Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бирйўла иккита Республика олий спорт маҳорати мактабига янги раҳбар тайинланди

Бирйўла иккита Республика олий спорт маҳорати мактабига янги раҳбар тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг тегишли буйруғи билан Холматов Комил Турниязович Сув спорти турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактабига директор этиб тайинланди.

Комил Холматов 1966 йилнинг 7 май санасида Қашқадарё вилояти Қамаши туманида туғилган. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида ҳамда Республика педагогика илмий текшириш институти (аспирантура)да таҳсил олган.

Меҳнат фаолиятини эса Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасида бошлаган. Сўнгра Республика Байналминал маданият маркази иш бошқарувчиси, Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистон «Ёшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамияти Марказий кенгаши ташкилий ва кадрлар бўлими бошлиғи, Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Қашқадарё вилояти филиали директори, Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институти Миллий ва Халқаро кураш турлари кафедраси ўқитувчиси, Ўзбекистон «Ёшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамияти минтақавий кенгаши ходими, спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби йўриқчи-услубчиси, сув спорти турлари бўйича Республика олий спорти маҳорати мактаби директори, 2018-йилдан ҳозирги вақтга қадар спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби директори лавозимида ишлаб келаётган эди.

Шунингдек, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг тегишли буйруғи билан Юсупов Азимжон Раджапович спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактабига директор этиб тайинланди.

Азимжон Юсупов 1976 йилнинг 13 апрелида Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида туғилган. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш инженерлари институтида таҳсил олган.

Меҳнат фаолиятини шу илм даргоҳида талабалар касаба уюшмасининг қўмита раиси сифатида бошлаган. 2004-йилдан Тошкент ирригация ва мелиорация институти касаба уюшмаси қўмита раиси, сўнгра Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети молия ва иқтисод ишлари бўйича проректори, 2010-2014-йилларда Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ҳузуридаги академик лицей директори, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги «Маънавият тарғиботчиси» нодавлат таълим муассасаси ижрочи директори лавозимларида ишлаган.

2019-йил 11-январдан Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг маънавий-маърифий тарғибот ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган эди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Комил Холматов ҳамда Азимжон Юсуповларга масъулиятли лавозимларда омад тилаб қолади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг