АҚШ Исроилга яна ўн минглаб ажал қуролларини тақдим этмоқда
Айрим зиддиятли нуқталарга қарамай, Трамп Нетаняҳуни қатъий қўллаб келмоқда.
АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Исроилга умумий қиймати 2,8 миллиард долларга тенг оғир вазнли авиация бомбаларини етказиб беради.
The Washington Post хабар беришича, Вашингтон яҳудий давлатига MK-84, BLU-117 ва I-2000 Penetrator русумли бомбалардан 20 минг донадан тақдим этади.
Газета Исроил Ғазо ва Ливанда аҳоли зич ҳудудларда оғир вазнли бомбаларни кўп бора қўллагани, тинч аҳоли орасидаги ўлимлар эса танқидларга сабаб бўлганини эслатган.
2024 йилда Жо Байден маъмурияти Ғазода қўлланиши эҳтимоли сабаб Исроилга оғир вазнли бомбаларни етказишни вақтинча тўхтатган, Трамп 2025 йил январда ҳокимиятга келгач, бу тақиқни бекор қилган эди.
Қурол етказилиши ҳақидаги хабарни Euronews ҳам тасдиқлаган. Телеканал бир неча миллиардлик олди-сотди АҚШнинг Исроилга ҳарбий кўмак дастури ҳисобидан, яъни америкалик солиқ тўловчилар чўнтагидан молиялаштирилишини маълум қилган.
Исроил ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан 2023 йил 7 октябр куни Ғазо секторига бостириб кирганидан буён қирғинбаротда 73 700 дан зиёд фаластинлик, жумладан, минглаб болалар ва аёллар ҳалок бўлди.
Ғазо секторида Исроил бомбардимонларида ҳалок бўлаётган тинч аҳоли сони ошиб бораётган бир пайтда халқаро ташкилотлар АҚШдан яҳудий давлатига қурол етказишни тўхтатишни талаб қилмоқда. Жумладан, Oxfam ҳамда Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Исроил бомбардимонларида минглаб фаластинлик тинч аҳоли вакиллари ўлдирилганини қайд этиб, Тел-Авив Вашингтон томонидан етказилаётган қуроллардан халқаро ҳуқуқ меъёрлари доирасида истифода этишини савол остига олган.
Қўшма Штатлардаги таниқли сиёсатчилардан бири, сенатор Берни Сандерс кўп миллиардлик кўмак беришдан аввал Нетаняҳу маъмурияти зиммасига тинч аҳоли ўлимини камайтириш борасида мажбурият юклашни талаб қилган.
Аввалроқ Давлат департаментининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича бюроси директори Жош Пол Вашингтоннинг Исроилга ҳарбий кўмакни ошириш ҳақидаги қарорига норозилик ифодаси сифатида ўз ихтиёри билан истеъфога чиққан эди. 11 йил давомида масъул лавозимда ишлаб келган Ж.Пол ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумини қоралагани ҳолда, ҳозирги вазиятда яҳудий давлати тутаётган сиёсат ва АҚШ уни қўллаб-қувватлаётгани хато эканини таъкидлаган.
Жаҳон матбуоти хабарига кўра, халқаро ҳамжамият эътирозига қарамай, АҚШ Исроилни гоҳ ими-жимида, гоҳ ошкора қуроллантиришда давом этмоқда.
2024 йил август ойида Байден маъмурияти Исроилга 20 миллиард долларлик қирувчи учоқлар ва ҳарбий техника олди-сотдисини тасдиқлаган.
Оқ уй 2024 йил май ойида мамлакат қонун чиқарувчи идорасини Исроилга 1 миллиард доллардан зиёд миқдорда қурол-аслаҳа етказиш режасидан хабардор қилган.
Трамп маъмурияти ҳам Исроилни 2025 йили 3 миллиард, жорий йил январда эса 6,67 миллиард доллар миқдорида ажал қуроллари билан сийлаган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter