«Ақлимни танибманки, мусофирликдаман» — паспортига Туркистон деб битилган ёзувчи билан суҳбат
Собир Сайхон 1931 йили Марғилон шаҳрига яқин бўлмиш Варзак қишлоғида туғилган. Аввало, шўролар тазйиқи, қолаверса, очарчилик, нотинчлик туфайли у эндигина ўттиз кунлик чақалоқ маҳали бобо-бувиси, отаонаси, қариндош-уруғлари муҳожиротга кетишга мажбур бўлишган.
Анча муддат Афғонистоннинг Кобул, Мозори Шариф шаҳарларида, кейин эса Ироқ, Эрон, Сурия ва Покистонда яшашган, ниҳоят 1950 йили Туркияга кўчиб ўтишган. 1974 йили унга биринчи марта ватанига келиш учун изн берилган. Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейингина киндик қони тўкилган муборак заминга эмин-эркин келиб-кетмоқ бахтига муяссар бўлди. Зиёли, таниқли адиб Собир Сайхоннинг ўндан ортиқ насрий асарлари мамлакатимизда чоп этилган. Унинг қаламига мансуб қиссалари асосида видео, ҳужжатли фильмлар ишланган.
– Собир ака, ота юрт, она Ватанга хуш келибсиз?
– Ташаккурларим бўлсин сизларга!
– Хўш, бу галги ташрифингиз нечанчиси энди?
– 33-бора келишим, биродар. Икки марта советлар ҳукмронлиги пайтида зўрға рухсат олганман. Раҳматли бобомиз Асомиддинхўжа ва бувимиз, падари бузрукворимиз Холмуҳаммадхўжа ҳамда волидаи муҳтарамамиз Улуғпошша умрларининг сўнгги лаҳзасига қадар Ватан, Ватан деб юрак бағри тўлиб, кўзларида ёш билан ўзга элларда дунёдан ўтиб кетди. Сўнгги васиятларида ҳам «Ўғлим, жигарбандим, токи танангда жонинг бор экан, она тилингни унутма, юртга талпин, Ўзбекистонга қайт!» дея нола қилганлар. Озгина фурсат топсам бўлди, шукрки, ҳали ҳам соғлиғимдан шикоят қилмайман, дарров Ватанга қанот боғлаб учиб келаман.
— Кўнглингизга олмасангиз, айтаман бир гапни...
– Бажонидил!
– 92 ёшдасиз, салкам бир аср умр дегани. Кўз тегмасин, ҳалиям тетик ва бардамсиз. Масалан, бизда 70 га етиб-етмаган, ҳатто сизнинг ўғлингиз тенги баъзи қариялар уйдан чиқмайди, гоҳи асаби чатоқ, гоҳи саломатлигидан нолийди, сиз эса дунёни кезиб юрибсиз. Бунча кучни қаердан оляпсиз ё бирор сир-синоати борми?
– Худойимга шукр, Ўзи қўллаяпти, куч-қудрат беряпти. Лекин мени суяб, тиргак бўлиб турган куч, биласизми нима, бу она тупроқ соғинчи, Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат! Биламан, айримларга бу гапларим баландпарвоз, эриш туюлар. Лекин бор ҳақиқат шу!
– Хорижда юрган баъзи бир ватандошларимизнинг сиз кўзда ёш билан таъкидлаётган ана шу муқаддас туйғуга ошно бўлиб яшаётганига андаккина шубҳам ҳам йўқ эмас-да, Собиржон ака!
– Кўрдингизми, худди менинг кўнглимдаги иштибоҳни айтдингиз сиз ҳам. Тўппа-тўғри. Сабаби, турли тақдир ўйинлари туфайли она Туркистондан чиқиб кетганлар орасида менга ўхшаб ёши 80-90 га бориб қолган айрим қондошларимнинг йўриғи бўлак: улар учун Ватан улуғ бир маъвога ўхшайди. Негаки, ота-боболари, она-бувилари менинг аждодларимдек бир кафтгина юрт тупроғига зор бўлиб ўтишган. Буларни мен ҳақиқий ватансеварлар, дейман. Кейингилар-чи? Бу тоифадагилар ҳам ҳар хил сиёсий, ижтимоий сабаблар туфайли хорижга чиқиб кетган. Кўплари билан учрашганман, гаплашганман, аммо улар орасида ҳам қарашлари, мафкураси турфа хилдагилари кўп. Ватан, Туркистон, Ўзбекистон десангиз, энсаси қотадиганлари ҳам йўқ эмас. Гўёки бундайлар учун ер юзининг исталган нуқтаси Ватан. Йўқ, жигарим, аввало, сенинг авлод-аждодинг кўз очган, киндик қони томган замин муқаддас ва тиллоларга топилмайдиган бойлик, десангиз кулиб қўяди. Жаҳлим чиқади шундайларни кўрсам. Булар роботга ўхшаган темирюрак одамлар. Демак, билингки, ҳиссиёт ўлиб боряпти. Даҳшатли кўргулик эмасми бу? Майли, ҳаммаларининг бошлари омон бўлсин, фақат ҳеч кимнинг қисматига ватансизлик деган қора тамға босилмасин. Аллоҳ асрасин!
– Ана энди ўтмишга қайтсак, шунча ўлмас хотираларни қандай эслаб қолгансиз?
– Ақлимни танибманки, мусофирликдаман ахир, оиламиздаги катталардан фақат юрт қадри, миллат озодлиги, туркий халқлар тарихи ҳақида ҳикоялар эшитиб улғайдим. Ҳозир менинг қарийб 70-80 йил бурунги воқеа-ҳодисотлар билан боғлиқ хотираларимни эшитган ёшлар ишонмайди. Наҳотки, шунча азобу уқубатлар, талотумларни кўрган одам қандай қилиб бир аср умр кўриши мумкин, деб ҳайратланиб савол беради. Ўлмаган қул яшайверар экан-да. Биз кўрган кунлар одам боласининг тушларига кирмасин деб дуо қиламан.
Тарихни ўзгартириб, тузатиб бўлмайди, тўғрими? Менинг сардафтаримни очиб қўйдингиз, энди сизга яна бир сирни очайин: бу гапни мақтаниш учун айтмаяпман, нотўғри тушунманг тағин. Айтишларича, оппоқдадамиз Асомиддинхўжа мингбоши Фарғона водийсида таниқли шахслардан бири бўлган. Яъни, истиқлол даврига келибгина тан олинган миллий озодлик ҳаракатининг довруғли намояндаларидан Шермуҳаммадбек, Мадаминбек, Нурматбек, Холхўжа каби ўнлаб инсонлар бизнинг Варзак қишлоғидаги ҳовлимизда турли машваратларга йиғилиб туришганини кейинчалик отамиз айтиб берарди. Ҳатто, ўша маҳалларда 7-8 ёшларда бўлган раҳматли Кимё опамдан ҳам бу ҳақда эшитганман...
Қачон Ватанга келсам, аввал тўғри водийга бораман. Тошлоқ тумани ҳудудидаги Бектўпи маҳалласини, кейин Марғилондан 15-20 чақирим узоқликда жойлашган, чор аскарларига қарши курашда шаҳид бўлиб кетган неча юзлаб қаҳрамон боболарим, ватанпарвар ғозийлар қони тўкилган Гарва, айримлар Карбобо дейди, тепалигини зиёрат қиламан.
Ҳеч эсимдан чиқмайди: 1974 йили 43 ёшимда узоқ айрилиқдан сўнг илк марта Ўзбекистонга келганимда қариндошларимдан мени ўша тепаликка олиб боришларини ўтиниб сўрадим. Нега десангиз, ота-боболарим айтиб берган даҳшатли воқеаларни унутолмаганман-да. Борсак, бир гуруҳ одамлар ўша жойда лой қориб, хом ғишт қуяётган экан. Аянчли ҳолатни кўриб ўзимни тутиб туролмадим. 43 ёшларда эдим, ҳалигиларга бақира кетдим: «Ҳой, инсофларинг борми ўзи, бу ерга кимлар кўмилганини биласизларми, сенинг, менинг бобом, оталаримизнинг муборак ҳоки ётибди-ку ахир, шуларнинг руҳи ҳаққи тўхтатинглар бу шармандали ишни!» десам, бир барзанги йигит чиқиб, қўлимдан маҳкам ушлади-да, «Кимсан ўзи, қаердан келдинг, тез йўқол», деб урмоқчи бўлди. Ўз юртимда ҳам мусофир эдим ўшанда, жимгина йиғлаб ортга қайтиб кетдим...
Бу нохуш воқеа ҳақида кўп йиллар ўтгач, қадрдон дўстим, таниқли журналист, ўша пайтлари «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси бош муҳаррири бўлган Аҳмаджон Мелибоевга айтиб бердим. У киши оғир изтиробга тушди ва газетада жиддий танқидий мақола эълон қилганидан кейин Гарвадаги бузди-буздилар тўхтатилди. Ҳозир эса зиёратгоҳ бўлса арзийдиган тепалик кўпчиликнинг эсидан ҳам чиқиб кетди. Барибир ноумид эмасман, ўз бағрида тарих сирлари кўмилган бу табаррук жой қачонлардир обод бўлажак!
– Яна бир тарихий воқеа ҳақида айтиб берсангиз: сизлар Афғонистонда муҳожиротда яшаган маҳал отангиз Бухородан қочиб кетган Амир Саид Олимхон билан кўришган экан, шу ростми?
– Рост, албатта. Бундан аввал бобомиз Асомиддинхўжа бошига тушган мусибатни айтиб берайин. У пайтда Кобулда яшардик. Турли чақув ва туҳматлар билан аввал отамни, кейин бобомизни афғонлар қамоққа олишади. Ишонасизми, ҳеч кўз олдимдан кетмайди, отам беш йилча бўйнида занжир билан уй қамоғида яшади, бобомни эса заҳарлаб ўлдириб юборишади...
Дарвоқе, Амир Олимхон билан учрашуви ҳақида отамдан эшитганман. Айтишларича, Кобулдан ўн чақиримча узоқликдаги амир оиласи ва унинг ҳамроҳлари учун инъом этилган Қалъаи Фотуҳ боғида яшаган. Отам билан кўришганида Саид Олимхон амирликда рўй берган талотумлар, туркийларнинг бирлашмагани Туркистонни парчалашга сабаб бўлиб, алалоқибат бу бўлиниш чор армиясига қўл келгани, айниқса, ўзининг амирликдаги жадидлар партияси – «Ёш бухороликлар» йўлига ғов бўлгани, янгича ислоҳотларни умуман қабул қилолмагани жиддий хатоликларга дучор этганини афсус-надомат билан сўзлайди...
– Собиржон ака, келинг, энди бугунга қайтайлик. Салкам ярим асрки, Туркияда яшаяпсиз. Мустақиллик даврида, айтиш мумкинки, кейинги беш-олти йил ичида бу қондош давлат билан ўзаро борди-келдилар, турли соҳалардаги ҳамкорликларимиз янада кучайди. Шахсан менинг ўзим ҳам икки марта бу, туркий халқларни ўз бағрига оҳанрабо янглиғ тортгувчи гўзал диёрга саёҳат ва зиёратга бориб келдим. Хўш, сиздай бир табаррук ёшдаги инсон икки қардош давлат ўртасидаги ишончли ҳамкорлик алоқаларини қандай баҳолайди?
– Гурунгимиз орасида айтдим сизга, бу йил она Ватанимга ўттиз учинчи марта келиб кетяпман. Аёлим Ҳафизахон ҳам тўқсонни қоралаб қолди. У ҳам қачон Ўзбекистонга бораман, десам, кўзлари мўлтираб туради, қанийди, соғлигим кўтарса, она тупроқни кўзларимга тўтиё айлар эдим, деб хўрсинади. Фарзандларим эса биздан кўра жаҳонгаштароқ, шундоғам дунёни айланиб юрибди. Ҳар куни боғланиб, таассуротларимни айтиб бераман.
Меҳмоннинг келиши осон, кетиши қийин дейдилар-ку, шу маънода менинг юртга қадам ранжида қилишим қариндошларим, дўст-биродарларим учун ўзгача байрамга айланади. Авваллари озгина оворагарчиликлар бўларди, тўғрисини айтишим керак-да. Шавкат Мирзиёев президентликка сайлангач, Ватан дарвозалари кенгроқ очилганига гувоҳман. Туркия билан Ўзбекистон ҳамкорлигида жуда кўп қўшма корхоналар очилди, туркиялик сармоядорлар иштирокида саноат, тўқимачилик, қурилиш соҳаларига катта инвестициялар киритиляпти. Ёки айни пандемия кучайган пайтда Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси шафелигида «Хавфсиз туризм» лойиҳаси асосида юзлаб журналистлар, ижодкорлар бу жаннатмонанд ўлкага саёҳат қилишди. Ҳозир эса икки давлат ўртасида туризм ривожлантириш бўйича қатор истиқболли лойиҳалар амалга ошириляпти.
Эътироф этсам арзийди, юртимда ўнлаб китобларим чоп этилди, минглаб ўқувчиларим бор. Қаерга борсам, қучоқ очиб кутиб олишади, иззат-икром кўрсатишади. Бундан ортиқ яна қандай эҳтиром керак менга. Тилагим, икки давлат ўртасидаги қардошлик, дўстлик, биродарлик кўприги ҳамиша мустаҳкам бўлаверсин! Бу тупроқда мен ўзимни меҳмонман, деб ҳис қилмайман, мезбонман. Яна шуни ҳам айтишим керакки, етмиш йилдан ошди Туркияда умргузаронлик қилаётганимга. Бу мамлакатда инсон қадрига муносабат масаласи жуда юксак даражада шаклланган. Дунёнинг қанча ўлкаларини кўрдим, зиёрат қилдим. Лекин бирор жойда Туркия ва Ўзбекистонимдагидек эъзоз ва эҳтиромни кўрмадим. Оғир замонларда биз каби мусофирларга бағрини очган, нон-туз, ризқ-насиба, жой берган турк халқига бир умр таъзим қиламан!
– Ўзбек зиёлилари, ёзувчи-шоирларидан Мирзакалон Исмоилий, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Жамол Камол, Нурали Қобул, Маҳкам Муҳамедов, Аҳмаджон Мелибоев, Абдусаид Кўчимов, Сирожиддин Саййид, Рўзибой Қўлдошев билан оға-инидек бўлиб кетгансиз...
– Дарвоқе, неча ўн йилларки, қўлимдан келгунича бошимдан ўтган хотираларни қоралаб юраман. Кўпчилик қаламкашлар билан салом-алигим бор. Бир замонлар Одил Ёқубовнинг «Улуғбек хазинаси»ни туркчага таржима қилдим ва Азиз Несин билан бу асар ҳақида гаплашдик. У билан жуда қалин дўст эдик. Аммо довруғи баланд бўлгани, вақти тиғизлиги боис ёзувчини топиш, гурунглашиш ҳар кимга ҳам насиб этавермасди. Лекин мен билан кўришишга имкон топарди ҳар қандай вазиятда ҳам. Азиз Тошкентга келганида телевизорга интервью берган ва гапининг орасида «Улуғбек хазинаси» ҳақида гапириб, мен Собир Сайхоннинг китобини чиқараман, деб ваъда қилган экан. Аммо ҳалигача билмайман, турли баҳоналар билан ўша китоб чоп этилмади. Орада Азиз Несин ҳам дунёдан ўтиб кетди. Кейин бу таржимани Туркияда яшайдиган ватандошимиз, давлат арбоби Аҳад Андижонийга бердим. Унинг ҳам қўлидан келмади...
– Нега энди, ўша даврларда баъзи тушунмовчиликлар сабаблими ёки Одил Ёқубов ҳақида у ёқдаям бирор гап бўлганмикан?
– Балки, ким билади, Улуғбек бобомизни советлар хуш кўрмагани учунми ёки менинг ўзимда бирор «савол» бўлганми, номаълум...
– Сўнгги саволим: паспортингизда туғилган жойингиз Туркистон деб битилган экан. Ҳозир бундай ҳудуд ер юзида йўқ, фақат айрим манбалар, шаҳар ва қишлоқлар номидагина сақланиб қолган-ку?
– Бизнинг авлод-аждодимиз ота юртдан бадарға бўлиб кетган маҳаллари Туркистон деган улуғ ном остида туркий халқлар фарзандлари бирлашган, муштни бир жойга қўйиб, миллий озодлик йўлида жон олиб, жон берган. Минг афсуски, ўша даврда эрк бўғилган, миллат ойдинлари, жадид ватанпарварлари қатағон қилинган, халқнинг ҳақ-ҳуқуқлари аёвсиз топталган, хуллас, юқоридаги атама босқинчиларни қўрқувга солган ва у ёғини бутун дунё билади бугун...
Мен юрагимда яшаётган бу муборак номни инсонлигимни исбот этувчи бош ҳужжатимга муҳрлатишга муваффақ бўлган ягона ўзбек, туркий миллат фарзанди бўлсам керак деб ўйлайман. Яна бир нарса, менинг тахаллусим Собир Сайхон бўлиб кетган, аслида Сайхун бўлиши керак эди. Яъни, ўзимизнинг Жайхун ва Сайхунга ишора бўлсин, деганман. Кўрмайсизми, биз томонларда ҳам сизлардагидек ҳужжатларни чалкаш ёзадиганлар бор-да. Тушунмагани учун Сайхон деб қўя қолган. Аммо Туркияда ҳам Сайхон ва Жайхон деган дарёлар борлиги учун шундай ёзиб юборгандир, деб ўзимга баъзан таскин бераман. Туркистон эса ҳаммамизнинг юрагимизга, қонимиз ва жонимизга битилган абадий битикдир.
Норқобил Жалил гурунглашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter