Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент ёшларни спортга кенг жалб этишга оид таклифлар тақдимоти билан танишди

Президент ёшларни спортга кенг жалб этишга оид таклифлар тақдимоти билан танишди

Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 21 ноябр куни ёшларни спортга кенг жалб этишга оид таклифлар тақдимоти билан танишди.

«Ўзбекистон–2030» стратегияси ҳамда Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили бўйича давлат дастури доирасида навқирон авлодга кенг имкониятлар яратилмоқда. 10 миллиондан зиёд аҳоли оммавий спорт билан шуғулланмоқда. Барча ҳудудларда, таълим ва меҳнат жамоаларида турли мусобақалар ўтказилмоқда.

Давлат дастурида жамоавий спорт турларини янада ривожлантириш ва оммалаштириш вазифаси белгиланган. Шунга мувофиқ, қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

Масалан, жамоавий спорт турлари бўйича «Маҳалла лигаси» ва «Мактаб лигаси» мусобақаларини йўлга қўйиш таклиф этилмоқда. Давлат олий таълим муассасаларида спорт клублари ташкил қилиш, улар ўртасида «Талабалар лигаси», «Вазир кубоги» ва «Ректор кубоги» каби мусобақалар ўтказиб бориш кўзда тутилмоқда.

Жамоавий спорт турлари бўйича миллий лигалар қўллаб-қувватланади. Маҳаллий ҳокимликлар ҳузурида ҳудудий спорт клублари тузилади. «ERP Sport» электрон тизимида иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва селекция қилиш жорий этилади.

Ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Таклифга кўра, ҳафтанинг ҳар пайшанба куни «жисмоний тарбия ва спорт куни» сифатида белгиланади. Жалб қилинган ёшлар сони ҳамда эришилган натижаларга қараб, спорт мактаблари ходимларига устама берилади. Шунингдек, инфратузилмадан келиб чиқиб, муассасалар муайян спорт турларига ихтисослаштириб борилади.

Тизим мактабларида оммавий спорт бўйича тренер-селекционер лавозимини жорий этилиб, уларга бештагача маҳалла ва таълим муассасалари бириктирилади. Маҳаллаларда тўгараклар ташкил этган тренерлар қўшимча рағбатлантирилади.

Президент спорт соҳаси ёшларга оид давлат сиёсатининг катта йўналиши эканини таъкидлаб, жойларда бу борадаги қулайликларни кенгайтириш, ёш авлодни ҳар томонлама етук этиб тарбиялаш бўйича фикрларини билдирди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг