Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Газета тарқатувчиликдан компания раҳбарлигигача: Швециядаги тадбиркор ҳикояси

Газета тарқатувчиликдан компания раҳбарлигигача: Швециядаги тадбиркор ҳикояси

«Хориждаги ватандошлар»да бу сафарги суҳбатдошимиз Швециянинг «Evroasia AB» компанияси директори Музаффар Ҳожиматов бўлди. Қаҳрамонимиз Андижон вилоятида туғилган.

Самарқанд, Бухоро, Қўқон ва Марғилон бозорларига борардик

1979 йили Андижонда туғилганман. Болалигим жуда қизиқарли ўтган. Шаҳардаги 11-ўрта мактабда ўқидим. Мактаб даврлардан савдо-сотиққа қизиққанман ва шу сабабли амакиларим билан бозорга чиқиб турардим. Ёзги таътилларда улар билан бирга Самарқанд, Бухоро, Қўқон ва Марғилон бозорларидан автомобил эҳтиёт қисмларини олиб келиб, Андижон бозорларида сотардик.

Қолаверса, чим устида хоккей ва бокс билан икки йил шуғулланганман. Лекин савдогарлик спортдан қизиқарлироқ туюлиб, кейинчалик спорт тўгаракларини тарк этдим.

Иқтисодиёт ва молия ҳар қандай жамият ҳаётининг асосидир. Молиявий саводхонликсиз ҳеч бир давлат ва жамият мавжуд бўла олмайди. Шунинг учун Андижон муҳандислик-иқтисодиёт институти (ҳозирги Андижон машинасозлик институти) молия ва кредит йўналишини отамнинг маслаҳатлари билан танлаганман. Дадам «Наврўз» фирмасида бош ҳисобчи бўлиб ишлаган ва яхши таълим келажагим пойдевори эканлигини кўп бор таъкидлаганлар.

2000 йили бакалаврликни тамомлаб, бир муддат банк секторида фаолият юритдим. 2004 йили янги фирмам — «Ibratli Savdo LTD» номи остида автомобил эҳтиёт қисмлари савдоси билан шуғуллана бошладим. 3 та дўконим бор эди ва даромад ҳам яхши бўлган.

Бир йил давомида швед тилини ўргандим

Дунё кезиш ва ривожланиш мақсадим туфайли 2007 йили Швецияга кўчиб ўтдим ва 1 йил давомида швед тилини ўргандим. 2009 йилдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятимни бошладим. Ишим таъмирлаш ва одамларга уйлардан кўчишга кўмаклашиш эди.

2013 йили якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятим — «Evroasia Transport AB» — транспорт ва почта жўнатмалари билан ишлайдиган компанияга айланди.

Мамлакат ҳақида тўхталадиган бўлсам, бу ерда таълим сифати юқори, ўқув муассасалари тўлиқ ёки қисман давлат бюджетидан молиялаштирилади. Университетларда инглиз тилидаги дастурлар кўплиги Швецияга бутун дунёдан талабаларни жалб қилиш имконини берган.

Бундан ташқари, Швецияда талабаларнинг ўқиш, тураржой харажатлари ва уларнинг тиббий суғуртасини ўз ичига олган стипендия дастурлари мавжуд.

Швецияда ишлашнинг энг катта афзаллиги бу — ишчиларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий хавфсизликлари таъминланганлиги. Касаба уюшмалари билан иш берувчилар ҳамкорликни яхши йўлга қўйган.

Швеция иш биржаси «Arbetsformedlingen»нинг ёшларни иш ҳаётига қадам қўйишларида ҳиссаси катта.

«Ёшлар учун иш кафолати» бу — 25 ёшгача бўлган ёшлар учун дастур. Уларга иш топиш, иш амалиётини ташкил қилиш ёки таълим ва касбий масалалар бўйича маслаҳат беришда ёрдам беради

Бундан ташқари, «Янги старт» дастури мавжуд бўлиб, унга кўра узоқ муддат ишсиз қолган одамни ишга олгани учун иш берувчига давлат компенсация тўлаб беради. Яъни бу компенсацияни тўлаш Швеция давлат солиқ идораси билан иш берувчининг солиқ ҳисобини кредитлаш орқали амалга оширилади. Бизнинг фирмада ҳам шу дастур бўйича ишга қабул қилинганлар бор. Бу аввал ҳеч қаерда расман ишламаган ёшлар бўлиб, уларнинг иш ҳақларини давлат 2 йил мобайнида иш берувчининг солиқ ҳисоб рақамига тушириб беради, яъни фирмамиз тўлаши керак бўлган солиқ миқдори шу суммага камайтирилади.

Ватандошларимизга ўзбек тилида хизмат кўрсатамиз

Ҳозир «Evroasia» номли компания фаолиятини олиб боряпман. Стокголмнинг турли ҳудудларида жойлашган учта офисимиздан ватандошларимиз Ўзбекистон ва бошқа давларларга пул жўнатмалари юборишлари ва қабул қилишлари мумкин. Бундан ташқари, валюта айирбошлаш ва дунёнинг барча давлатларига юк жўнатиш билан ҳам шуғулланамиз. Ватандошларимизга ўзбек тилида хизмат кўрсатамиз, офисдаги ишчиларимизнинг аксарияти ўзбеклар. Компанияда бошқарувчи бўлиб ишлайман ва ҳамкорлар билан шартнома имзолашдан бошлаб то мижозларга хизмат кўрсатишгача назорат қиламан ва барча босқичларида иштирок этаман.

Халқаро пул ўтказмалари билан шуғулланувчи RIA Finacial, Smallworld, Moneygram фирмалари билан шартномалар имзолаганмиз. Логистика соҳасида эса DHL, Postnord, BestTransport ва Fedex компаниялар билан ҳамкорлик қиламиз. Европанинг бошқа давлатларида ҳам филиалларимизни очиш ҳаракатидамиз.

Шведлар ўз тилида гапиришни яхши кўришади

Швециянинг дунёдаги ҳар қандай бошқа мамлакатлар каби, афзалликлари ва камчиликлари бор.

Бу ердаги ҳаёт тарзи албатта, дунёқарашимни ўзгартирди. Мен мустақилроқ бўлдим, чунки бу ерда ота-онам, дўстларим ва танишлар йўқ эди. Бир вақтнинг ўзида ҳам тил ўрганишим ва барча ишларни ўзим қилишим керак бўлди.

Яхши тарафлари: яхши мутахассисларнинг ишлаши учун имкониятлар кўп, давлат томонидан фирмалар ва тадбиркорларнинг сабабсиз текширувлари йўқ, фирма очиш жуда осон, мижоз топиш каналлари ривожланган.

Қийинчиликлари: швед тилини билиш керак, боиси, шведлар ўз тилида гапиришни яхши кўришади. Рақобат кучли, ижара, солиқлар баланд ва асосийси ватан, оила ва қариндошлар соғинчи бор. Швеция яшаш учун қиммат давлатлардан бири эканлиги билан ҳам ажралиб туради.

Шаҳар марказига автомобилда киришга тўлов тўланади

Швеция дунёдаги энг рақобатбардош иқтисодиётлардан бири. Мамлакат ўзининг кучли ишбилармонлик муҳити, глобал рақобатбардошлиги ва инновацияларга чанқоқлиги билан машҳур. Бунинг асосий сабабларидан мамлакатнинг эркин бозор муҳити ва юқори даражада ривожланган таълим тизимида, деб ўйлайман.

Қолверса, ҳукумат биотехнология ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш каби соҳаларда ўсишни рағбатлантириш учун фаол сармоя киритмоқда. Нефт маҳсулотлари ва автомобиллар — мамлакатнинг асосий экспорт товарлари. Volvo, Saab, Scandia каби дунёга танилган брендлар айнан шу ерда ишлаб чиқарилади. Эътиборлиси, акциядорлик жамиятлари ва бошқа йирик ташкилотларнинг йиллик ҳисоботларини Швециядаги хоҳлаган одам кўриб чиқиши мумкин.

Шведлар жиддийлиги, пухталиги, тиришқоқлиги ва одоблилиги билан ажралиб туради. Ва улар бу сифатларнинг барчасини ҳамкасблари ва бизнес ҳамкорларида ҳам кўришни хоҳлашади.

Яна бир муҳим маълумот, бу ерда энг кам иш ҳақининг миқдори белгиланмаган, лекин касаба уюшмалари индивидуал тармоқлар ва иш турлари учун стандартини белгилайди ва иш берувчиларга ўз шартларини қўйиши мумкин. Иш берувчилар иш ўрнини тугатишда маълум расмий қоидаларга риоя қилишлари керак ва ўз хоҳиши билан ишчиларни ишдан бўшата олмайди. Шахсан менга бу иш берувчининг ҳақ-ҳуқуқлари камроқ ҳимоя килингандай кўринади.

Швеция, айниқса, Стокголм ва Гётеборг каби йирик шаҳарларда яшаш харажатлари қиммат. Бундан ташқари, кундалик турмушимизда ҳам турли тўловлар қилинади. Автотураргоҳ, шаҳар марказига автомобилда кириб чиқишга, автомобил эгалари учун тўлов ундирилади. Ҳар бир харид килинган маҳсулот ва хизмат учун ҳам 25 фоиз ҚҚС солиғи тўланади.

Узоқ вақт мамлакатимиз «ёпиқ» давлат бўлиб келган

Ўзбекистон бозори ҳам жадал ривожланмоқда: билишимча, сўнгги 4 йил ичида мамлакат иқтисодий ўсиши 24 фоизни ташкил этди. Лекин шунга қарамай, Ўзбекистонда ҳали халқаро гигант компаниялар сони жуда кам. Чунки узоқ вақт мамлакатимиз «ёпиқ» давлат бўлиб келган.

Бизнесдаги асосий муаммолардан бири — бу инвестициялар. Ўзбекистон фирмаларида инвестиция ресурслари етарли деб бўлмайди. Маҳаллий инвесторлар ҳам ҳар доим янги нарсаларга очиқ эмаслар, танимаган одамларга пулларини беришга ишончлари йўқ. Уларнинг ишончини қозониш учун тадбиркорлар пухта бизнес-режалар ишлаб чиқиши ва барча харажатлар ва олинадиган фойдаларни очиқ-ойдин ҳисоблаб, исботлаб бериши керак.

Мамлакатимиз бизнес муҳитиининг яна битта камчилиги бу — малакали кадрлар ва яхши мутахассисларнинг етишмаслиги. Ўзбекистонда очиладиган компаниялар қисқа вақт ичида ходимлар йиғиши лозим ва бу осон кечмайди. Чунки дунёда кенг тарқалиб ишлатилаётган усул ва технологиялар билан таниш бўлган мутахассислар кўп эмас. Бунга сабаб деб мустақилликнинг дастлабки 10–20 йилларидаги таълим сифати пасайиб кетганлигида, деб ўйлайман. Ҳамма ўзини савдога урди, мактаб ва институтлардан тажрибали кадрлар кетиб қолишди ва шунинг натижасида таълим сифати жуда пасайиб кетган. Бу муаммонинг ечимларидан бири ходимларни мустақил равишда тайёрлаш ёки четдан жалб қилиш.

«Ўткан кунлар» романини тавсия қиламан

Афсуски, сўнгги йиллар ишда банд бўлганлигим сабабли китоб ўқиш ёки фильм кўришга деярли вақтим йўқ. Ҳар куни жаҳон янгиликларидан хабардор бўлиб туришга ҳаракат қиламан ва фильм томоша қилиш ўрнига оилам билан мулоқот қилиш ва болалар тарбияси билан шуғулланишни муҳимроқ ҳисоблайман.

Аммо мен ўзимга ёққан асарлардан баъзиларини тавсия қилишим мумкин ва бу асарлар нашрингиз ўқувчилари учун ҳам қизиқарли бўлишига умид қиламан.

Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи. Ушбу китобни барча ўқиши зарур. Унда миллий анъаналар образи, тасвирланган воқеаларнинг тарихий илдизлари, янги ва эски авлод қаҳрамонларининг ўзига хослиги кўрсатилган. Дейл Карнегининг «Дўст орттириш ва одамларга таъсир кўрсатиш» китоби. Худойберди Тўхтабоевнинг «Сариқ девни миниб» романи.

Европа – Ўзбекистон логистика хизматини йўлга қўймоқчиман

Швецияга келган йилим бир вақтнинг ўзида тил курсларида ўқиб ҳайдовчилик қилганман, газета ҳам тарқатганман. Интернет туширадиган фирмада ишлаётганимда бундай яшашда давом этишни хоҳламадим ва хусусий фирма очдим. Фирмада логистика билан шуғулланганман. Фирмам қиладиган ишлар қаторига мижозлар илтимослари билан квартира таъмири ва боғбонлик ҳам қўшилди.

Бугунги кунда Европа давлатлари бўйлаб юк ташишга рухсат берувчи лицензиямиз бор ва келгусида Европа ва Ўзбекистон ўртасида логистика хизматларини йўлга қўйиш режам бор.

Бундан ташқари, яна мақсадларим сирасига компаниямизнинг филиалларини Европанинг барча давлатларида очиш ва у ердаги ўзбекистонликларга ҳам хизмат кўрсатиш, Ўзбекистонда етиштириладиган қуруқ мева маҳсулотларини Европа бозорларига олиб кириш, шунингдек, қаерда яшасам ҳам халқимизга хизмат қилиш ва ўзбеклар номини дунёга танитиш.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг