Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Афғонистон футбол федерациясининг собиқ раҳбари аёллар жамоаси аъзоларига шилқимлик қилгани боис ҳибсга олинди

Афғонистон футбол федерациясининг собиқ раҳбари аёллар жамоаси аъзоларига шилқимлик қилгани боис ҳибсга олинди

Фото:«BBC»

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги мамлакат футбол Федерацияси (AFF) собиқ президенти Керамуудин Каримни ҳибсга олиш борасида қарор қабул қилди. У аёллар миллий жамоасининг футболчиларига шилқимлик қилганликда айбланмоқда, деб ёзади «Tnews» сайти. 

Афғонистон ИИВ матбуот котиби Нусрат Раҳимийнинг хабар қилишича, Керамуддин Каримни ҳибсга олиш борасидаги қарор 9 июн куни қабул қилинди. Раҳимийнинг сўзларига қараганда, AFF собиқ раҳбарининг қаердалиги ҳозирча маълум эмас. Шу билан бирга амалдорнинг ўзини ҳибсга олиш борасидаги муносабати ҳам номаълум.

Ўша куни ФИФАнинг интизом қўмитаси футбол амалдорини футбол билан боғлиқ фаолиятдан умрбод четлатиш борасида қарор қабул қилди, шунингдек у 1 млн. швейцария франки миқдорида жаримага тортилди.

Ўтган йилнинг декабрида Афғонистон футбол Федерацияси раҳбари ва ташкилотнинг яна беш нафар расмий шахси аёллар миллий жамоасининг ўйинчиларига нисбатан жинсий шилқимлик қилганлик айби билан ишдан четлаштирилган эди. Бу борада мамлакат прокуратураси томонидан қабул қилинган қарорни «Твиттер»да федерация раҳбарининг катта маслаҳатчиси Фазел Фазли маълум қилган эди.

Жамоатчилик бу борадаги маълумотдан миллий терма жамоанинг капитани, кейинчалик эса АҒҒнинг аёллар департаменти раҳбари бўлган ва бир неча йил муқаддам Даниядан бошпана олган Халида Попалнинг баёнотидан сўнг хабардор бўлган эди.

Попалнинг сўзларига қараганда, жинсий шилқимликдан нафақат терма жамоанинг аёллари жабр кўрган. «Вояга етмаган болалар ҳам тренер ва АҒҒ раиси томонидан жинсий тажовузга учраган», — дея ҳикоя қилади Попал. Унинг айтишича, гап бу борада ёшлар командасининг ўйинчилари ҳақида бормоқда. «Афғон футболи ва умуман спортида таъмагирлик ва хизмат ваколатларини суистеъмол қилиш одатий ҳолдир» , — дейди Попал.

Халида Попал таҳдидлар туфайли 2016 йилда мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди. 2017 йилнинг ноябрида у Британиянинг The Guardian газетасига, афғон аёл футболчилари жисмоний ва жинсий зўравонлик, ўлим таҳдиди билан тўқнаш келаётгани ҳақида айтиб берган эди. Унинг айтишича, масалан команданинг Иорданияга сафари вақтида икки эркак ҳамроҳлик қилган ва қизларни жинсий алоқага мажбур қилган. «Афғонистонда бўлар эканмиз, булар ҳақда айтиш қийин, чунки улар ўта нуфузли одамлардир. Агар афғон футболчи аёли норозилик билдиргудек бўлса, уни ўлдиришлари мумкин», дея баёнот берди Халида Попал.

Афғон футболидаги можароларга мамлакат президенти Ашраф Ғани ҳам муносабат билдирди, у аёллар миллий жамоаси ўйинчиларининг баёнотини «даҳшатли» дея атади ва Бош прокуратурага текширув ўтказишни топширди. «Спортчиларга — у эркак бўладими, аёл бўладими ноўрин ҳатти-ҳаракатларни содир этишни қабул қилиб бўлмайди», — дея таъкидлади Ғани.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг