Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати-2025: «Mercedes-Benz Stadium»га саёҳат

Жорий йилнинг 14 июнидан 13 июлига қадар Америка Қўшма Штатларида клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Бу галги турнир аввалгиларидан фарқли равишда 32 жамоанинг иштирокида ўтади. Xabar.uz ушбу йирик мусобақага мезбонлик қиладиган стадионлар ҳақида маълумот бериб боради.
Саёҳатимизни Жоржия штатидаги Атланта шаҳрида жойлашган «Mercedes-Benz Stadium»дан бошлаймиз.
«Жануб пойтахти» — Аталантага саёҳат
Шаҳар ҳақида қисқача
Атланта 1837 йили темир йўл туташ нуқтаси сифатида асос солинган ва АҚШ фуқаролик уруши даврида муҳим стратегик ҳудуд ҳисобланган. 1864 йили Шерман юриши давомида деярли бутунлай вайрон қилинганига қарамай, тез орада қайта тикланди ва бугунги кунда АҚШнинг иқтисодий ва маданий марказларидан бирига айланган.
Атланта — Мартин Лютер Кингнинг ватани. Унинг ёдгорлик музейи бугунги кунда шаҳарнинг маданий юрагига айланган.
Шаҳар 1996 йили Атланта Ёзги Олимпия ўйинларига мезбонлик қилган.
Шунингдек, шаҳарда «Coca-Cola», «Delta Air Lines», CNN ва UPS каби дунёга машҳур компанияларнинг бош қароргоҳлари ҳам жойлашган.
«Mercedes-Benz Stadium» – Замонавий спорт ва технология уйғунлиги
Қисқача маълумот:
• Манзил: Атланта, Жоржия штати, АҚШ
• Қурилиш бошланган: 2014 йил
• Очилиш санаси: 2017 йил 26 август
• Қиймати: 1.6 миллиард доллар
• Сиғими: 71 000 (ўйинлар), 75 000+ (мусиқий тадбирлар)
• Мезбон жамоалар:
o «Atlanta Falcons» (NFL)
o «Atlanta United FC» (MLS)
Архитектураси
«Mercedes-Benz Stadium» спорт иншоотлари орасида замонавий архитектуранинг ёрқин намуналаридан бири ҳисобланади. Унинг том қисми Рим Пантеонидан илҳомланган бўлиб, камера линзаси каби очилиб-ёпиладиган механизмга эга. Бу нафақат эстетик, балки функционал жиҳатдан ҳам муҳим: ёруғлик табиий равишда стадион майдонига тушади.
Том остида дунёда ягона бўлган 360 даражали LED экран жойлашган. Шунингдек, стадионнинг бир девори тўлиқ шишадан ясалган бўлиб, у орқали Атланта шаҳрининг панорамаси намоён бўлади.
Экологик ёндашув
Стадион LEED (Leadership in Energy and Environmental Design) бўйича 100 баллдан 88 балл тўплаган бўлиб, бу спорт иншоотлари орасида энг юқори кўрсаткичлардан бири. Энергия тежамкор ускуналар, сувни қайта ишлаш тизими ва атроф-муҳитга эътибор стадионнинг экологик устунлигини намоён қилади.
Инновацион том
Стадионнинг энг ноёб жиҳати — 200 футлик ETFE (этилен-тетрафторэтилен) материалидан ясалган, саккизта учбурчак қисмдан иборат томидир. Ҳар бир қисм 16 та мустақил трекда ҳаракатланади ва исталган вақтда очилиб-ёпилиши мумкин. ETFE мембраналари майдонни табиий ёруғлик билан таъминлашда ёрдам беради ва бу технология борасида дунёда ягона лойиҳа ҳисобланади.
Табиат билан уйғунлик
Стадион тарихий жиҳатдан тошқинларга мойил ҳудуд — Proctor Creek ҳавзаси ҳудудида жойлашган. Шу боис, том остида 9 миллион литргача сувни сақлайдиган махсус резервуар қурилган. Бу тошқин хавфини камайтириш билан бирга, дарахтларни суғориш тизими сифатида ҳам хизмат қилади.
Клублар мундиали давомида ушбу стадионда бўлиб ўтадиган учрашувлар:
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter
Изоҳлар мавжуд эмас