Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Роналдудан кетма-кет янги рекордлар

Роналдудан кетма-кет янги рекордлар

"Манчестер Юнайтед" ҳужумчиси Криштиану Роналду ЕЧЛ гуруҳ босқичи 2-турида "Вилярреал"га қарши ўйинда 90+5-дақиқада ғалаба голини киритиб, манкунианликларга муҳим 3 очкони олиб берди.

Ушбу ўйин ва гол Роналдунинг ЕЧЛдаги бир қатор рекордларни янгилашига ҳам сабабчи бўлди. Қуйида мазкур рекордларни санаб ўтамиз.

90-дақиқадан кейинги гол

Чемпионлар лигаси мусобақаси доирасида 90-дақиқадан кейин урилган голлар сони бўйича рекорд ўзи Роналдуга тегишли эди. Кечаги гол билан Криштиану ўз рекордини ўзи янгилаб, 12 тага етказди. Энг яқин таъқибчиси Лео Мессида 6 та гол бор.

Ғалаба голи

ЕЧЛ доирасидаги ўйинларда ғалаба келтирган голлар сони бўйича Роналду 41 та гол уриб, ўзининг бу рекордини яна ўзи янгилади. Ундан кейин Лео Месси 38 та гол билан келмоқда.

Энг кўп гол

ЕЧЛ доирасида энг кўп урилган голлар рекорди ҳам Роналдуга тегишли эди. Кечаги голи билан у бу рақамни 136 тага етказди. Ундан кейин Месси ("ПСЖ", 121 та), Роберт Левандовски ("Бавария", 77 та) ва Карим Бензема ("Реал" Мадрид, 72 та) бормоқда.

Энг кеч урилган ғалаба голи

Роналдунинг 90+5-дақиқада урган ғалабали гол "Манчестер Юнайтед"нинг ЕЧЛда энг кеч урилган ғалаба голи рекордини янгилади. Бундан олдинги рекорд жамоанинг ҳозирги мураббийи Оле Гуннар Сулшерга тегишли эди. 1999 йилдаги ЕЧЛ финалининг 90+3-дақиқасида урилган голдан кейин бу рекорд янгиланмай келинаётганди.

Маълумот учун, Роналду 2007 йилда ҳам "Спортинг" таркибида айнан шу мусобақада 92-дақиқада ғалаба голини киритган.

Энг кўп ўйин

Аввал хабар берганимиздек, Криштиану Роналду ЕЧЛ тарихида энг кўп ўйин ўтказган футболчига ҳам айланди. У шу пайтгача учта жамоа таркибида жами 178 марта майдонга тушди.

Шу пайтгача бу рекорд "Порту" дарвозабони Икер Касилясга тегишли эди. У "Реал" ва "Порту" сафида жами 177 марта майдонга тушган. Улардан кейин 151 та ўйин билан Хави ва Месси турибди. Раул 142 марта, Райан Гиггз 141 марта майдонга тушган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг