил якунигача сунъий интеллект ёрдамида давлат харидларида қонунга зид ҳолатларни аниқлаш ва олдини олиш бўйича электрон тизимни ишга тушириш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, бу борада Эксперт комиссияси тузилади. Ушбу комиссия илғор тажриба асосида давлат харидларида товарларнинг ўртача бозор нархлари кўриниб турадиган электрон платформа яратиб, ундаги маълумот янгиланиб турадиган тизим қилади.
Бунда, давлат харидларида сотиб олинадиган товар ва хизматлар нархи ўртача бозор нархидан кўпи билан 20 фоиздан ошмаслиги шарт. Ушбу талабни бузганлик учун қонун билан жавобгарлик ва жарималар жорий қилинади.
Бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига олинаётган товарларни ҳам тартибга солиш вақти келгани таъкидланди. Бюджет ва бюджетдан ташқари маблағ ҳисобидан асосий воситаларни харид қилиш бўйича талаблар кучайтирилиши белгиланди.
Йиғилишда хизмат транспортида юришни кескин қисқартириб, миллий автомобиль ва миллий мебелга ўтиш зарурлиги қайд этилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter