Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Яхши қўшничилик. Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари қўшма баёнот берди

Яхши қўшничилик. Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари қўшма баёнот берди

Фото: «Xabar.uz»

2018 йилнинг 20-22 июль кунлари Чўлпон ота шаҳрида Марказий Осиё давлатлари Ташқи ишлар вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Қ.Абдрахманов, Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Э.Абдилдаев, Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазири С.Муҳриддин, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири А.Камилов ва Туркманистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Б.Мятиев иштирок этди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Марказий Осиё давлатлари Ташқи ишлар вазирлари 2018 йил 15 мартда Марказий Осиё Давлат раҳбарларининг Остона шаҳридаги ишчи (маслаҳатлашув) учрашувида эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида, Қирғизистон томони ташаббусига кўра дўстона руҳда минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини, хавфсизликни таъминлаш, чегара, транспорт ва транзит алоқалари, сув-энергетика манбаларидан фойдаланиш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик, жумладан Марказий Осиё мамлакатларининг халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлиги масалаларини муҳокама қилдилар.

Марказий Осиё Давлат раҳбарларининг 2019 йил март ойида минтақавий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш мақсадида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги маслаҳатлашув учрашувининг муҳимлиги эътироф этилди.

Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги давлат чегарасини халқаро ҳуқуқий расмийлаштириш жараёнидаги ҳамда минтақадаги ҳудудлараро ва чегараолди ҳамкорлигининг фаоллашишидаги ижобий динамикани қўллаб-қувватладилар.

Халқаро терроризм ва экстремизм, наркотикларнинг ноқонуний айланиши, уюшган трансмиллий жиноятлар ҳамда минтақавий хавфсизликнинг таҳдидларига қарши курашиш бўйича ҳамкорликни, жумладан халқаро ва минтақавий ташкилот доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг зарурлиги таъкидланди.

Савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ўзаро савдони кўпайтириш учун қулай шароитлар яратишнинг зарурлиги қайд этилди.

Минтақа ичидаги инвестицион ҳамкорликни олға суриш Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ишбилармонлик муҳити фаоллигининг муҳим омили, деган фикр билдирилди.

Минтақанинг транзит имкониятларини кенгайтириш минтақа давлатларининг иқтисодий ҳамкорлиги мустаҳкамланишига, транспорт инфратузилмасининг ривожланишига ва транспорт коммуникациялари орқали транзит юк ташишни йўлга қўйишга имкон яратиши тасдиқланди.

Марказий Осиёда сув-энергетика манбаларидан комплекс фойдаланиш қўллаб-қувватланиб, минтақанинг барча мамлакатлари қизиқишларидан ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда мазкур соҳадаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг барқарор узоқ муддатли механизмларини ишлаб чиқишнинг зарурлигига урғу берилди.

Марказий Осиё давлатлари халқларининг маданияти, тарихи ва тиллари мустараклигини қайд этдилар ҳамда таълим, маданият, санъат, фан, туризм ва бошқа соҳалардаги давомий ҳамкорлик тарафдори эканлиги тасдиқланди.

2018 йилнинг 20-22 июль кунлари Чўлпон ота шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари Ташқи ишлар вазирларининг учрашуви Марказий Осиёнинг бешта мамлакати халқлари ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, ҳамжиҳатлик ва ишончга асосланган минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қўшимча туртки беришига ишонч билдирилди.

Минтақавий ҳамкорликнинг ҳолатини муҳокама қилиш ва уларнинг кейинги ривожланиши истиқболларини белгилаб олиш учун Марказий Осиё давлатлари ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари даражасидаги сиёсий мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.

Марказий Осиё давлатлари Ташқи ишлар вазирларининг кейинги учрашувини Тожикистон Республикасида ўтказилишига розилик билдирдилар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг