Марокашдан Испанияга ёпирилиб кирган 70 мингга яқин мигрант ортга қайтарилди (фото)
Сўнгги 30 соат ичида Сеутадан Марокашга 69 500 га яқин одам чиқиб кетди. Бу ҳақда Испания давлат хавфсизлик кучлари маълумотларига асосланиб EFE агентлиги хабар берди.
Агентлик манбаларига кўра, давлат хавфсизлик кучларининг маълумотларига мигрантларнинг оммавий оқими бошланишидан бир неча кун олдин Сеутага келган марокашликлар, шунингдек, чегарани бир неча бор кесиб ўтган шахслар ҳам киритилган бўлиши мумкин.

Сеутадаги «Эл-Тарахал» чегара ўтиш пунктида тўсиқ блокларини ўрнатиш бошланди.

Шу пайтгача Сеутага етиб олишга уринган пайтида чўкиб кетган 67 кишининг жасади сувдан олиб чиқилган.

Эслатиб ўтамиз, Испаниянинг Сеута анклавида Марокаш орқали 70 мингга яқин ноқонуний мигрантнинг ёпирилиб кириши оқибатида йирик инқироз юзага келди. Испания Олий судининг депортацияга доир қароридан сўнг тарқалган миш-мишлар туфайли юзага келган вазиятни тартибга солиш учун ҳудудга армия киритилди. Олий суд қарорига кўра, денгиз орқали келган ноқонуний муҳожирларни соддалаштирилган тизим бўйича Марокашга дарҳол депортация қилиш (орқага қайтариш) тақиқланган, суд денгиз чегара тўсиғи ҳисобланмайди, деб топганди.
Муҳожирларнинг катта оқими Сеутадаги ҳаётни издан чиқариб юборди. Воқеа Европа Иттифоқида кескин муҳокамаларга сабаб бўлиб, чегара назорати кучайтирилди.
Шунинг баробарида, ғарб махсус хизматлари Марокашни Сеутадаги миграция инқирозини ташкиллаштирганликда гумон қилмоқда. The Daily Telegraph ёзишича, бу Марокаш ҳукуматининг Испания бош вазири Педро Санчеснинг хатти-ҳаракатларига жавоби бўлиши мумкин. Чунки Санчес Марокашнинг нефт-газ соҳасидаги рақобатчиси Жазоир билан газ етказиб бериш бўйича шартномалар тузишни режалаштирмоқда.
Маълумот учун: Сеута — Испанияга қарашли мухтор шаҳар, Африканинг шимолий соҳилида, Гибралтарнинг рўпарасида жойлашган. Бу ҳудудга Марокаш даъвогарлик қилади. Майдони — 18,5 кв км, аҳолиси — 84 263 киши (2015 йил маълумоти). Ярим анклавни Марокашдан Сеута чегара девори ажратиб туради.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter