Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда спиртли ичимликлар рекламаси ва тотализаторни қонунийлаштириш таклиф қилинди

Ўзбекистонда спиртли ичимликлар рекламаси ва тотализаторни қонунийлаштириш таклиф қилинди

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги матбуот хизмати

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Ўзбек футболини ривожлантиришнинг бугунги ҳолати: ютуқ ва муаммолар» мавзусида матбуот анжумани ҳақида хабар бергандик. 

Унда иштирок этган ПФЛ директори ўринбосари Диёр Имомхўжаев футбол трансляциясида спиртли ичимликлар рекламаси ва тотализатор ҳақида гапирди. 

«Иккита нарсага қонун йўли билан рухсат берсак, ПФЛ ўзини ўзи «боқадиган», ҳатто клубларга пул берадиган ташкилотга айланади. Биттаси тотализатор, биттаси спиртли ичимликлар рекламаси. Европада бу амалиёт бор. Масалан, Россия телеканаллари 2012-2016 йилларда Европа чемпионатларининг трансляция ҳуқуқини сотиб олиш учун сарфлаган маблағларининг 70 фоизини алкоголли ичимликлар рекламасидан тушган даромадлар ташкил қилган.

Ўзбекистон Саудия эмас, спиртли ичимликлар сотуви бизда тўла таъқиқланмаган. Бу бор нарса. Уларнинг рекламасини легаллаштириш керак. Тотализаторни ҳам» деди мутахассис.

«Мен тотализатор ўйнашга ва спиртли ичимликлар ичишга бутунлай қаршиман, диний нуқтаи назардан ҳам, соғликка етказадиган зарари нуқтаи назардан ҳам мен бу нарсаларни қоралайман. Лекин тан олиш керак, тотализатор – бутун дунёда спортни молиялаштиради. Кўпчилик эътироз билдиради, «Тотализатор ўйнашяпти, назорат қилинглар, қаранглар», дейишади. Биз нимасини қараймиз? Тотализатор расман бизда йўқ. «Де юре» – бизда тотализатор йўқ, «де факто» – бизда ҳамма тотализатор ўйнайди. Қандай қилиб йўқ нарсани назорат қилиш мумкин? Зеро, қонунчилигимиза кўра тотализатор ўйнашга рухсат этилмайди. Лекин Россия, Қозоғистон, Украина компаниялари юртимизга келиб, тотализатор ўйинларини ташкил қилишяпти. Уларни ушлаш учун бизда асос йўқ. Айнан шунинг учун – тотализатор компанияларини назорат қилиш учун тотализаторни легаллаштиришимиз керак» дея ўз фикрини баён этган Имомхўжаев.

ПФл мутахассисининг айтишича, Ўзбекистонда тотализатор ўйнаётганлар Россия, Қозоғистон каби давлатлардаги ҳисоб рақамларга пул туширишяпти. Тотализаторни легаллаштирилиш миллионлаб долларларнинг четга чиқиб кетишининг олдини олиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси «Реклама тўғрисида»ги Қонуни 23-моддасига кўра тамаки, тамаки маҳсулотлари ва ҳар қандай қувватдаги алкоголли ичимликлар рекламаси тақиқланади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг