Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Роналдудан баланд сакраганлар борми?!

Роналдудан баланд сакраганлар борми?!

Фото: Getty Images

Американинг нуфузли Sportico журнали тарихдаги энг бой 50 спортчи номини эълон қилди. Анъанавий йиллик ушбу рейтинг 2023 йил якуни бўйича тузилди. Спортчиларнинг даромадлари фаолияти ва ундан кейинги даврларни ўз ичига олди. Даромадлар инфляцияни ҳисобга олган ҳолда таҳрирланди.

Якуний натижалар турли манбаларни — иш ҳақи, бонуслар, мукофот пуллари, китоб ноширлари билан шартномалар, гонорарлар ва ҳатто ҳомий-компаниялардаги улушларгача қамраб олди. Рейтингга анъанавий сармоя киритишдан олинган фойдалар киритилмади.

Спортдаги фаолиятига 2003 йилда нуқта қўйган баскетбол афсонаси Майкл Жордан сайёрамизнинг энг бой спортчиси мақомини сақлаб қолди. NBA тарихидаги энг яхши спортчилардан саналмиш Жордан ялпи $3,75 млрд даромад билан биринчи ўринни эгаллади. Аммо у энг кўп пулни тўпни саватга аниқ улоқтиришдан эмас, балки Nike компанияси билан узоқ муддатга тузилган шартнома ортидан қўлга киритди — 1,8 миллиард доллар.

Фото: Getty Images

Иккинчи ўринни ҳам америкалик — голф қироли Тайгер Вудс эгаллади ($2,66 млрд). Қизиғи, у спортчилик пайтида ишлаган пуллар «атиги» $121 миллион. Тадбиркорликда голф майдонидагидан-да устамонроқ чиққан Вудс миллионларини миллиардларга айлантира олди. Голф майдонларини барпо этиш ва дизайнига ихтисослашган TGR Design фирмаси, The Woods ресторани, элита учун Popstroke мини-голф тармоқлари, тадбирлар ўтказувчи TGR Live компанияси, кўчмас мулк бизнеси, инвестициялар — Вудсга ҳаммаёқдан пул оқиб келяпти.

Фото: Getty Images

«Ҳаммадан баланд сакровчи» Криштиану Роналду Саудия Арабистони футболига ўтиб, бу номга қанчалик лойиқлигини исботлади. Бир йил ичида нақ икки поғона юқорилаб, учинчи ўриндан мустаҳкам жой эгаллади. «Ал-Наср» билан 2,5 йиллик шартнома футболчига йилига $200 миллиондан ортиқ даромад келтиради. Саудияга ўтиш Роналдунинг пулларини $1,92 миллиардга етказди, қани айтинг-чи, баланд сакраш яна қанақа бўлиши мумкин?!

Топ-10 га кирган қолган спортчилар:

  • Арнолд Палмер (голф) — $1,76 млрд;
  • Леброн Жеймс (баскетбол) — $1,70 млрд;
  • Жек Никлаус (голф) — $1,67 млрд;
  • Лионел Месси (футбол) — $1,67 млрд;
  • Дэвид Бэкҳем (футбол) — $1,5 млрд;
  • Рожер Федерер (теннис) — $1,17 млрд;
  • Флойд Мейвезер (бокс) — $1,48 млрд.

Топ-50 га 17 мамлакатдан 9 спорт тури бўйича атлетлар кирди. Ҳаммадан кўп баскетболчилар (12 спортчининг жами даромади $13 млрд). Рўйхатда 8 нафар голфчи, 7 нафар боксчини кўришимиз мумкин. Футболчилар атиги 4 нафар: миллиардерлар учлиги — Роналду, Месси ва Бэкҳем ва миллионер Неймар — $ 855 млн.

Қизиғи, ушбу рейтингдаги ягона ММА вакили Коннор Макгрегор $555 миллион даромад билан сўнгги 50-ўринни банд қилди.

Тўлиқ рўйхат бу ерда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг