Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Спорт мактаб-интернатларига футбол қайтарилади

Спорт мактаб-интернатларига футбол қайтарилади

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Ўтган бир йил мобайнида жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги футбол бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатларнинг олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатларига ўзгартирилганидан сўнг ушбу муассасаларда футбол йўналишлари ташкил этилмагани юзасидан мураббийлар, спортчи-ёшлар, уларнинг ота-оналари, журналистлар томонидан эътирозлар билдирилди.

Ўтказилган ўрганишлар жараёнида анча йиллар мобайнида футболчилар тайёрлаб келган ушбу муассасалар жойлашган ҳудудларда бошқа спорт турларига қараганда футболга қизиқувчи ёшлар сони кўплиги, тренер ўқитувчилар етарли эканлиги ва шуғулланиш учун зарур шарт-шароитлар мавжудлиги маълум бўлди. Муассасаларда фаолият кўрсатаётган айрим спорт йўналишлари бўйича эса шуғулланиш учун зарур шарт-шароит йўқлиги, мутахассислар етишмаслиги кузатилмоқда.

Шунингдек, футбол майдонлари мавжуд, малакали мутахассисларга эга, доимий тарзда Ўзбекистон терма жамоаси учун футболчилар, олий таълим муассасаларига профессионал спортчи-абитуриентлар етказиб бериб келган ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатларидаги футбол бўлимлари қисқартирилиши ҳам ҳақли эътирозларга сабаб бўлди.

14-июн куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси ижроия қўмитаси йиғилишида сўзга чиққан жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев вазирлик томонидан Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан биргаликда мазкур масала ўрганиб чиқилиши, янги ўқув йилидан бошлаб ушбу муассасаларга футбол йўналиши бўйича ўқувчилар қабул қилиш мақсадида тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўзгартириш бўйича ҳукуматга таклиф киритиш режалаштирилганини маълум қилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг