Саудия Арабистони Исроилдан ёрдам сўради
Яманда ҳусийлар ҳаракатининг позицияси кучайиши фонида Саудия Арабистони Исроилдан кўмак сўради. Мазкур сўров ижобий ҳал этилган.
Исроилнинг Walla News нашри хабар беришича, Саудия Арабистонининг cўрови ортидан Исроил унга ҳусийлар ҳаракатига оид разведка маълумотларини тақдим этган.
Расман дипломатик муносабат ўрнатмаган икки давлат ўртасидаги алоқалар АҚШ Қуролли кучлари марказий қўмондонлиги орқали амалга оширилган.
Сўнгги вақтларда Ямандаги ҳусийлар ҳаракати Саудия Арабистонига ҳужумлар уюштирмоқда. Дрон ҳужумлари оқибатида подшоҳликнинг “Шарқ–Ғарб” қувури орқали нефт экспорти тўхтатилган. Ушбу қувурнинг ўтказувчанлик қуввати суткасига 7 миллион баррелни ташкил этади.
Ҳусийлар Қизил денгиздаги бир қатор стратегик муҳим оролларни эгаллаган ва Саудия кемаларининг Боб ал-Мандаб бўғози орқали ўтишини ман этган.
Риёз ҳукумати Қизил денгизда кема ҳаракати буткул ёпилишидан хавотирда.
Ҳусийлар ҳарбий ҳаракатлар давом этса, Саудия Арабистони ҳудудига янги зарбалар бериш билан таҳдид қилган.
Телеграмдаги «Strategic Focus: Central Asia» канали ҳам Саудиянинг АҚШ ва яҳудий давлатидан кўмак сўрашини ҳусийларнинг ҳужумлари ва Боб ал-Мандаб бўғозидаги позицияларини мустаҳкамлаши билан изоҳлаган.
«Бироқ бу ерда яна бир муҳим геосиёсий хавотир пайдо бўлмоқда. Минтақадаги айрим давлатлар АҚШ Эрон ва ҳусийлар билан алоҳида келишувга бориши мумкинлигидан хавотирда. Бундай сценарийда Вашингтон минтақадаги эскалацияни камайтириши мумкин, аммо Саудия Арабистони ва бошқа давлатлар ҳусийлар томонидан сақланиб қолаётган ҳарбий таҳдид билан ёлғиз қолиши эҳтимоли мавжуд. Шу сабабли Риёз учун Исроил билан разведка ҳамкорлиги фақат ҳусийларга қарши тактик чорага эмас, балки АҚШнинг Эрон билан эҳтимолий келишуви шароитида қўшимча хавфсизлик кафолатларини шакллантиришга уриниш сифатида ҳам кўрилиши мумкин. Айниқса, Исроилнинг Эрон ва Ҳўрмуз бўғози ҳудудидаги разведка салоҳияти Саудия учун муҳим аҳамият касб этмоқда», — деб ёзди «Strategic Focus: Central Asia».
Араб давлатлари, жумладан, Саудия Арабистони расман Ғазо секторидаги урушни қоралаган бўлса-да, АҚШ кўмагида Исроил билан хавфсизлик жабҳасида ҳамкорликни кенгайтириб келди.
Аввалроқ The Washington Post газетаси Исроил ҳамда олти араб давлати (Баҳрайн, Миср, Иордания, Қатар, Саудия Арабистони ва БАА) АҚШ воситачилигида Минтақавий хавфсизлик тузилмасини ташкил қилгани ҳақида хабар берганди.
Axios нашри ҳам парда ортида яширин мулоқот ва ҳамкорлик давом этаётганини тасдиқлаганди.
Германиянинг Bild нашрига кўра эса, Араб давлатлари лигаси ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилоти томонидан Ғазода минглаб тинч аҳоли вакиллари ўлимига сабаб бўлаётган Исроилга қарши амалий чоралар кўриш таклифига Саудия Арабистони, Миср, БАА, Иордания, Баҳрайн, Судан ва Жибути қарши чиққанди.
Таҳлилларга кўра, Исроил айни пайтда Яқин Шарқнинг минтақавий архитектурасини қайта қуришга интилмоқда. Гап фақат бугунги ҳарбий таҳдидларни бартараф этиш ҳақида эмас, балки Яқин Шарқнинг келажак сиёсий ва иқтисодий модели ҳақида кетмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter