Машҳур «испан Мауглиси» 80 ёшида вафот этди
Ёшлигини бўрилар орасида ўтказган испаниялик Маркос Родригес Пантоха 80 ёшида вафот этди. У узоқ йиллик саргардонликдан сўнг 2001 йилдан буён Оренсе провинциясидаги Ранте шаҳарчасида яшаб келаётган эди.
Пантоха Андалусия минтақасининг Кордова провинциясидаги Анйора шаҳрида туғилган. Онаси вафот этгач, у оғир шароитда улғайди. Ўзининг айтишича, ўгай онаси томонидан кўп бор зулм ва зўравонликка учраган. Тахминан олти ёшида отаси уни бир ер эгасига бериб юборган. У эса болани Сьерра-Морена тоғларида яшовчи кекса чўпоннинг ҳузурига жўнатган.
Пантоха чўпондан олов ёқишни, озиқ-овқат топишни ва тоғларда тирик қолишни ўрганди. Бироқ чўпон вафот этгач, Маркос ёлғиз қолди.
Шундан сўнг у қарийб 12 йил давомида одамлар билан деярли мулоқот қилмай, ўрмон ва ёввойи табиат қўйнида яшади. Кейинчалик Пантоха бир бўри унга гўшт бергани ва уни ўз болалари қаторида парвариш қилганини сўзлаб берган. Улар бирга ухлаган ва ов қилган.
1965 йилда Маркосни Испания фуқаролик гвардияси топиб, уни яна одамлар орасига қайтарди. Ўша пайтда 19 ёшда бўлган йигит тик юриш, гапириш, кийиниш ва қошиқ-санчқидан фойдаланиб овқатланишни қайтадан ўрганишига тўғри келди.
Бироқ инсонлар орасига қайтганидан сўнг камситиш ва алдовларга дуч келди. Кейинчалик Пантоха ҳаётининг энг бахтли даври бўрилар билан бирга яшаган йиллари бўлганини айтган.
Унинг ғаройиб ҳаёти чуқур ўрганилиб, 2010 йилда «Бўрилар орасида» («Entrelobos») бадиий филмида тасвирланган.
2. «Бўрилар орасида» (2010) филмидан лавҳа.
Пантоха фақат 75 ёшида ўқиш ва ёзишни жиддий ўрганишга киришган. Бундан олдинги уринишлари эса муваффақиятсиз якунланган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter