ФИФА ҳаками калтаклангани ортидан Туркияда чемпионат ўйинлари номаълум муддатгача қолдирилди
Туркия чемпионатида «Анқарагужу» ва «Ризеспор» жамоалари ўртасидаги баҳс (1:1) якунлангач, мезбон жамоа президенти Фарук Хўжа майдонга чопиб чиқиб ФИФА ҳаками Халил Умут Мелернинг юзига мушт туширди. Жараён ўнлаб камерлар объективига тушиб қолган.
Учрашувда «Анқарагужу» клуби 90+7-дақиқада жавоб голини ўтказиб юборди, ОАВ арбитр ўйинга бунча вақт қўшиб бермагани ҳақида ёзмоқда. Мезбонлар сўнгги дақиқаларда ғалабани қўлдан чиқаришидан ташқари рефери ўйин давомида уларнинг икки голини бекор қилганди. Табиийки, буларнинг барчаси клуб президентини ғазаблантирган.
Ҳакам бош қисмига йўлланган зарбадан кейин йиқилган ва уни «Анқарагужу»нинг бошқа вакиллари келиб тепкилаган.
Зарбалар натижасида ҳакамнинг чап кўзи остида гематома юзага келган. Матч ТВ хабарига кўра, шифокорлар гуруҳи Мелерга биринчи тиббий ёрдам кўрсатган, сўнг у тез ёрдам машинасида шифохонага етказилган.
Туркия ички ишлар вазири Али Ерлиқоя ушбу ҳакамга ҳужум қилганлар ҳибсга олинишини маълум қилди.
«Ўйиндан кейин ҳакамга ҳужум қилган «Анқарагужу» президенти Фарук Кожа айни вақтда шифохонада ва у ердан чиқиши билан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳибсга олинади.
Шунингдек, ҳакамни тепган яна икки киши ҳам қўлга олинади», деб ёзади вазир.
Туркия адлия вазири Йилмаз Тунч ўйиндан кейин майдонга тушган ва ҳакамга нисбатан зўравонлик содир этганликда гумон қилинган барча шахсларга нисбатан жиноят иши очилганини маълум қилган. Қайж этилишича, аллақачон ҳодиса юзасидан прокуратура томонидан тергов бошланган, Анқара полициясига барча гумонланувчиларни аниқлаш ва уларни прокуратурага топшириш бўйича зарур кўрсатмалар берилган.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳам ҳодиса юзасидан муносабат билдирди.
«Анқарагужу» – «Ризеспор» учрашувидан сўнг ҳакам Ҳалил Умут Мелерга қилинган ҳужумни қоралайман ва унинг тезроқ соғайиб кетишини тилайман. Спорт тинчлик ва биродарлик демакдир. Туркия спортида зўравонликка ҳеч қачон йўл қўймаймиз», – дейилади Эрдўғоннинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилинган муносабатида.
Ҳодисадан сўнг Туркиядаги барча футбол ҳакамлари бойкот эълон қилгани айтилмоқда. Натижада Туркия футбол федерацияси бошқарув кенгаши ҳакамга қилинган ҳужум туфайли навбатдан ташқари йиғилиш ўтказган.
«Барча лигалардаги ўйинларни номаълум муддатга қолдирдик. Бу ҳужум турк футболи учун шармандали оқшомдир. Турк футболи бунга лойиқ эмаслигига ишонамиз, – деган футбол федерацияси раҳбари Меҳмет Буюкекси « Hurriyet» газетасига берган интервьюсида.
Маълумот учун, «Анкарагуcу» 18 очко билан турнир жадвалида 11-ўринда, «Ризеспор» эса 22 очко билан саккизинчи ўринда бормоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter