Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Европа энергетика харитасида ўзгариш ясаши кутилаётган йирик тизим фойдаланишга топширилди

Европа энергетика харитасида ўзгариш ясаши кутилаётган йирик тизим фойдаланишга топширилди

Болгария раҳбари Р.Радев ва Озарбайжон президенти И.Алиев.

Фото: AZERTAC

1 октябрь куни Болгария пойтахти София шаҳрида йирик газ қувури расман фойдаланишга топширилди. Греция–Болгария қувури (IGB) Озарбайжон газини Европага етказиши ва кўҳна қитъа энергетика харитасида ўзгариш ясаши кутилмоқда.

Йирик иншоотнинг ишга туширилишида иштирок этган Озарбайжон президенти Илҳом Алиев янги лойиҳа Европанинг энергетика хавфсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

«Энергетика хавфсизлиги ҳар бир мамлакат миллий хавфсизлигининг таркибий қисми саналади. Дунёдаги ҳозирги геосиёсий вазият буни яна бир карра тасдиқламоқда», — деган Илҳом Алиев. 

Озарбайжон раҳбари унинг мамлакати Европага газ етказиш борасида ишончли ҳамкор бўлиб қолишини қайд этган.

Ўтган йили Озарбайжон хорижга 19 миллиард кубометр газ экспорт қилган бўлса, унинг 8,2 миллиарди Европа ҳиссасига тўғри келган. Бу йил эса Европага газ етказиш кўрсаткичи 11,5 миллиард кубометрга оширилмоқда.

Газ етказиш тизимининг очилиш маросимида қатнашган Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен эндиликда Болгария ва Жануби-Шарқий Европада янги давр бошланаётганини таъкидлаган.

«Бундай лойиҳалар туфайли Европа қишда етарли газга эга бўлади. Биз мазкур мақсад рўёби йўлида ўтган ойларда қаттиқ меҳнат қилдик. Россия газидан воз кечиб, ишончли ҳамкор топиш йўлида қадам ташладик»,деди Еврокомиссия раҳбари.

Россиянинг Украинага босқини сабаб Европа газ таъминотида муаммолар юзага келиши хавфи ортмоқда. Шу сабаб кўҳна қитъа муқобил газ таъминоти йўлларини қидирмоқда. Бу борада эса Озарбайжон мақбул вариантлардан бири ўлароқ кўрилмоқда.

Европа минтақа давлатлари билан ҳамкорликда, Россияга қарамликни камайтириш мақсадида, Жанубий газ коридори лойиҳасини амалга оширмоқда. Мазкур йирик лойиҳа Жанубий Кавказ (SCP), Трансанатолия (TANAP) ҳамда Трансадриатика (TAP) каби уч йирик газ етказиш тизимини бирлаштиради. Озарбайжондан Италия қадар, 3500 километрга чўзилган газ қувурлари Европанинг энергетика хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Жорий йил 18 июль куни Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен энергетика соҳасида стратегик ҳамкорликка оид англашув меморандумини имзолагани ҳақида хабар бергандик.

Янги битимга мувофиқ Жанубий коридор орқали Европага газ етказиш ҳажми 2027 йилда 20 миллиард кубометргача оширилади.

Эслатиб ўтамиз, президент И.Алиев Испания матбуотига берган интервьюсида Озарбайжоннинг тасдиқланган табиий газ захираси 2,6 триллион кубометр экани, бу ички ва ташқи эҳтиёж учун камида 100 йилга етишини маълум қилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг